Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мадуро режими қулаши. Сўнгги маълумотлар
АҚШ қўшни мамлакатдаги ҳокимиятни қандай ағдаргани ҳақида асосий гаплар.
Фото: Pedro Mattey / AFP /Scanpix / LETA
Трамп 3 январ куни кечқурун Мар-о-Лагодаги қароргоҳида Венесуэладаги сўнгги воқеалар юзасидан баёнот берди. АҚШ янги ҳокимият шаклланиб, хавфсиз, ҳақиқий ва қонуний транзит таъминлангунига қадар «Венесуэлани бошқаради». «Биз бошқа кучлар аралашиб, вазият яна ўша кўп йиллик ҳолатга қайтиб қолишига йўл қўя олмаймиз», – деди у.
Трамп Америка нефт компаниялари Венесуэладаги нефт инфратузилмасини таъмирлашини ва «мамлакат учун пул ишлашни бошлаши»ни ҳам айтиб ўтган. «Биз Венесуэла халқини бой, мустақил қиламиз. Уларни бахтли қиламиз. Венесуэла барча имкониятларга қарамасдан, деярли нефт қазиб олмаган. АҚШдаги йирик компаниялар у ерга боради ва нефт инфратузилмасини тиклаш учун миллиардлаб доллар сарфлайди», – деди АҚШ етакчиси.
Трамп АҚШ Венесуэла бошқарувини айнан қандай қилиб ўз қўлига олмоқчи эканига аниқлик киритмади; АҚШ Каракасдаги ҳокимият органлари ва маъмурий биноларни қандайдир тарзда назорат қилаётгани ҳақида маълумотлар йўқ. Баёнот охирида Трамп венесуэлалик сиёсатчилар ва ҳарбийларни «агар улар ўз халқига нисбатан адолатли муносабатда бўлишмаса, Мадуронинг тақдирига дучор бўлишлари» ҳақида огоҳлантирди. Трампнинг айтишича,
Трампнинг айтишича, ҳарбийлар зарбаларнинг «иккинчи, кучлироқ тўлқини»ни ўтказишга тайёр эди, бироқ, унинг фикрича, бунга энди зарурат йўқ. «Биз янги зарбалар беришга тайёр эдик, аммо бунга зарурат туғилмади. Зарурат туғиладиган бўлса, келгусида бунга тайёр турамиз», – деган АҚШ президенти.
Jim Watson / AFP / Scanpix / LETA
Журналистларнинг АҚШ Венесуэлани қандай бошқармоқчи экани ҳақидаги аниқлаштирувчи саволларига жавобан Трамп давлат котиби Марко Рубио Венесуэла вице-президенти Делси Родригес билан гаплашганини ва у гўёки «Венесуэлани яна буюк қилиш учун Америка зарур деб билган ишни қилиш»га рози эканини айтди. Родригес АҚШ расмийлари билан алоқа ўрнатгани ҳақидаги маълумот ҳозирча ўз тасдиғини топмаган.
Трамп, шунингдек, агар зарурат туғилса, мамлакатга Америка ҳарбийлари киритилиши мумкинлигини истисно этмаган.
Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес Каракасдан вертолёт орқали ҳарбий кемага олиб келинган. «Уларни вертолётда авиаташувчига келтиришган ва ишончим комил, бу парвоз уларга ёққан. Лекин улар кўплаб одамларни ўлдирган, буни ёдда тутиш лозим», – деган АҚШ президенти матбуот анжуманидан олдин Fox News телеканалига берган интервюсида.
Мадуролар оиласи кема орқали аввалига Гуантанамодаги базага, кейин эса ФҚБ самолёти орқали Ню-Йоркка етказилган. Улар 5 январ куниёқ қатор айбловлар, жумладан, наркотерроризм ва кокаин экспорти билан шуғулланиш мақсадида тил бириктириш бўйича суд олдида жавоб бериши кутилмоқда.
Трамп Fox News учун интервюда Мадурони қўлга олиш бўйича амалиётнинг айрим тафсилотларини очиқлади. Унинг сўзларига кўра, америкалик ҳарбийлар машғулот ўтказиш учун Мадуро яшаган уйлардан бирининг айнан макетини қуришган. АҚШ президенти тасдиқлашича, эр-хотинни улар мустаҳкам ҳимояланган «хавфсиз хона»га кириб яширинмоқчи бўлишганида тутиб олишган. Трамп бу воқеаларни жонли эфирда «худди телешоу каби» кузатиб турганини айтади. АҚШ президенти амалиёт чоғида Америка вертолётларидан бири зарбага учраганини ҳам маълум қилган. Бир неча ҳарбий хизматчи яраланган, аммо улар Венесуэлани тарк этишга муваффақ бўлишган.
The Washington Post манбаси маълумотига кўра, амалиётга тайёргарлик кўришда Марказий разведка бошқармаси ходимлари ҳам қатнашган, улар Венесуэла президенти ва унинг рафиқаси яшайдиган жойни аниқлашган. Армиянинг элита тоифасидаги «Делта» махсус топшириқли бўлинмасининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги жангчилари амалиётга жалб этилиб, улар бир неча ҳафта давомида Мадуронинг яшаш жойини ўрганишган, дея ёзади газета.
Кейинроқ бу маълумотни АҚШ Қўшма штаб бошлиқлари қўмитаси раҳбари генерал Дэн Кейн ҳам тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, амалиётда 20 та турли ҳарбий базаларда турган 150 дан ортиқ самолёт ва вертолётлар қатнашган.
Доналд Трамп операцияни бошлаш буйруғини 2 январ куни АҚШнинг шарқий вақти билан соат 22:46 да берган. АҚШ қўшинлари эса тахминан соат 02:00 атрофида Каракасга етиб борган.
Ҳужумдан кейин Мадуронинг тарафдорлари баёнот бера бошлади. Улар қаторида Венесуэла вице-президенти Делси Родригес (энди навбатдаги сайловларгача президентлик ваколатлари вақтинча унга ўтади), ички ишлар вазири Диосдадо Кабело, бош прокурор Тарек Уилям Сааб ва мудофаа вазири Владимир Падрино Лопес кабилар бор. Улар Америка ҳужумини қоралашди ва фуқароларни мамлакатни ҳимоя қилишга чақирди.
Венесуэла мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадо венесуэлаликлар учун эркинлик даври келгани ҳақида пост ёзиб қолдирди. У мамлакатни 2024 йилги президентлик сайловларида Мадурога рақобат қилган, 74 ёшли Эдмундо Гонсалес Уррутия бошқаришини таклиф этган. «Николас Мадуро венесуэлаликлар ва бошқа мамлакатлар фуқароларига қарши содир этган даҳшатли жиноятлари учун халқаро суд олдида жавоб беради. У музокаралар йўли билан ечим топишдан бош тортгани туфайли АҚШ қонун устуворлигини таъминлаш ҳақидаги ваъдасини бажарди», – деган у.
3 январ куни Каракас кўчалари бўшаб қолди, бир нечта очиқ супермаркетлар ва дорихоналар олдида озиқ-овқат ва дори-дармонларни ғамлаб олиш учун навбатлар пайдо бўлди, деб ёзади El Nacional газетаси. Нашр маълумотларига кўра, метро ва автобуслар ишламаган. Журналистлар хабар беришича, ҳокимиятдан ағдарилган президентнинг тарафдорлари Каракас марказидаги кўчаларга чиқиб, уни мамлакатга қайтаришни талаб қилишган.
MIGUEL GUTIERREZ / EPA / Scanpix / LETA
2020 йилдаёқ Мадурога қарши айблов эълон қилган АҚШ Адлия вазирлиги янги айблов хулосасини эълон қилди. Унда Мадуро 2000-йилларда Миллий Ассамблея депутати бўлганида кокаин ташишни ташкил этишда иштирок этгани, кейинчалик ташқи ишлар вазири бўлганида (2006 йилдан 2013 йилгача) наркосавдогарларга Венесуэла дипломатик паспортларини тақдим этгани ва Мексикадан Венесуэлага гиёҳванд моддалар савдосидан тушган пулларни олиб кетаётган самолётларга дипломатик ҳимоя яратишда ёрдам бергани айтилади. Президентлик лавозимида Мадуро «ўз манфаатлари йўлида, ҳукмрон режим вакиллари ва ўз оила аъзолари манфаатлари йўлида кокаин билан озиқланган коррупциянинг гуллаб-яшнашига имкон бергани» қайд этилган. Ҳужжатдаги бошқа айбланувчилар орасида унинг рафиқаси Силия Флорес ва «Николасито» ва «Принц» лақаблари билан танилган ўғли Николас Мадуро Гарра, шунингдек, ички ишлар, адлия ва тинчлик вазири Диосдадо Кабело ҳам бор.
АҚШ Мадуро ва ишнинг бошқа иштирокчиларини Колумбиянинг FARC (Колумбия инқилобий қуролли кучлари) ва ELN (Миллий озодлик армияси) ташкилотлари, Мексиканинг «Синалоа» ва «Лос-Сетас» картеллари ҳамда Венесуэлада жойлашган «Трен де Арагуа»гуруҳининг «наркотеррорчилари» билан ҳамкорлик қилишда айбламоқда.
Мавзуга оид
09:56
Трамп АҚШ нефт компанияларини Венесуэлада ишлашга чақирди
09:20
Россия Венесуэланинг вақтинчалик президентини қўллаб-қувватлади
08:54
Трамп: Венесуэла АҚШга 30–50 млн баррел нефт етказиб беради
19:37 / 06.01.2026