Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Batik Air Тошкент–Лангкави йўналишида қўшимча тўғридан тўғри рейслар очади
Малайзиянинг етакчи Bernama ахборот агентлигида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида туризм ҳамда таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланган мақола эълон қилинди. Унда Тошкент–Лангкави йўналишида қўшимча тўғридан тўғри рейслар йўлга қўйилиши ҳақида ҳам маълум қилинган.
Bernama'да қайд этилишича, Малайзиянинг Тошкентдаги элчихонаси маълумотларига кўра, туризм ва таълим икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашнинг асосий устувор йўналишлари сифатида белгиланган.
Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчиси Илҳом Туах Илёснинг таъкидлашича, бу йўналишлардаги ҳамкорликни фаоллаштириш Малайзиянинг Visit Malaysia 2026 давлат дастури мақсадларига ҳам мос келади. Шунингдек, Малайзиянинг Batik Air авиакомпанияси Тошкент ва Лангкави ороли ўртасида қўшимча тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиши режалаштирилган.
Қўшимча рейслар йўлга қўйилиши мамлакатлар ўртасида сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо, инвестиция ҳамда маданий алмашинув учун янги имкониятлар яратиши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозирда Uzbekistan Airways, Batik Air Malaysia ва Air Asia авиакомпаниялари томонидан икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 8 та тўғридан тўғри авиақатнов амалга оширилмоқда.
Таълим йўналишида элчи ўзбек ёшлари учун Малайзияда ўқиш имкониятларини тарғиб қилиш бўйича ишлар давом эттирилишини, айниқса, Малайзиянинг шимолий штатларида жойлашган университетлар жалб этилишини айтган. Мақолада келтирилишича, 2025 йилда Малайзиянинг давлат ва хусусий олий таълим муассасаларида 600 нафардан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олган ва Малайзия томони жорий йилда улар сонини кўпайтиришни мақсад қилган.
Шунингдек, Batik Air'нинг тўғридан тўғри рейслари нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россиядан келган йўловчиларга ҳам Тошкент орқали Лангкавига саёҳат қилиш имконини бериши қайд этилган. Бундан ташқари, қишки туризмга қизиқувчи малайзияликлар учун Тошкентдан бир соатлик масофада жойлашган Чимён тоғлари манзилига сафар қилиш имконияти алоҳида тилга олинган.
Мақолада сўнгги йилларда сайёҳлар оқими ўсиб бораётгани таъкидланиб, 2025 йилда Ўзбекистонга 11 мингдан ортиқ малайзиялик сайёҳ ташриф буюргани, бу йил эса кўрсаткич яна ортиши кутилaётгани билдирилган.
Мавзуга оид
11:42 / 02.06.2026
“Малайзия ёрдамга тайёр” – элчи исломий молияни жорий қилиш ҳақида
21:56 / 01.06.2026
Малайзия 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини тақиқлади
08:18 / 05.05.2026
Зироат Мирзиёева Малайзия қироличаси билан учрашди
12:54 / 02.04.2026