Жамият | 19:04 / 03.01.2026
2488
2 дақиқада ўқилади

Рақс соҳаси вакилларининг маошларини ошириш таклиф қилинмоқда

Маданият вазирлиги вазирлик тасарруфидаги театр ва концерт-томоша муассасаларида фаолият юритувчи рақс соҳаси вакилларининг маошларини ошириш таклиф этилган қарор лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Фото: Анвар Ильясов

Лойиҳага кўра, 2026 йил январдан бошлаб Маданият вазирлиги тасарруфидаги театр ва концерт-томоша муассасаларида фаолият юритувчи рақс соҳаси вакилларининг (рақс жамоасининг бадиий раҳбар, балетмейстер, балет артисти, репетиторлар) меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатдан ҳисобланадиган базавий лавозим маошлари 3 коэффициентга оширилади.

Шунингдек, истеъдодли ёш раққос, раққоса ва балетмейстерларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратиш, соҳага етук ва малакали мутахассисларни кенг жалб қилишда давлат муассасаларида рақс санъати соҳасида фаолият юритаётганларнинг 20 йиллик имтиёзли нафақага чиқиш даврининг дастлабки 15 йили раққос ва раққосалик билан, қолган 5 йили балетмейстер ва балет бўйича репетитор фаолияти билан шуғулланганлиги инобатга олинади.

Бунда ходимнинг фаолияти раққос ва раққосалик соҳасида бошланган бўлиши шарт.

Қарор лойиҳасида вилоятлардан келиб Тошкент шаҳридаги рақс жамоаларида фаолият юритаётган раққос ва раққосаларни қўллаб қувватлаш ва ётоқхона билан таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги мақбул бинолардан бирини 2026 йилнинг 1 март кунига қадар ажратиш ва Маданият вазирлиги балансига ўтказиб бериш чоралари кўрилиши белгиланган.

 

Тайёрлаган:  Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид