Трамп 3 январ куни кечқурун Мар-о-Лагодаги қароргоҳида Венесуэладаги сўнгги воқеалар юзасидан баёнот берди. АҚШ янги ҳокимият шаклланиб, хавфсиз, ҳақиқий ва қонуний транзит таъминлангунига қадар «Венесуэлани бошқаради». «Биз бошқа кучлар аралашиб, вазият яна ўша кўп йиллик ҳолатга қайтиб қолишига йўл қўя олмаймиз», – деди у.

Трамп Америка нефт компаниялари Венесуэладаги нефт инфратузилмасини таъмирлашини ва «мамлакат учун пул ишлашни бошлаши»ни ҳам айтиб ўтган. «Биз Венесуэла халқини бой, мустақил қиламиз. Уларни бахтли қиламиз. Венесуэла барча имкониятларга қарамасдан, деярли нефт қазиб олмаган. АҚШдаги йирик компаниялар у ерга боради ва нефт инфратузилмасини тиклаш учун миллиардлаб доллар сарфлайди», – деди АҚШ етакчиси.

Трамп АҚШ Венесуэла бошқарувини айнан қандай қилиб ўз қўлига олмоқчи эканига аниқлик киритмади; АҚШ Каракасдаги ҳокимият органлари ва маъмурий биноларни қандайдир тарзда назорат қилаётгани ҳақида маълумотлар йўқ. Баёнот охирида Трамп венесуэлалик сиёсатчилар ва ҳарбийларни «агар улар ўз халқига нисбатан адолатли муносабатда бўлишмаса, Мадуронинг тақдирига дучор бўлишлари» ҳақида огоҳлантирди. Трампнинг айтишича,

Трампнинг айтишича, ҳарбийлар зарбаларнинг «иккинчи, кучлироқ тўлқини»ни ўтказишга тайёр эди, бироқ, унинг фикрича, бунга энди зарурат йўқ. «Биз янги зарбалар беришга тайёр эдик, аммо бунга зарурат туғилмади. Зарурат туғиладиган бўлса, келгусида бунга тайёр турамиз», – деган АҚШ президенти.

Доналд Трампнинг матбуот анжуманида мудофаа вазири Пит Ҳегсет (ўнгда иккинчи), Қўшма штаб бошлиқлари қўмитаси раҳбари генерал Дэн Кейн (ўнгда биринчи) ва давлат котиби Марко Рубио ҳам иштирок этди
Jim Watson / AFP / Scanpix / LETA

Журналистларнинг АҚШ Венесуэлани қандай бошқармоқчи экани ҳақидаги аниқлаштирувчи саволларига жавобан Трамп давлат котиби Марко Рубио Венесуэла вице-президенти Делси Родригес билан гаплашганини ва у гўёки «Венесуэлани яна буюк қилиш учун Америка зарур деб билган ишни қилиш»га рози эканини айтди. Родригес АҚШ расмийлари билан алоқа ўрнатгани ҳақидаги маълумот ҳозирча ўз тасдиғини топмаган.

Трамп, шунингдек, агар зарурат туғилса, мамлакатга Америка ҳарбийлари киритилиши мумкинлигини истисно этмаган.

Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес Каракасдан вертолёт орқали ҳарбий кемага олиб келинган.