Жаҳон | 07:34
2232
3 дақиқада ўқилади

“Кондор”дан Венесуэлагача: АҚШ–Жанубий Америка муносабатлари тарихи

АҚШ узоқ вақтдан бери Жанубий Американинг сиёсий ҳаётида баҳсли рол ўйнаб келади — ХХ асрда тўнтаришларни норасмий қўллаб-қувватлашдан тортиб, 2026 йилдаги ҳарбий аралашувгача. Шу ҳафта Каракасда содир бўлган воқеалар бу тарихни яна бир бор эслатди.

Фото: Seaman Paige Brown/U.S. Pentagon

АҚШ қуролли кучлари 2026 йил 3 январ куни Оқ уйда “Мутлақ қатъият” деб номланган операцияни бошлади — Венесуэла ҳудудидаги махсус амалиёт натижасида президент Николас Мадуро қўлга олиниб, ҳокимиятдан четлатилди.

Жанубий Америка етакчиси АҚШга олиб келинди ва у ерда у федерал суд олдида эҳтимолий наркотерроризм ва қуроллар ноқонуний айланмаси билан боғлиқ айбловлар бўйича жавобгарликка тортилади.

Бу аралашув ХХ аср охиридан бери АҚШнинг минтақадаги энг қатъий ва энг тўғридан тўғри ҳаракатига айланди ҳамда дарҳол халқаро муносабатни келтириб чиқарди.

Лотин Америкаси, Европа ва бошқа ҳудудлар мамлакатлари етакчилари операцияни халқаро ҳуқуқни бузиш ва минтақавий суверенитетга таҳдид сифатида қоралади. Шу билан бирга, айрим америкалик қонун чиқарувчилар Оқ уй Конгрессни четлаб ўтиб, бу ҳаракатларни бошлаганини таъкидламоқда.

Иккинчи жаҳон уруши давридан бери Қўшма Штатлар Жанубий Америка мамлакатларининг ички ишларига бир неча бор аралашган. Энди Венесуэла Перу (1963, 1990), Боливия (1971, 2019), Чили (1964, 1973), Парагвай (1954, 1989), Аргентина (1976), Уругвай (1973) ва Бразилия (1964) каби — АҚШнинг ҳарбий босими, қўллаб-қувватлаши ёки тўғридан тўғри ҳаракатлари миллий сиёсатга сезиларли таъсир кўрсатган эпизодлар қаторига қўшилди.

Фото: World in Maps

Бу аралашувлар “совуқ уруш” давридаги тўнтаришлар ва махфий операцияларни ҳам ўз ичига олган бўлиб, кўпинча Вашингтоннинг Совет Иттифоқи таъсири ва минтақадаги сўл ҳаракатлар кучайишидан хавотирлари билан изоҳланган.

Энг машҳур мисоллардан бири — “Кондор” операцияси: 1970-йилларда бир қатор Жанубий Америка диктатуралари (Аргентина, Чили, Уругвай, Парагвай, Боливия, Бразилия) томонидан АҚШнинг норасмий қўллаб-қувватлаши фонида амалга оширилган мувофиқлаштирилган кампания бўлиб, унда мухолифат вакиллари миллий чегаралардан ташқарида ҳам таъқиб қилинган.

Трамп маъмурияти 2026 йилги ҳодисани наркотрафикка ва АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдидларга қарши кураш бўйича кенгроқ кампаниянинг бир қисми сифатида тақдим этди. Бу кампания олдинги ойлар давомида наркотиклар контрабандаси инфратузилмасига зарбалар ва денгиз блокадалари кетма-кетлиги билан давом этган эди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид