Иқтисодиёт | 08:34 / 16.09.2025
2584
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндилардан пол қопламалари ишлаб чиқарилиши мумкин

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан Япониянинг МДҲ мамлакатлари ва Россия билан савдони ривожлантириш уюшмаси билан ҳамкорликда "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш бўйича "Ўзбекистон – Япония" онлайн бизнес мулоқоти ташкил этилди.

Фото: "Дунё" АА

Тадбирда Япониянинг 50 дан ортиқ етакчи компаниялари ва мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқларида фаолият юритувчи кўплаб компаниялар иштирок этди.

Тадбирда Япониянинг углерод нейтраллигига эришиш йўлидаги энергетика сиёсати, Ўзбекистон билан "яшил" технологиялар соҳасида истиқболли ҳамкорлик, "яшил" иқтисодиётга ўтиш стратегиясини амалга ошириш ҳамда 2030 йилгача "яшил" ва инклюзив ўсишни таъминлаш бўйича устувор вазифаларга оид тақдимотлар ўтказилди.

Япония вакилларига Самарқанд вилоятида замонавий шаҳар муҳитини яратиш, шунингдек, Жиззах вилоятида қаттиқ маиший чиқиндилардан йўл плиталари ва пол қопламалари, қишлоқ жойларда органик чиқиндилардан биогаз ишлаб чиқариш бўйича стартап лойиҳалари тақдим этилди.

Тошкент кимё-технология институти ва Тошкент давлат техника университети ёш олимлари саноат эҳтиёжлари учун электротехника маҳсулотларини қайта ишлаш асосида кумуш нанозаррачалар олиш бўйича стартап лойиҳалари ва инновацион ишланмаларини ҳамда пластик чиқиндиларни қайта ишлаш асосида йўл қопламаларини олиш бўйича инновацион ишланмаларини тақдим этдилар.

Тадбир давомида ўзаро фикр алмашилди ва лойиҳалар муҳокама қилинди. Шунингдек, томонлар яқин келажакда Япониянинг манфаатдор бизнес компаниялари ва ташкилотлари инвестициялари иштирокида Ўзбекистондаги "яшил" лойиҳаларни янада қўллаб-қувватлаш бўйича фаол ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид