Жаҳон | 21:00 / 13.01.2026
10297
9 дақиқада ўқилади

Эрондаги намойишлар: қурбонлар сони минглаб бўлиши мумкин

Теҳрондагилар урушга ҳам, АҚШ билан музокараларга ҳам тайёрлигини айтмоқда.

Фото: Reuters

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи душанба куни Доналд Трампнинг таҳдидларига жавобан Ислом республикаси АҚШ билан урушга ҳам, музокараларга ҳам тайёрлигини маълум қилди. Хорижда ишловчи эронлик ҳуқуқбонлар намойишлар бошидан буён юзлаб кишилар ҳалок бўлганини хабар қилишмоқда ва бу рақамлар аслида минглаб бўлиши ҳам мумкинлиги таъкидланмоқда. Мамлакатда интернет тўлиқ ўчирилгани туфайли якуний рақамларни тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Қурбонлар сони ошмоқда

Қароргоҳи Норвегияда жойлашган Iran Human Rights (IHR) ҳуқуқ ташкилоти душанба кунига келиб Эрондаги тўқнашувлар чоғида ҳалок бўлганлар сони камида 648 кишини ташкил этаётгани ҳақида хабар берди.

Ҳуқуқ фаоллари қурбонларнинг асл сони анча каттароқ бўлиши ва олти минг нафаргача етиши мумкинлигини тахмин қилишган, аммо мамлакатда интернет ўчирилгани туфайли ўлим ҳолатлари ҳақидаги кўплаб хабарларни текшириб бўлмаяпти.

28 декабр куни аввалига иқтисодий муаммолар туфайли бошланган намойишлар кўп ўтмай Эрон ҳукмрон режими тарихидаги энг жиддий таҳдидлардан бирига айланди.

Январ ойи бошидан кучишлатар тузилмалар намойишларни куч билан бостиришга киришди. Мухолифатчиларнинг айтишича, расмийлар қатағон кўламини яшириш учун ҳам интернетни ўчиришган.

Сўнгги кунларда мамлакатда режим тарафдорлари ҳам кўчаларга чиқа бошлаган.

АҚШ президенти Доналд Трамп якшанба куни Эрон раҳбарияти вакиллари музокаралар ўтказиш таклифи билан алоқага чиққанини маълум қилди. Сўнгги ҳафталарда Трамп бир неча бор АҚШ вазиятга аралашиши билан таҳдид қилганди.

«[Аммо] биз бу учрашувдан олдинроқ бошлаб юборишимизга тўғри келиши мумкин», – деганди Трамп.

«Эрон Ислом республикаси урушга интилмайди, аммо унга тўлиқ тайёр, – деди ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Теҳронда давлат телевидениеси орқали намойиш этилган хорижий элчиларнинг конференциясида. – Биз музокараларга ҳам тайёрмиз, лекин бу музокаралар адолатли, тенг ҳуқуқли ва ўзаро ҳурматга асосланган бўлиши керак».

Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий Арақчи ҳамда Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф ўртасида алоқа ўрнатилганини маълум қилган. АҚШ ва Эрон ўртасида дипломатик муносабатлар йўқ – АҚШнинг Эрондаги фуқаролари масалалари билан Швейцариядаги элчихона шуғулланади.

Эронда ўтган ҳафтанинг пайшанба кунидан буён интернет ўчиқ қолмоқда.

Интернет соҳасидаги тадқиқотчи Алиризо Манафийнинг айтишича, ҳозирда Эронда интернетга уланишнинг ягона йўли – Starlink сунъий йўлдош терминалларига эга бўлишдир. Шу қурилмалар ёрдамида эронликлар ижтимоий тармоқларда намойишлар вақтида олинган видео ва фотоларни тарқатмоқда. Манафий Starlink эгаларини эҳтиёткор бўлишга чақирган: бундай қурилмалар орқали уланиш расмийлар томонидан кузатилиши мумкин.

Халқаро ахборот агентликлари эса воқеаларни Эрондан туриб ёритиш имкониятидан деярли маҳрум, ишлашга рухсат берилган журналистларнинг ҳаракатлари ҳам қатъий назорат остида.

Қурбонлар ҳақидаги маълумотлар IHR, шунингдек, АҚШда ишловчи Human Rights Activist News Agency ташкилотлари томонидан йиғилади ва эълон қилинади. Бундан ташқари, мустақил нашрлар ҳам марҳумларнинг яқинлари билан гаплашиб, ўлим ҳолатларини ва вафот этганларнинг шахсини аниқламоқда.

Эронда олинган юзлаб видеороликлардан бири ўликхонада олинган бўлиб, унда ўнлаб жасадларни кўриш мумкин.

Маҳаллий вақт билан якшанба кунига ўтар кечаси, соат 00:45 да маҳаллий телеграм-каналларда тарқалган бу видеода Теҳрон марказидан 20 км масофада жойлашган ўликхонада тобут кўтарганча йиғлаётган кишилар кўрсатилган.

Эронликлар одатда бундай маросимда «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!» дея ҳайқиришади, аммо бу видеода фақат шундай сўзларни эшитиш мумкин: «Хоминаийга ўлим!»

Видеонинг катта қисми маросим иштирокчиларининг шахсини яшириш учун хиралаштирилган, аммо BBC маросим айнан қайси ўликхонада бўлиб ўтганини унинг расмларини Google Photos’даги расмлар билан солиштириш орқали тасдиқлашга муваффақ бўлди.

AFP журналистлари аниқлашича, Қаҳризакда олинган кадрларда қора қопларга ўралган жасадлар ва улар орасидан ўз яқинларини қидираётган азадор қариндошларни кўриш мумкин.

Эрон давлат нашрлари эса ўлдирилган ўнлаб кишилар кучишлатар тузилмалар ходимлари эканини айтмоқда. Расмийлар уларнинг айримларининг дафн маросимларини ҳукумат тарафдорларининг катта митингларига айлантиришга ҳаракат қилмоқда.

Ҳукумат реакцияси

Эрон суд ҳокимияти раҳбари Ғуломҳусайн Муҳсиний-Ажоий прокурорларни ишларни «имкон қадар тезроқ» кўриб чиқиш учун махсус хизматлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирди. У ҳам Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ва Эрон раҳбариятининг бошқа аъзолари каби намойишчилар АҚШ ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланаётганини айтиб чиқди.

Эрон бош прокурори Муҳаммад Козим Мувоҳидий-Озод 10 январ куни тартибсизликларнинг барча иштирокчилари «Аллоҳга қарши уруш»да айбланиши мумкинлигини айтди – бунинг учун Эронда ўлим жазоси белгиланган. 2022 йилда бўлиб ўтган йирик норозилик намойишларида ҳам расмийлар намойишчиларнинг бир қисмини айнан шундай айблов қўйиб қатл этганди.

Эрон давлат телевидениеси вазият тинчланаётганини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда, масалан, сокин кўчалар ва улардаги одатий ҳаракат тасвирлари намойиш этилмоқда. Теҳрон губернатори Муҳаммад-Содиқ Мотамедиан телевидение орқали намойишлар сони камайиб бораётганини айтиб чиқди.

IRIB Эроннинг бир қанча шаҳарларида ҳукумат тарафдорлари томонидан ўтказилган митинглар тасвирларини намойиш этди.

Ҳукумат «тартибсизликлар» қурбонлари хотирасига уч кунлик миллий мотам эълон қилди, давлат телевидениеси эса бир қанча шаҳарларда ҳукмрон режимни қўллаб-қувватлаш мақсадида бошланган митингларга оид кадрларини намойиш этди.

IRIB телеканали тарқатган кадрларда кўчалар одамлар билан тўлганини кўриш мумкин, тармоқнинг телеграм-каналидаги таржима қилинган постлардан бирида намойишчилар яқинда содир бўлган «террорчилик ҳаракатлари»га қарши бирдамлик белгиси сифатида кўчаларга чиққани айтилади.

BBC Форс хизмати хабарига кўра, душанба куни бутун мамлакат аҳолисига ҳокимиятни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилаётган митингларда иштирок этиш таклиф қилинган смс-хабарлар юборилган.

«Халқ томонда туринг»

Эроннинг ағдарилган шоҳининг ўғли, ҳозирда АҚШда яшовчи Ризо Паҳлавий Эрон хавфсизлик кучлари ва давлат хизматчиларини ҳокимиятга қарши намойишларга қўшилишга чақирди.

«Давлат идоралари ходимлари, шунингдек, қуролли кучлар ва хавфсизлик кучлари аъзоларида танлаш имконияти бор: халқ томонида туриб, миллат иттифоқчисига айланиш ёки халқ қотилларига шерик бўлиш», – деб ёзди у ижтимоий тармоқда.

Шунингдек, у хориждаги намойишчиларни Эрон элчихоналари биноларида ўрнатилган байроқларни алмаштиришга чақирган. «Уларни Эрон миллий байроғи билан безатиш вақти келди», – дейди у.

Эроннинг Лондондаги элчихонаси яқинидаги дарахтда намойишчилар шер ва қуёш тасвири туширилган байроқни кўтарган
Bloomberg via Getty Images

Хорижда яшовчи эронликлар одатда намойишлар вақтида ватандошларни қўллаб-қувватлаш учун митингларда инқилобдан олдинги байроқни кўтаришади.

Лондонда дам олиш кунлари шундай митинг иштирокчиларидан бири Эрон элчихонаси балконига чиқиб, Ислом республикаси байроғини шер ва қуёш тасвирланган эски шоҳ байроғига алмаштирди. Эрон ТИВ ушбу воқеа муносабати билан Буюк Британиянинг Теҳрондаги элчисини чақиртирган.

АҚШнинг Яқин Шарқдаги собиқ элчиси ва президент Жо Байденнинг Яқин Шарқ бўйича собиқ махсус вакили Дэвид Саттерфилд BBC’га айтишича, Эрон ҳукумати энди аҳолининг асосий эҳтиёжларини қондиришга қодир эмас.

Гап нафақат юқори ва ўрта, балки аҳолининг энг қашшоқ қатламларини ҳам сув, ёқилғи, электр энергияси ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан қулай нархларда таъминлаш ҳақида бормоқда.

«Режимда норозилик сабабларини бартараф этиш учун ресурслар йўқ. Агар 2022 йилги норозилик намойишларида бўлгани каби маданий тадбирлар ҳақида гап кетса, режим аёлларга нисбатан чекловларни бекор қилиши, дресс-код қоидаларини юмшатиши мумкин ва ҳақиқатан ҳам шундай қилди, маънавият полицияси сочни ёпиб юришни талаб қилишни тўхтатди. Аммо одамлар яшаш минимуми, қадрсизланмайдиган валюта, ёқилғи, электр энергияси, сувни талаб қилганда, режим буни осонликча бера олмайди», – дейди Саттерфилд.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид