Ўзбекистон | 07:31 / 08.05.2026
2540
2 дақиқада ўқилади

Хусусий тиббиёт ташкилотларига трансплантация қилишга рухсат берилади

“Тиббиёт соҳасида хусусий секторни қўшимча қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Фото: ЎзА

Фармонга кўра миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтган нодавлат тиббиёт ташкилотларига 2027 йил 1 майдан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб асосида трансплантация амалиёти билан шуғулланишга рухсат берилади.

Бунда:

- нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш тартибига риоя этилиши тиббий фаолият учун лицензия талаб ва шартлари этиб белгиланади;

- нодавлат тиббиёт ташкилотларининг инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш билан боғлиқ фаолияти “хавфни таҳлил қилиш” тизими орқали хавфи юқори кўрсаткичга эга фаолият ҳисобланади;

- нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан трансплантация амалиёти амалга оширилган беморлар ва донорлар тўғрисидаги маълумотлар мажбурий тартибда Соғлиқни сақлаш вазирлигига мунтазам тақдим этиб борилади.

2027 йил 1 январдан тажриба-синов тариқасида Самарқанд вилоятида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари бино-иншоотларини қуриш ва уларда реконструкция ишларини олиб бориш бўйича қуйидаги таклифлар маъқулланди:

- объектларда тадбиркорлар ўз маблағлари ҳисобидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган лойиҳалар асосида қурилиш-монтаж ишларини олиб боради;

- қурилиш-монтаж ишлари якунлангандан сўнг белгиланган тартибда объектларда назорат ўлчови ўтказилади;

- объектларни қабул қилиш ишлари якунлангач тадбиркорларга белгиланган маблағлар тўлаб берилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид