Жаҳон | 09:48
1174
4 дақиқада ўқилади

Украина: Россия 12 апрел куни 55 марта ҳужум қилди

Украина Қуролли кучлари Бош штаби 12 апрел куни Россия Украинага 55 марта ҳужум қилганини билдирди. Пасха муносабати билан эълон қилинган ўт очишни вақтинча тўхтатиш тартиби бузилгани ҳақида Россия томони ҳам хабар берди. Вақтинчалик ўт очмаслик муддати 13 апрелга ўтар кечаси якунланди.

Фото: Francisco Richart Barbeira/NurPhoto/IMAGO

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Telegram-каналида хабар беришича, Россия армияси 12 апрел, якшанба куни Пасха муносабати билан эълон қилинган сулҳни бузган ҳолда Украинага 55 та ҳужум амалга оширган. Ҳарбий идора маълумотига кўра, Суми вилоятидаги чегарага яқин учта аҳоли пункти ҳужумга учраган.

Таъкидланишича, Россия армияси Шимолий-Слобожанск ва Курск йўналишларида аҳоли пунктлари ҳамда Украина Қуролли кучлари позицияларига тўққиз марта ўқ узган. Шунингдек, Жанубий-Слобожанск, Купянск, Константиновск ва Покровск йўналишларида ҳужумлар фронт ҳақидаги ушбу маълумот эълон қилинган пайтда ҳам давом этаётган бўлган.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотига кўра, жами ҳужумлар 11 та йўналиш бўйича содир этилган. Фронтнинг бошқа участкаларида эса “вазиятда ҳозирча жиддий ўзгаришлар кузатилмаяпти”. Идоранинг қайд этишича, “душманнинг олдинга силжишга уринишлари қайд этилмаяпти”.

Украина Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати ҳам 12 апрел эрталаб сулҳ вақтида Харкив вилоятининг Золочев посёлкасидаги озиқ-овқат дўконига дрон ҳужуми қайд этилганини маълум қилди. Идора маълумотига кўра, дрон портлаши натижасида бино ичида ёнғин чиққан, бир эркак ва бир аёл жабрланган.

Бундан ташқари, Суми вилояти ҳарбий маъмурияти баёнотларига кўра, тунда Россия дрони ҳудуддаги тез ёрдам машинасига ҳужум қилган. Зарба оқибатида уч нафар тиббиёт ходими жароҳат олган. Эрталаб Украина Ҳаво кучлари ҳам Суми томон дрон йўл олаётгани ҳақида огоҳлантирган.

11 апрел куни Москва ва Киев вақти билан соат 16:00 дан амал қила бошлаган сулҳ тартиби бузилгани учун ҳар икки томон бир-бирини унинг кучга кирган дастлабки соатларидаёқ айблай бошлаган эди. 12 апрел куни ҳам худди шу ҳолат такрорланди: Россия ҳам Украина томонидан қоидабузарликлар бўлганини маълум қилди.

Жумладан, 12 апрел кечқурун Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков Украина дрони автомобилга ҳужум қилгани оқибатида ҳайдовчи жароҳатланганини билдирган.

“Эркак Ракитянск марказий туман шифохонасига мустақил мурожаат қилди. Унда мина-портлаш жароҳати ва кўкрак қафасининг жароҳати аниқланди. Тиббий ёрдам кўрсатилди, амбулатор даволанишга чиқарилди,” — деб ёзган Гладков ўзининг Telegram-каналида.

Шунингдек, Россия томонидан тайинланган, Херсон вилоятидаги “раҳбар” Владимир Салдо ҳам тунда маъмурий бино ва хусусий уй ўққа тутилганини маълум қилди. Унинг айтишича, жабрланганлар йўқ.

Россия президенти Владимир Путин Украина билан Пасха сулҳини 9 апрел куни эълон қилган эди. Унга кўра, 12 апрел охиригача жанг ҳаракатлари тўлиқ тўхтатилиши керак бўлган.

Украина президенти Володимир Зеленский эса ўз мамлакати “худди шундай жавоб чоралари”га тайёрлигини билдириб, Киев бундан аввал ҳам Пасха байрами даври учун ўт очишни тўхтатишни таклиф қилганини эслатди.

“Украина бир неча бор шундай қадамларга тайёр эканимизни билдирган. Биз жорий йилда Пасха кунларида ўт очишни тўхтатишни таклиф қилган эдик ва шунга мувофиқ ҳаракат қиламиз”, — деб тушунтирди Украина давлати раҳбари.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид