Жаҳон | 11:16
694
3 дақиқада ўқилади

РФдан Европага қувур орқали газ экспорти 44 фоизга камайди

«Газпром»нинг Европага хомашё етказиб бериш ҳажми 18 млрд куб метргача қисқарди — бу 1970-йиллар ўрталаридан бери энг паст кўрсаткич, деб хабар берди Reuters агентлиги. Европа Иттифоқида Россиядан газ импортини босқичма-босқич тўхтатиш бўйича регламент амал қилади.

Фото: TASS

Россиядан Европага қувур орқали табиий газ экспорти 2025 йилда 44 фоизга камайиб, 1970-йиллар ўрталаридан бери энг паст даражага тушди. Бу ҳақда сешанба, 30 декабр куни Reuters агентлиги хабар берди.

Европа Иттифоқи Кенгаши ва Европарламент 3 декабр куни REPowerEU режаси доирасида Россия табиий газини 2027 йилгача импорт қилишдан босқичма-босқич воз кечишни назарда тутувчи регламент бўйича дастлабки келишувга эришди.

Россиянинг «Газпром» корпорацияси билан Украинанинг «Нафтогаз»и ўртасидаги транзит келишуви 2025 йил 1 январ куни ўз амал қилиш муддатини якунлади, шундан сўнг Киев Россия газини ўз ҳудуди орқали узатишни тўхтатди. Шу сабабли 2025 йилда «Газпром»нинг Европага қувур орқали етказиб бериш ҳажми 18 млрд куб метргача қисқарди. Entsog (Европанинг газ ташиш бўйича гуруҳи) маълумотларига кўра, хомашё асосан «Турк оқими» орқали келиб тушган.

Россия ЕИга танкерлар орқали суюлтирилган табиий газ (СТГ) ҳам экспорт қилади ва етказиб бериш ҳажми бўйича АҚШдан кейин иккинчи йирик таъминотчи бўлиб қолмоқда.

Брюссел режасига кўра, 2025 йил 17 июнгача Россиядан газ етказиб бериш бўйича тузилган қисқа муддатли шартномалар учун импорт тақиқи: СТГ бўйича — 2026 йил 25 апрелдан, қувур орқали газ бўйича — 2026 йил 17 июндан кучга киради.

СТГни етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномалар учун тақиқ 2027 йил 1 январдан амал қила бошлайди — ЕИнинг 19-санкциялар пакетига мувофиқ.

Қувур орқали газ бўйича узоқ муддатли шартномалар эса босқичма-босқич бекор қилинади: 2027 йил 30 сентябрдан бошлаб (газ захиралари бўйича мақсадли даражаларга эришилган бўлиши шарти билан), аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам 2027 йил 1 ноябрдан кечиктирмасдан. Украинадаги уруш бошланишидан олдин Россиядан етказиб берилган газ ЕИнинг умумий газ импортининг тахминан 45 фоизини ташкил этган.

Тақиққа риоя этилишини таъминлаш учун ЕИ импорт бўйича олдиндан рухсат тизимини жорий қилади. Россия газига нисбатан рухсат олиш учун зарур ахборот етказиб беришдан камида бир ой олдин тақдим этилиши керак.

Олдиндан рухсат бериш тартиби қуйидагиларга нисбатан қўлланмайди: 2024 йилда ЕИга 5 млрд куб метрдан зиёд табиий газ экспорт қилган газ ишлаб чиқарувчи мамлакатлардан импортга; Россиядан газ импорт қилишни тақиқлаган ёки чеклаган давлатлардан импортга; газ импорт қилиш учун инфратузилмаси бўлмаган мамлакатлардан импортга.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид