Ўзбекистон | 16:05 / 03.01.2026
2285
2 дақиқада ўқилади

Маиший чиқинди полигонлари камида 50 фоизга қисқартирилади 

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида биохилма-хилликни ишончли сақлаш учун яйлов ва пичанзорларда кенг кўламли геоботаник текширувлар ўтказиш, шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш-олиб чиқиш хизматларини яхшилаш ва қайта ишлаш улушини ошириш бўйича қатор кўрсаткичлар белгиланган.

Фото: Kun.uz

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида табиий экотизимларни муҳофаза қилиш ҳамда биохилма-хилликни сақлаш масаласи алоҳида йўналиш сифатида қайд этилган. Лойиҳага кўра, табиий яйлов ва пичанзорлар ҳолатини мунтазам ўрганиш, ўсимлик қопламини баҳолаш ва ресурслардан барқарор фойдаланишни таъминлаш режалаштирилган.

Лойиҳада белгиланган вазифалар:

  • ҳар йили 2 миллион гектар ҳажмда табиий яйловлар ва пичанзорлар ўсимликларини геоботаник (биоботаник) текширишни амалга ошириш;
  • доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликларни етиштириш ва кўпайтириш учун ҳар йили 10 минг гектар майдонда маданий плантациялар ташкил этиш.

Шу билан бирга, стратегия лойиҳасида аҳолига коммунал хизматлар сифатини ошириш йўналишида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш тизимини такомиллаштириш ҳам назарда тутилган. Лойиҳада чиқиндиларни қайта ишлаш ва қайта фойдаланишни кенгайтириш, чиқиндидан муқобил энергия ишлаб чиқариш улушини ошириш ҳамда полигонлар сонини қисқартиришга қаратилган мақсадлар белгиланган.

Қаттиқ маиший чиқиндилар бўйича кўрсаткичлар:

  • аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари билан маҳалла кесимида қамраб олиш даражасини 85 фоизга етказиш;
  • маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 6 фоизга етказиш;
  • ёқиб, муқобил энергия ишлаб чиқариладиган чиқиндилар улушини 20 фоизга етказиш;
  • маиший чиқинди полигонларини камида 50 фоизга қисқартириш;
  • маиший чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган 13 та экосаноат зоналарини жорий этиш.

Лойиҳага кўра, мазкур чоралар табиий ресурсларни муҳофаза қилиш, доривор ўсимликларни маданий усулда кўпайтириш орқали биохилма-хилликни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, чиқиндиларни бошқариш тизимида қайта ишлаш ва энергия олиш амалиётини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид