Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Буюк Британияда носоғлом егуликлар рекламалари тақиқланди
Янги тартибга кўра, оммавий платформаларда ёғ, туз ва шакар миқдори юқори бўлган озиқ-овқатларни тарғиб қилиш ман этилади. Бундай маҳсулотлар телевидениеда соат 21:00 дан олдин, онлайн платформаларда эса ҳар қандай вақтда реклама қилинмайди. Мазкур чеклов мамлакатда болалар семиришига қарши кураш ишлари доирасида йўлга қўйилмоқда.
5 январдан Буюк Британия бўйлаб фаст-фуд ва носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари рекламаларига қатъий чекловлар жорий этилди. Тақиқ ёғ, туз ва шакар миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ичимликларга (HFSS) нисбатан қўлланади.
Чекловлар болалар семириши хавфини оширишга хизмат қиладиган етакчи маҳсулотларни қамраб олади. Жумладан, газланган ичимликлар, шоколад ва ширинликлар, пицца ҳамда музқаймоқ турлари реклама қилинмайди. Шунингдек, нонушта учун мўлжалланган айрим ёрма ва бўтқалар, ширинлаштирилган нон маҳсулотлари, сендвичлар ҳам тақиқ остига тушган.
Қайси маҳсулотларни реклама қилиш мумкин эмаслиги махсус баҳолаш тизими орқали аниқланади. Унда егуликнинг озуқавий қиймати таркибидаги тўйинган ёғ, туз ва шакар миқдори билан солиштириб баҳоланади. Оддий сули ёрмаси, бўтқа, мюсли ва гранола маҳсулотлари чекловдан мустасно, бироқ таркибига шакар, шоколад ёки сироп қўшилган айрим вариантларининг тарғиботига чеклов қўйилиши эҳтимоли мавжуд.
Манбага кўра, рекламада носоғлом маҳсулотнинг ўзи кўрсатилса, у тақиқланади. Агар маҳсулот кўринмаса, озиқ-овқат тармоқлари фақат бренд номи билан реклама қилишда давом этиши мумкин.
Таъкидланишича, компанияларга тақиқланган маҳсулотларнинг соғломроқ муқобилларини реклама қилишга рухсат берилади. Ҳукумат мазкур чоралар озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларини соғломроқ маҳсулотлар тақдим этишга ундайди, деб умид қилмоқда.
Аввалроқ носоғлом озиқ-овқат ва ичимлик рекламалари аудиториясининг камида 25 фоизини 16 ёшгача бўлган болалар ташкил этувчи платформаларда тақиқланган эди. Энди эса бу чекловлар бутун мамлакат бўйлаб кучайтирилди. Янги қоидаларга амал қилмаган компанияларга Реклама стандартлари бошқармаси томонидан чоралар кўрилиши таъкидланган.
Миллий соғлиқни сақлаш хизмати (NHS) маълумотларига кўра, Буюк Британияда мактабга қабул ёшидаги болаларнинг 9,2 фоизи семизлик билан яшамоқда. Беш ёшга етгунга қадар болаларнинг ҳар бешинчисида тиш кариеси аниқланяпти. Семизлик соғлиқни сақлаш тизимига ҳар йили 11 миллиард фунт стерлингдан ортиқ харажат келтиряпти.
Тадқиқотлар носоғлом озиқ-овқат рекламаларини томоша қилиш болаларнинг овқатланиш одатларига эрта ёшдан таъсир кўрсатишини ва бу кейинчалик ортиқча вазн ҳамда семизлик хавфини оширишини кўрсатмоқда. Ҳукуматнинг баҳолашича, рекламаларга жорий этилган ушбу тақиқ келгусида қарийб 20 минг бола семириши ҳолатининг олдини олиши мумкин.
Мавзуга оид
16:55 / 09.06.2026
Бизнес-омбудсман Тошкентдаги рекламаларни бузишда қонуний йўл тутишга чақирди
08:50 / 08.06.2026
SIPRI: дунёда ядровий қуроллар сони яна ўсиши мумкин
08:44 / 08.06.2026
Европа етакчилари ва Зеленский тинчликнинг беш шартини эълон қилди
16:53 / 04.06.2026