Ўзбекистон | 15:33 / 10.01.2026
2140
3 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлик назоратида хавф даражаси балл тизимида баҳоланади

Ҳисоб палатаси тадбиркорлик субъектларида назорат тадбирларини ўтказишда «Хавфни таҳлил қилиш» тизими орқали қонунбузилиш хавфини баҳолашга қаратилган низом лойиҳасини тайёрлади. Лойиҳада хавф даражалари паст, ўрта ва юқори тоифаларга ажратилиб, паст хавфли субъектларда текширув ўтказилмаслиги, текширувлар эса Бизнес-омбудсманни хабардор қилиш тартибида амалга оширилиши белгиланган.

Фото: Fotolia

Ўзбекистон Ҳисоб палатаси тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тартибини белгилайдиган “Тадбиркорлик субъектлари фаолияти бўйича хавфни таҳлил этиш тизими тўғрисида”ги низом лойиҳасини ишлаб чиқди.

Лойиҳада хавфни баҳолаш «Масофавий аудит» автоматлаштирилган ахборот тизимидаги «Хавфни таҳлил қилиш» модули орқали амалга оширилиши кўзда тутилган. Тизим тадбиркорлик субъекти фаолиятида қонунчилик бузилиши хавфи даражасини аниқ мезонлар асосида баҳолашга хизмат қилади.

Низом лойиҳасига кўра, Ҳисоб палатаси хавф таҳлили натижаларига асосан ўтказиладиган текширувлар бошланиши ҳақида тадбиркорлик субъектларини камида 10 иш куни олдин хабардор қилади. Шу билан бирга, хавф таҳлили натижаси — хавф даражаси қай даражада бўлишидан қатъи назар — тадбиркорлик субъектига нисбатан таъсир чораларини қўллашга мустақил асос бўла олмаслиги қайд этилган.

Лойиҳада хавф таҳлили жараёнида тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатиб туриш, унга тўсқинлик қилиш ёки бевосита аралашиш қатъиян тақиқланиши белгиланган. Шунингдек, айрим ҳолатлардан ташқари, хавф даражасини таҳлил қилиш жараёнида тадбиркорлик субъектларидан ҳужжат ёки ахборот талаб қилишга ҳам йўл қўйилмаслиги назарда тутилган.

Хавф даражасини баҳолаш “балл” тизими асосида амалга оширилиб, натижаларга кўра тадбиркорлик субъектлари 3 тоифага ажратилади:

  • юқори хавф — 81–100 балл;
  • ўрта хавф — 61–80 балл;
  • паст хавф — 60 балл ва ундан кам.

Низом лойиҳасида хавф даражаларига қараб амалга ошириладиган тадбирлар ҳам белгиланган. Хусусан, паст хавф тоифасидаги тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказилмайди. Ўрта ва юқори хавф тоифасидагиларда эса хавфларнинг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари ўтказилиши ёки заруратга кўра текширув ўтказилиши мумкин.

Шу билан бирга, аниқ факт ва ҳолатлар бўйича давлат манфаатларига зарар етказиш хавфини олдини олиш ёки бартараф этишга қаратилган текширувлар хавф таҳлили натижаларидан қатъи назар ўтказилиши мумкинлиги кўрсатилган.

Қайд этилишича, тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган барча текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилиб, Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид