Жаҳон | 14:47
1211
3 дақиқада ўқилади

Германия томонидан тўланган икки Patriot ЗРК Украинага етказилди

Германия билан келишувлар туфайли яна икки Patriot мажмуаси Украина шаҳарлари ва инфратузилмасини ҳимоя қилишга қўйилди, деди мудофаа вазири Денис Шмихал. Берлин, шунингдек, Киевга IRIS-T тизимининг тўққизинчи мажмуасини ҳам топширган.

Фото: Jens Büttner/dpa/picture alliance

Украинанинг шаҳарлари ва муҳим инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун яна икки Patriot ҳаво мудофаа мажмуаси жанговар навбатчиликка қўйилди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати 1 январ, пайшанба куни Telegram’да хабар қилди. Мудофаа вазири Денис Шмихал маълумотига кўра, бу Киевнинг Германия ҳукумати билан яқинда эришган келишувлари туфайли амалга ошган.

“Ҳозир Patriot ҲҲМ мажмуалари Украина шаҳарлари ва инфратузилмасини ҳимоя қилмоқда. Энергетика объектлари ва фуқаролик инфратузилмасига қанотли ҳамда баллистик ракеталар билан берилган душман зарбаларидан келадиган йўқотишларни камайтиради”, — дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Декабр ойи ўртасида Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳи йиғилиши очилишида ГФР мудофаа вазири Борис Писториус Киевга икки Patriot ҲҲМ тизими ва яна бир IRIS-T зенит мажмуаси — ҳисоб бўйича тўққизинчиси топширилганини маълум қилган эди.

“Охирги йиғилишдан буён биз Украина ҳаводан мудофаасини сезиларли даражада мустаҳкамладик, жумладан август ойида ваъда қилинган икки Patriot тизимини етказиб бериш орқали — бу норвегиялик ҳамкорларимиз туфайли содир бўлди”, — дея 16 декабр куни Corriere della Sera газетаси ўз сайтида Германия вазирининг сўзларини келтирган.

Ўшанда Писториус 2026 йилда Германия бундесвер захираларидан Украинага “AIM-9 Sidewinder ракеталарининг сезиларли миқдори”ни топширишини ҳам айтган. ГФР “НАТОнинг PURL механизми орқали АҚШ омборларидан биринчи навбатда керак бўладиган қурол ва ўқ-дориларни харид қилиш учун яна 200 млн доллар ажратди”, — деб қўшимча қилган немис мудофаа вазири.

2025 йил июл ойида DW сўровига жавобан ГФР Мудофаа вазирлиги Берлин Украина учун қўшимча икки Patriot тизимини етказиб беришни молиялаштиришга рози бўлганини тасдиқлаган. “Бироқ умуман олганда, гап фақат икки тизим ҳақида эмас: мамлакатда бу тизимларга эҳтиёж катта бўлгани учун ҳамкорлар Украинага иккитадан кўп Patriot етказиб беришни режалаштирмоқда. НАТОнинг бошқа давлатлари ҳам бу ёрдам харажатларининг бир қисмини ўз зиммасига олишга аллақачон розилик берган”, — деган эди ўшанда вазирлик вакили.

У, шунингдек, янги Patriot тизимлари айнан қандай тарзда етказиб берилишига доир қўшимча тафсилотлар ҳали муҳокама қилиниши кераклигини айтган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид