Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Қува туманида агровольтаика технологияси жорий этилган қишлоқ хўжалиги мажмуаси билан танишди.
Мажмуада сув тежамкорлигига қаратилган илғор технологиялар жорий этилган. Хусусан, Австриянинг “Bauer” компанияси технологияси асосида ёмғирлатиб суғориш тизими қўлланилмоқда. Бу усул сувни экин майдонига бир меъёрда етказиб, тупроқ намлигини сақлаш, ўғитни мақсадли бериш ва ҳосилдорликни ошириш имконини беради.

110 гектар майдонни эгаллаган мажмуада интенсив боғдорчилик, чорвачилик ва балиқчилик йўналишлари уйғунлаштирилган. Бу қайта тикланувчи энергия манбалари ва сув тежовчи технологиялар жорий этилган мамлакатимиздаги илк агромажмуалардан бири ҳисобланади. Ҳудудда 10 мингта қуёш панели ўрнатилган. Улар электр энергияси ишлаб чиқариш билан бирга тупроқ намлигини сақлаш ва экинлар учун соя ҳосил қилишга хизмат қилади. Балиқчилик ҳовузларида кислород бериш жараёни электр энергияси ҳисобига амалга оширилади, ҳовуз суви эса минерал моддаларга бой ҳолда узумзор ва боғларни озиқлантиришга йўналтирилади.


Чорвачилик йўналишида қорамоллар қуёш панеллари соясида сақланади, боғ ҳудудидаги ўтлар билан озиқланади, органик ўғит эса ер унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Шу тариқа мажмуада энергия, сув, озуқа ва ўғит бир-бирини тўлдирувчи ягона тизимга бирлаштирилган.
Ҳозир агромажмуада узумнинг экспортбоп “Аватар” нави етиштирилиб, зотдор қорамол ва қўйлар парваришланмоқда, интенсив балиқчилик йўлга қўйилган. Натижада 100 дан ортиқ оиланинг даромади оширилиб, 350 нафар аҳоли бандлиги таъминланмоқда. Экспорт ҳажми 2,5 миллион долларни ташкил этади.



Давлат раҳбари мажмуа фаолияти билан танишар экан, агродронлар ёрдамида экинларни дорилаш ва мониторинг қилиш ишларини ҳам кўздан кечирди.



















