Жаҳон | 12:09
3645
3 дақиқада ўқилади

Испания полицияси 10 тонна кокаин юкланган кемани қўлга олди

Халқаро ҳамкорлар қўлга олган кема Бразилиядан Европага келаётган бўлган. Бу очиқ денгиз тарихидаги энг йирик кокаин мусодараси ҳисобланади.

Фото: Испания полицияси

12 январь куни Испания полицияси ва денгиз кучлари очиқ денгиз тарихидаги энг йирик кокаин мусодарасини амалга оширди. 10 тонна гиёҳванд модда Бразилиядан Европага йўл олган кемада аниқланган. Камерун байроғи остидаги кемада 294 та қоплардаги кокаин туз юклари орасига яширилган бўлган.

Рейддан сўнг кема ёқилғисиз деярли 12 соат давомида денгизда қотиб қолди ва Испаниянинг денгиз қутқарув хизмати уни Канар оролларига судраб олиб борди.

Полиция текширув Жанубий Америкадан Европага катта миқдорда кокаин экспорт қилиш билан шуғулланганликда гумон қилинаётган кўпмиллатли ташкилотни нишонга олганини билдирди.

Полиция кадрларида улар туз остидан кокаинни белкурак ва қўллари билан кавлаб чиқараётгани, сўнгра боғламаларни пиерга ташиётгани кўринади.

Бу миқдордаги гиёҳванд модданинг тахминий бозор қиймати — 400 миллион еврога баҳоланмоқда. Бундан ташқари, бортда ўқотар қурол ва ўқ-дорилар ҳам топилди. Экипажнинг 13 нафар аъзоси ҳибсга олинди.

Фото: Испания полицияси

«White Tide» (Оқ тўлқин) деб номланган халқаро операцияда Испаниянинг полициясидан ташқари, Денгиз таҳлили ва операциялари маркази, АҚШнинг Гиёҳванд моддаларга қарши кураш бошқармаси, Буюк Британиянинг Миллий жиноятчилик агентлиги, Бразилия Федерал полицияси, Испаниянинг разведка маркази ҳамда Франция ва Португалия расмийлари иштирок этди.

Душанбадаги операцияни полиция халқаро наркотик савдоси тармоқларига берилган тарихий зарба деб атади.

Испаниянинг Лотин Америкаси билан яқин алоқалари уни Европага гиёҳванд моддалар кириб келишидаги асосий дарвозалардан бирига айлантиради. 2024 йилда Испания полицияси Эквадордан келган контейнер кемасидан 13 тонна кокаинни мусодара қилган — бу мамлакат тарихидаги энг йирик бундай қўлга олиш ҳолати бўлган. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид