Жаҳон | 09:34 / 03.01.2026
1597
2 дақиқада ўқилади

Мексикада зилзила: камида икки киши ҳалок бўлди

Мексикада жума куни, 2 январда 6,5 магнитудали зилзила содир бўлди. Унинг эпицентри Герреро штатидаги Сан-Маркос қишлоғи атрофида жойлашган. Ер силкинишлари мамлакатнинг марказий ва жанубий ҳудудларида сезилди. Оқибатда камида икки киши ҳалок бўлди.

Фото: David Juarez/ZUMA/picture alliance

Ҳалок бўлганлардан бири — 60 ёшли эркак. У ўз квартирасида эвакуация қилинаётган пайтда аҳволи ёмонлашиб, йиқилиб тушган. Эпицентрга яқин жойда яшаган 50 ёшли аёл эса ўз уйи вайроналари остида қолиб, ҳалок бўлган. Шунингдек, Герреро штати пойтахти — Чилпансингодаги шифохона биносига ҳам шикаст етган. У ердан беморларнинг бир қисми эвакуация қилинган.

Зилзила эпицентрдан 400 километр узоқликда жойлашган мамлакат пойтахти Мехикога ҳам таъсир қилди. Мексика президенти Клаудия Шейнбаум матбуот анжуманини тўхтатиб, президент саройидан эвакуация қилинишга мажбур бўлди. Бироқ кўп ўтмай матбуот анжумани қайта давом эттирилди.

Мексика “Тинч океани олов ҳалқаси” деб аталадиган минтақада жойлашган. Бу ерда бир неча тектоник плиталар туташади, шу сабабли вулқонлар тез-тез отилади ва зилзилалар кўп содир бўлади. Мехико шаҳри эса қуриб қолган кўл ўрнидаги юмшоқ, бўш грунт устида барпо этилгани учун зилзилаларга айниқса мойил ҳисобланади.

Мексика тарихидаги энг вайронкор зилзила — 8,1 магнитудали — 1985 йил 19 сентябрда содир бўлган. Ўшанда тахминан 10 минг киши ҳалок бўлган. Орадан аниқ 32 йил ўтиб, 2017 йил 19 сентябрда мамлакатда яна кучли ер силкиниши қайд этилган ва қурбонлар сони 300 нафардан ошган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид