Жаҳон | 10:56
1968
3 дақиқада ўқилади

Херсон областининг Россия тайинлаган «губернатори» Украинани меҳмонхонага зарба беришда айблади

Россия томонига кўра, ҳужум оқибатида 30 га яқин киши ҳалок бўлган. Украина қуролли кучлари бош штаби эса Херсон областидаги меҳмонхонага ҳужум қилинганини рад этди.

Фото: Владимир Салдонинг телеграм-канали

Аннексия қилинган Херсон областининг Россия томонидан тайинланган «раҳбари» Владимир Салдо Украина қуролли кучлари 1 январга ўтар кечаси Қора денгиз соҳили бўйидаги Хорли қишлоғида жойлашган меҳмонхона ва кафега учта дрон билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Бу вақтда бинода янги йилни нишонлаш учун йиғилган 100 га яқин киши бўлган. Салдонинг сўзларига кўра, зарба «курант бонг уриши арафасида» берилган.

Дронлардан бирида ёнувчи аралашма бўлган, зарба натижасида ёнғин келиб чиққан, деди Салдо.

Аннексия қилинган регион «маъмурияти»нинг дастлабки маълумотида зарба оқибатида 24 киши ҳалок бўлиб, 29 киши яралангани айтилганди. «Кучли ёнғин туфайли кўплаб одамларни қутқаришнинг имкони бўлмади. Ёнғин фақат тонгга келиб ўчирилди», – деган Салдо.

Ҳудудда 2 ва 3 январ кунлари мотам куни деб эълон қилинган.

Кейинроқ РФ тергов қўмитаси қурбонлар сони 27 нафарни ташкил этаётганини маълум қилди. Яна 31 киши турли даражада тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган, шундан беш нафари болалар. Теракт моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Украина қуролли кучлари бош штаби эса Россия томони айбловини рад этиб чиқди. Бош штаб спикери Дмитро Лиховий украин ҳарбийлари «фақат душманнинг ҳарбий нишонлари ва бўйлаб» берилишини маълум қилди.

Лиховий, шунингдек, Россия Федерацияси илгари халқаро ҳамжамиятга ва тинчлик музокараларининг боришига таъсир ўтказиш мақсадида бир неча бор дезинформацияга мурожаат қилганини айтди. «Украина мудофаа кучлари Халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига амал қилади, фақат душманнинг ҳарбий нишонларига, Россия Федерациясининг ёқилғи-энергетика мажмуаси объектларига ва бошқа қонуний нишонларга зарба беради», – деган у.

Лиховий Россия Федерацияси илгари халқаро ҳамжамиятга ва тинчлик музокараларининг боришига таъсир ўтказиш мақсадида бир неча бор дезинформацияга қўл урганини эслатган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид