Спорт | 22:26 / 01.01.2026
7378
3 дақиқада ўқилади

Габон ҳукумати футбол бўйича миллий жамоа фаолиятини тўхтатди

Миллий жамоанинг Африка Миллатлар Кубогидаги ўта муваффақиятсиз натижалари «шармандали» деб топилди ва мураббийлар билан футболчилар тарқатиб юборилди.

Фото: Getty images

Габон ҳукумати Марокашда бўлиб ўтган Африка Миллатлар Кубогидаги ўта муваффақиятсиз ўйинидан сўнг миллий терма жамоа фаолиятини тўхтатганини эълон қилди. Қарорни Габон спорт вазири вазифасини бажарувчи Симплис-Дезире Мамбула давлат телевидениесида ўқиб эшиттирди ва бу кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Турнирнинг гуруҳ босқичида Габон терма жамоаси учта ўйинда учта мағлубиятга учради ва бирорта ҳам очко тўплай олмади. Жамоа Камерунга 0:1, Мозамбикка 2:3 ва Кот-д'Ивуарга 2:0 ҳисобида олдинда боришига қарамай, якунда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Гуруҳ босқичи якунларига кўра, Габон сўнгги ўринни эгаллади ва плей-оффга чиқа олмади.

Турнир якунлангач, мамлакат расмийлари терма жамоага нисбатан «қатъий ва зудлик билан чоралар кўриш» зарурлигини эълон қилди. Натижада: терма жамоа фаолияти номаълум муддатга тўхтатилди, мураббийлар штаби тарқатиб юборилди, таркибни шакллантириш тамойиллари қайта кўриб чиқилиши, жумладан, бир қатор тажрибали ўйинчилар (жумладан, Пьер-Эмерик Обамеянг ва Бруно Экуэле Манга) хизматидан воз кечилиши мумкинлиги эълон қилинди.

Ҳукумат қарори камдан-кам учрайдиган ҳодисага айланди, чунки давлатнинг футбол ишларига бевосита аралашуви миллий футбол ассоциацияларининг тўлиқ мустақиллигини талаб қиладиган ФИФА қоидаларига зид келади. Анъанавий равишда CAF ҳам шунга ўхшаш позицияни эгаллайди. Конфедерация Габон футбол федерациясидан расмий тушунтириш сўраши, аралашув фактини тан олган тақдирда эса мамлакат терма жамоаси ва клубларини халқаро мусобақалардан вақтинча четлатишгача бўлган интизомий чораларни қўллаши мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Габон ҳукумати бошқарув моделини ўзгартириш ва таркибни янгилаш орқали футбол лойиҳасини қайта ишга туширмоқчи бўлиши мумкин. Аммо бу каби қадамлар терма жамоанинг қитъа ва жаҳон турнирларининг яқин саралаш босқичларидаги иштирокини мураккаблаштириши мумкин.

Габон футбол федерацияси тез орада баёнот бериб, терма жамоанинг ҳуқуқий мақоми ва халқаро майдондаги кейинги тақдирига ойдинлик киритиши кутилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид