Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дунёнинг энг йирик инвестори Уоррен Баффет лавозимини тарк этади
95 ёшли миллиардер Berkshire Hathaway компанияси раҳбарлигини топширади.
Инвестор Уоррен Баффет Berkshire Hathaway инвестиция компанияси бош директори лавозимини тарк этмоқда, деб хабар берди NBC News.
Компаниянинг янги бош директори илгари энергетика бўлимини бошқарган 63 ёшли Грег Абел бўлади.
Berkshire Hathaway бошқа корхоналарни сотиб оладиган ва бошқарадиган йирик Америка компаниясидир. У 1839 йилда тўқимачилик фабрикаси сифатида ташкил этилган, аммо Баффет уни инвестиция гигантига айлантирди.
Berkshire Hathaway BNSF темир йўл компанияси, Geico суғурта компанияси, шунингдек, машҳур брендлар: See’с Candy, Benjamin Moore, Duracell, Fruit of the Loom, Oriental Trading, Dairy Queen ва Helzberg Diamonds каби турли соҳалардаги компанияларга эгалик қилади ёки йирик улушларга эга.
95 ёшли Уоррен Баффет - дунёдаги энг таниқли ва муваффақиятли инвесторлардан бири. У ўзининг узоқ муддатли инвестиция стратегияси билан шуҳрат қозонди ва кўп йиллар давомида энг бой одамлар қаторига кирди. Унинг бойлиги ўнлаб миллиард долларга баҳоланади.
2024 йилда Berkshire Hathaway капиталлашуви 1 триллион доллардан ошган технология соҳасидан ташқаридаги биринчи Америка компаниясига айланди. Уоррен Баффет The Wall Street Journal нашрига берган интервюсида вафотидан кейин тўплаган бойлиги уч нафар фарзанди томонидан бошқариладиган янги хайрия жамғармасига йўналтирилишини айтган. Жамғарма маблағлари «омади келмаган» одамларга ёрдам беришга йўналтирилади.