Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда суд қанчалик мустақил ва эркин? – фаоллар билан суҳбат
“Ҳар бир соҳада маълум бир масалани ечувчи — хоҳ бу суд бўлсин, хоҳ бу ОАВ — ёқмайдиган тарафлари бўлиши мумкин”, “туман, вилоят даражасидан кўра Олий судда ишлар, адолатлироқ, қонунийроқ кўрилади”, “қанақадир даражада озгина коррупциялашган, соғ бўлмаган бир муҳит бор”, “қачонки ҳокимиятнинг учга бўлиниш принципи тўғри амалга оширилса, суд ҳам яхши ишлаб кетиши мумкин”… Kun.uz студиясида суд тизимидаги вазият муҳокама қилинди.
Унда жиноят ишлари бўйича судя Сарвар Мамадиев, адвокат Жаҳонгир Муталибов, инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳамда сиёсатшунос Ҳамид Содиқ иштирок этди. Қуйида суҳбатдан қисқа шарҳ келтирилади.
“[Суд] қарорига таъсир қилишга ҳаракатлар бўлади” – судя
Дастлаб Мамадиев суднинг мустақиллигини тушунтираркан, ҳеч бир ташқи ёки ички таъсирларсиз, айнан қонунда белгиланган тартиб, асослар билан иш кўрилиши уни таъминлашдаги ягона омил эканини айтди.
“Бу мустақилликка таъсир бўляптими, деганда, албатта, ҳар бир соҳада маълум бир масалани ечувчи ёки маълум бир долзарб муаммони кўтарувчи хоҳ бу суд бўлсин, хоҳ бу оммавий ахборот воситалари бўлсин, хоҳ бир жамоат ташкилотлари бўлсин, қандайдир бунинг ёқмайдиган тарафлари, ёқмайдиган кучлари бўлиши мумкин. [Бунда суд] қарорига таъсир қилишга ҳам ҳаракатлар бўлади”, – дейди у.
Kun.uz'нинг эътибор қаратишича, ҳудудлар кесимида суд раиси лавозимлари мавжуд экани ҳам судялар ва уларнинг қарорларига таъсир ўтказиши мумкин бўлган нуқта бўлиб қолмоқда. Сарвар Мамадиев бу фикрга қўшилмаслигини, айнан ташкилий масалаларда туман ва шаҳар суд раислари судяларга ёрдам қилишини билдирди.
“Суд иккита йўналишда ишлайди. Биринчидан, ташкилий масалалари бор, иккинчидан, процессуал масалалари бор. Процессуал масалаларда судя мустақил. Ташкилий масалаларда ишга келиб-кетиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, судялик мақомида ўзини тўғри тутиши, бу ҳолатларда назорат амалга оширилади. Лекин айнан кўрилаётган иш юзасидан уни назорат қилишга ҳаққимиз йўқ.
Суд назорати бор тушунча. Бу қандай йўл билан амалга оширилади? Тарафлардан келиб тушган шикоят ёки протест асосида суд ҳукмларни назорат қилади. Фақат бу ҳам процессуал тартибда. Бу шикоят ёки протест бўлмайдиган бўлса, уни ўзидан ўзи келиб, мана бу ишинг бўйича менга тушунтириш бер, дейишга ҳақли эмас, қонунда тақиқлаб қўйилган.
Лекин яна бир такрор айтаман, албатта бир ташкилот бўлгандан кейин у ташкилотда албатта раҳбар бўлиши керак. Бу ерда фақатгина процессуал масалалар эмас, ташкилий масалалар ҳал этилади: бино, у ерга одамларнинг келиб-кетиши, фуқароларнинг мурожаати масаласи. Судя ўзи кўраётган иш бўйича қандайдир норозилик бўлиб, фуқаро мурожаат қиламан деса, ўша судя билан ҳали қарор қабул қилинмасдан туриб гаплашишга ҳаққи йўқ.
Ёки, масалан, кўрилаётган иш бўйича интервю беришга ҳаққи йўқ. Бу ҳолатларда ўша раис ҳолатни мувозанатда ушлаб туради ва фуқаролардан келаётган мурожаатлар, судяни қийнаётган ташкилий масалалар, мисол учун ўша бинонинг ҳозир бўлиши, бинода ҳамма иштирокчиларга шароит тенг яратилган бўлиши, судяларнинг ўзининг ўша ташкилий масалалардаги компьютери, унинг қоғози, ҳар бир ҳолатини судя ўзи ташкил қилмайди. Демак, суднинг раиси ва ўша раҳбарият мана шу масалаларни тўлдириб туради”, – деди судя.
Унинг қўшимча қилишича, раислик лавозимлари бундан кейин тайинланмайди, судялар орасида овоз бериш йўли билан сайланади. “Бунда демак давлат ҳам ва ўша судялар ҳамжамияти ҳам масаланинг оғриқли жойлари борлигини сезди ва бу масалани ҳал қилишга қаратилган қарорлар қабул қилинди”, – дея биринчи саволга жавобини якунлайди Мамадиев.
“Туман, вилоят даражасидан кўра, Олий судда ишлар адолатлироқ кўрилади” – адвокат
Жаҳонгир Муталибовга кўра бугунги кунда кўплаб адвокатлар суд чиқарган қарорлари билан келишмайди. Уларнинг фикрича, туман ва шаҳар суд раисларининг ҳукмларга таъсири йўқ эмас, бор. Муталибов буни тушуниш мумкин бўлган ҳолат сифатида тасвирлаган.
“Шу ҳолатларда эшитганмиз ҳам, “раис билан маслаҳат қиламиз” деган жойлари бор. Ҳозир унақа гаплар камайиб қолди, авваллари кўп эди. Судялар устидан жамоатчилик назорати ҳам, оммавий ахборот воситалари ҳам у даражада кучли эмас эди, шу пайтда албатта бундан фойдаланишарди. Энди раис деган номи бор, қайси ташкилотга борсангиз ҳам раҳбар — раҳбар-да. Энди раҳбар ҳам ўзининг қўл остидаги ходимнинг барибир бўйсунишини хоҳлайди, айтганини қилишини хоҳлайди. Раиснинг ҳам танишлари бор, унга ҳам ўзига яраша босим ўтказилади. Шу ҳолатда табиийки, у ўз қўл остидаги судяни чақириб, унга босим қилиб “мана шундай қарор чиқарасан” демаса ҳам, ўзининг вазиятини тушунтиради ёки ишда келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоли ҳолат юзага келишини тушунтиради. Шу орқали барибир таъсир қилади. Бу нарсанинг мутлақо таъсири йўқ деб айта олмайман”, – дейди у.
Адвокатнинг фикрича, қуйи инстанциялардан кўра, Олий судда ўтадиган жараёнлар адолатли ва қонунийроқ бўлади.
“Мен ҳар доим айтаман, туман, вилоят даражасидан кўра Олий судда ишлар, адолатлироқ, қонунийроқ кўрилади, менинг наздимда. Шунақа туман суди даражасида ёки вилоят суди даражасида иш кўрилаётган бўлса, баъзида очиқ-ойдин айтамиз. Мен айрим вилоятларни ҳам, мисол учун, биламан, амалиёти ҳар хил. Қайсидир вилоят оғирроқ амалиёт билан ҳукм чиқарса, қайсидир вилоят бошқача, бир хил амалиётнинг ўзи йўқ. Шундан келиб чиқиб, адвокатлар кўпчилиги вилоятда ишнинг, айтайлик, қонуний, асосли, яъни адвокат ўзи келтирган далиллар асосида бўлишини тахмин қила оладиган даражага чиқдик. Шунинг учун мен кўп одамга айтаман, Олий судгача етиб бориш эҳтимолингиз бор. Чунки Олий судда барибир энди туман судясига бўлаётган босим билан Олий суд судясига босим унақа бўлмайди. Олий суд судяси катта лавозимдаги одам. Унга етиб боришнинг ўзи осон эмас, шунинг учун у ер босимлар холироқ ҳудуд деб ҳисоблайман. Лекин туман – энг кўп босим остида қоладиган жой барибир”, – деди у.
Таъкидланишича, судяга нафақат раислари, балки бошқа раҳбарлар, дейлик туман прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи, Давлат хавфсизлик хизмати вакилларининг ҳам таъсири кучли.
“Маъмурий ричаг қаердадир бор” – инсон ҳуқуқлари фаоли
Абдураҳмон Ташанов эса бу рўйхатга ҳокимларни ҳам қўшиб, тажрибасидан мисоллар келтира бошлади. Суҳбатдошларни эса буни очиқ тан олишга, вазиятни силлиқламасликка чақирди.
“Судларга нисбатан ўша маъмурий ричаглар борлиги бўйича сиз гап бошладингизми, демак, муаммо бор. Бекорга бу гапни бошлаётганингиз йўқ. Мен сизни ҳамкасб сифатида кўнглингиздаги гапларни билиб ўтирибман ва буни ҳозир текислаб, силлиқлаб гапиришнинг ҳам ҳожати йўқ, тўғридан тўғри тан олайлик. Бу бор нарса. Ўтган куни битта гап бўлди, қайсидир вилоятга биттасини суд раиси қилиб юбормоқчи бўлишди-ю, у “мен у ерга бора олмайман, чунки ҳоким ёмон”, деди. Бундай олиб қарасангиз, ҳокимга нима дахли бор суднинг? “Ёмон ҳоким билан келиша олмайман мен у ерда”, деган, масалан, суд раҳбарларидан биттасининг ўртасида шунақанги гап бўлибди. Бу гап етиб келди.
Ва биз буни жуда яхши биламиз. Масалан, маъмурий ричаг қаердадир бор, раис сўзи бор ёки унинг ўринбосарлари деган сўз бор, демак, ўша жойда қанақадир даражада озгина коррупциялашган ёки бўлмаса, маълум даражада носоғлом муҳит бор. Айниқса Ўзбекистонда буни қатор мисолларда кўрамиз, ижтимоий тармоқларда деярли ҳар куни ўқиймиз. Албатта, судлар бундан холи эмас”, – дейди у.
Ташанов интервюда судяларнинг ҳаёти суғурталаниши масаласини кўтарди. “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 76-моддасига кўра, судялар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари белгиланган. Аммо суҳбатдош бу амалда етарлича ишламаётганини тушунтиришга уринди.
“Мана, битта мисол тариқасида айтиб кетай. Яқинда олий суд раҳбарларидан бирининг қабулида бўлдим. Биз судялардан бирининг ҳаёти суғурталанганлиги, суғурта пулини ундириш бўйича қатнашдик. Шунинг суғурта пули оиласига ажратилмади. Олий судгача борди. Олий судда кейин охири ўша раҳбарлардан бири менга айтяптики, “сизлар шу масалани кўтаринглар, судяларнинг ҳаёти суғурталанган бўлсин, ўша қонунни мукаммаллаштириш керак. Чунки ҳозирги мавжуд қонунда гўёки фақат фавқулодда бошига [ҳолат] тушса, суғурта пули тўланади, акс ҳолларда тўланмайди”, деган нарсани.
Кейин мен айтдимки, биз қандай қилиб кўтарамиз? Масалан, Олий суднинг ўзида қонунчилик ташаббуси бор. У чиқиб, шуни нимадир қилиши мумкин. Яъни ҳаёт суғурталанганлиги судяга ишонч беради, яъни у эртасини кўп ўйламайди. Эртага бирор нарса бўлиб қолса ҳам хотиржамлик бўлади. Демак, судяларнинг ўзи ҳимояланмаган бўлса… Бунинг ҳаммаси ҳаётдан олинади. Бу нарсалар ҳаётимизда бор.
Масалан, биз буни ҳозир авайлаб гапирамизми, қаттиқроқ гапирамизми, ундан қатъи назар ўша ижтимоий тармоқлар, бошқалар буни кўрсатиб турибди. Энди қонун бор-ку, нима керак масалан суд раислари ёки бўлмаса бунақанги ортиқча маъмурий механизмлар нима керак десангиз, Сарвар аканинг гапига тўқнаш келасиз. Яъни суд бўладими, бошқа идоралар бўладими, ҳамма жойда ташкилий фаолият билан боғлиқ масалалар бор. Балки буни умуман судлар тизимида техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича департамент ҳам бор, тўғридан тўғри ўшанга юклатиб ҳам қўйиш мумкин”, – дейди Ташанов.
У сўзининг сўнгида электрон тақсимланадиган суд ишлари тасодифийлик тамойилига асосан берилишини шубҳа остига олиб, айрим “дело”лар тегишли судяларга ажратилишини гапириб ўтди.
“Бу ерда марказий масала – суднинг қанчалик кўпроқ инсонга боғлангани” – сиёсий таҳлилчи
Ҳамид Содиқ бунинг сиёсий томонларига тўхталаркан, суд тизими ҳам бошқа соҳалар сингари централлашганига ишора қилди. Мутахассис ҳар бир инсонда мавжуд судлаш ҳуқуқи йиллар ўтиб давлатга берилганини, жамоатчилик шартномаси билан жазолаш фақат қонуний амалга оширилиши талаб қилинганини эслатди.
“Масала шундаки, агар ўша судлов тизимига таъсир кўрсатиш, дейлик, бир кишига юкланган ёки 150 кишига юкланган, деган дилемма ҳал қилинмайдиган бўлса, суд тизими ишламайди. Яъни оммавий қабул қилинган, ҳаммамиз билиб турган, қабул қилинган ва ўша парламентга таъсир кўрсата оладиган бир тизим бўлмагунча суд тизимини тўғрилаб бўлмайди. Чунки тизими шундай, олимлар томонидан шундай қўйилган. Агар мана шу ишламаса, демак, биз судлов соҳасини ислоҳ қила олмаймиз. Яъни бу ерда марказий масала — суднинг қанчалик кўпроқ инсонга боғланганлиги.
Қачонки ҳокимиятнинг мана шу учга бўлиниш принципи тўғри амалга ошириладиган бўлса, суд ҳам бу ерда яхши ишлаб кетиши мумкин. Шунинг учун бу ердаги асосий муаммо, мен сиёсий деб биламан ва умуман, бунинг сиёсийлиги табиий. Чунки суд давлатнинг қаҳрини легитимлаштириб беради, қонунийлаштириб беради. Ва сиз бундай ташкилотни, агар давлат демократик бўлмайдиган бўлса, эркин қўйиб бўлмайди. Умуман бошқа жойга олиб кетиб қолади. Сиз ресурсларни тақсимлай олмай қоласиз. Мана бу ресурсни бу ёққа жўнатишимиз керак, деган пайтингизда суд тақиқ қўяди, бу мумкин эмас, дейди”, – деди у.
Суҳбат давомида ОАВнинг судларни ёритиши, ёпиқ ишлар, адолатсиз ҳукмлар учун жазолаш механизми ҳақида ҳам гаплашилган. Тўлиқ интервюни юқоридаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
20:50 / 06.01.2026
“Credit House” иши бўйича зарар суммаси ҳануз аниқ эмас – суддан репортаж
18:27 / 30.12.2025
Қозоғистонда ноанъанавий жинсий муносабатлар тарғиботини тақиқловчи қонун имзоланди
08:49 / 30.12.2025
Фарғонада суд бошқарувчиси ёрдамчиси пора билан ушланди
13:28 / 26.12.2025