Жаҳон | 09:00
725
4 дақиқада ўқилади

Iran Human Rights: Эрондаги намойишларда камида 648 киши ҳалок бўлган

Норвегияда жойлашган Iran Human Rights ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотларига кўра, Эрондаги намойишлар вақтида ҳалок бўлганлар сони 648 нафарга етган. Айрим баҳоларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 6000 нафардан ҳам ошиб кетган.

Фото: MAHSA/Middle East Images/AFP via Getty Images

Норвегияда жойлашган Iran Human Rights (IHR) ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг долзарб маълумотларига кўра, душанба куни, 12 январ ҳолатига, Эрон ҳокимияти мамлакатдаги намойишларни бостириш жараёнида камида 648 нафар одамни ўлдирган, улар орасида тўққиз нафар вояга етмаган ҳам бор. Бироқ, айрим баҳоларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 6000 нафардан ошади, деб аниқлик киритди Норвегияда жойлашган IHR. Эронда интернет тахминан 100 соатдан бери блоклангани сабаб “бу хабарларни мустақил равишда текшириш ниҳоятда қийин”, дея таъкидлади ҳуқуқ ҳимоячилари. Уларнинг баҳолашича, тахминан 10 000 киши ҳибсга олинган.

Эрон давлат оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, 12 январ куни Теҳронда минглаб эронликлар ҳукуматнинг қарши намойишларига қўшилган. Давлат телеканали мамлакат пойтахти марказидаги майдонда тўпланган одамларни кўрсатган — уларнинг кўпчилиги Ислом Республикаси байроқларини силкитиб турган. Кадрларга кўра, ҳукуматни қўллаб-қувватловчи шундай митинглар мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтказилган. Охирги кунлар давомида ОАВ хавфсизлик кучлари ходимларидан ўнлаб киши ҳалок бўлгани ҳақида ҳам хабар берган.

Бир кун олдин IHR намойишлар давомида камида 192 киши ўлдирилганини маълум қилган эди. Ўз навбатида, АҚШда жойлашган HRANA ҳуқуқни ҳимоя қилиш тармоғи ўша куни қурбонлар сонини 538 нафар деб баҳолаган.

8 январдан бери Ислом Республикасидан ахборот оқими ҳокимият жорий этган интернетнинг тўлиқ блокланиши сабаб кескин чекланган. 11 январ куни DW журналисти Нилуфар Голамий хабар беришича, мамлакатдан келаётган маълумотларни кузатиб боришга фақат Starlink сунъий йўлдош алоқаси орқали эришилмоқда. Унинг аниқлашича, ўша куни Эрон ҳокимияти биринчи марта ҳаводан кузатиш орқали намойишчиларнинг шахсини аниқлаш имконини берувчи патрул дронларидан ҳам фойдаланган.

Голамийнинг сўзларига кўра, куч ишлатувчи тузилмалар ҳаракатлари тобора қатъийлашмоқда, чунки бу намойишлар Эрондаги олдинги митинглардан кескин фарқ қилади. DW журналисти маълумотларига кўра, ҳатто касалхоналар ҳам одамлар учун хавфсиз эмас. “Ярадорларни куч тузилмалари томонидан ўғирлаб кетиш хавфи жуда юқори. Кўп ҳолларда улар ўлдирилганларнинг жасадларини оилаларига қайтаришдан бош тортяпти”, — деб хабар беради Голамий.

Эрон раҳбариятига қарши ҳар куни ўтаётган оммавий намойишлар 2025 йил 28 декабрда бошланган. Эрон хавфсизлик кучлари намойишчиларга нисбатан қаттиқ чоралар кўраётганига қарамай, Теҳрон ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарлари кўчаларига кўп минглаб намойишчилар чиққан. Намойишчилар қозон-товоқларга уриб, “Хоманеийга ўлим” деган шиорларни айтган, мурожаатларини Эроннинг олий раҳбари — оятуллоҳ Али Хоманеийга қаратган, автомобил ҳайдовчилари эса қўллаб-қувватлаш белгиси сифатида сигнал чалган.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) 10 январ куни намойишларни бостириш билан таҳдид қилган. Давлат хавфсизлигини таъминлаш Эрон ҳарбийлари учун “қизил чизиқ” ҳисобланади, шунинг учун “армия куч қўллаш орқали миллий манфаатларни, мамлакатнинг стратегик инфратузилмасини ва жамоат мулкини ҳимоя қилади”, — деди ИИМК раҳбари давлат телеканали эфирида.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид