Ўзбекистон | 20:00 / 10.01.2026
4635
2 дақиқада ўқилади

Қувадаги қазишмалар чоғида милоддан олдинги даврга оид девор топилди

110 минг квадрат метр майдонни эгаллаган Қува қадимий шаҳарчаси қадимги Ипак йўлидаги муҳим марказ сифатида Хитой билан икки минг йилдан ортиқ вақт давомида узоқ муддатли алоқаларга эга бўлган.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбек-хитой археологлар жамоаси Ўзбекистондаги Қува қадимий шаҳарчасининг қолган деворларининг милоддан олдинги III асрдан милодий X асргача бўлган қисмини топдилар, деб хабар берди “Дунё” АА.

Синхуа агентлигининг ёзишича, Лоян-Фарғона қўшма археологик экспедицияси иштирокчилари ушбу топилма Ипак йўлидаги қадимий шаҳарнинг тарихий ривожланишини ҳамда Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маданий алмашинувларни ўрганиш учун муҳим моддий далил, деб ҳисоблайди.

110 минг квадрат метр майдонни эгаллаган Қува қадимий шаҳарчаси харобалари Фарғона водийсининг Ўзбекистон қисмида жойлашган. Қадимги Ипак йўлидаги муҳим марказ сифатида бу минтақа Хитой билан икки минг йилдан ортиқ вақт давомида узоқ муддатли алоқаларга эга бўлган.

Археологларнинг дастлабки маълумотларига кўра, бир неча бор қайта қурилган истеҳкомлар узоқ вақт давомида - Парфия, Даюан ва Сўғд даврларидан тортиб Сомонийлар давригача ишлатилган.

Хитой томонидаги қўшма экспедиция раҳбари Лю Биннинг таъкидлашича, девор қуриш технологияларининг эволюцияси турли даврларда меъморий маҳорат ва қурилиш материалларини танлаш, бундай танловларга потенциал маданий таъсир ва маданиятнинг тарқалишини ўрганиш учун муҳим маълумотларни тақдим этади.

2023 йилда Хэнан провинциясининг Лоян археология институти ва Фарғона давлат университети қадимги Қува шаҳри харобаларини археологик қазиш ишларини олиб бориш учун қўшма археологик гуруҳ туздилар.

Ҳозирги кунга қадар харобаларда саройлар, шаҳар дарвозалари, деворлар, турар-жой бинолари, кўчалар ва ҳунармандчилик устахоналари каби ёдгорликлар топилган.

"Келгуси йилда сарой ҳудудида жойлашув ва функционал районлаштиришни ҳар томонлама тушунишни янада ривожлантириш учун тизимли қазишмалар режалаштирилган", - деб ёзади Синхуа агентлиги.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид