Жаҳон | 10:04
3468
4 дақиқада ўқилади

Қозоғистон нефти экспортига боғлиқ танкерлар Қора денгизда нишонга олинди

Либерия байроғи остида сузган Delta Harmony ва Малта байроғи остида сузган Matilda танкерлари Қора денгизда дронлар ҳужумига учради. Икки кема ҳам Қозоғистоннинг экспорт нефтини ташишда иштирок этган.

Фото: Reuters

Қозоғистон экспорт нефтини ташишга жалб этилган икки нефт танкери Қора денгизда номаълум дронлар ҳужумига учраган. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлиги 13 январ, сешанба куни ўз сайтида хабар қилди. Шу билан бирга, Reuters агентлиги номлари ошкор этилмаган манбаларига таяниб, дрон зарбаларидан учта танкер зарарланганини ёзмоқда.

Dpa агентлиги маълумотига кўра, ҳодиса Россиянинг Новороссийск порти ҳудуди яқинида содир бўлган.

Қозоғистон Энергетика вазирлигининг пресс-релизига кўра, дрон ҳужумига Matilda танкери (Малта байроғи остида сузган ва Қозоғистон миллий компанияси “ҚазМунайГаз”нинг шуъба ташкилоти томонидан ишлатилган) ҳамда Delta Harmony танкери (Либерия байроғи остида сузган ва юклашни кутиб турган) учраган.

Matilda танкерида кейинчалик портлаш қайд этилган, ёнғин келиб чиқмаган. “Экипаж аъзолари орасида ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар йўқ. Техник хизматларнинг дастлабки баҳосига кўра, танкер сузиш қобилиятини сақлаб турибди, ҳозирча корпусда жиддий шикастланиш аломатлари аниқланмаган”, — дейилади хабарда.

Delta Harmony танкерида эса ҳужум оқибатида ёнғин чиққан, у тезкор равишда бартараф этилган. “Экипаж аъзолари орасида жабрланганлар йўқ. Оператив штаб маълумотига кўра, ҳодиса пайтида кемага нефт юклаш ишлари ҳали бошланмаган, юк танклари бўш бўлган. Шу сабабли Қозоғистон Республикасининг экспорт ресурсларига зарар етмаган”, — деб таъкидлайди Қозоғистон Энергетика вазирлиги.

AFP агентлиги ва Қозоғистоннинг “Ак Жайык” онлайн нашри маълумотларига кўра, ҳужумга учраган танкерлар грек компанияларига тегишли бўлган.

“Танкерлардан бири — Delta Harmony — Delta Tankers компанияси томонидан бошқарилади ва "Тенгизшевройл" консорциуми томонидан қазиб олинадиган нефтни юклаши керак эди. Иккинчи кема — Matilda — Thenamaris компанияси бошқарувида бўлиб, манбаларга кўра, Қарачаганак конидан нефт юкланишини кутиб турган”, — дейилади “Ак Жайык” нашрида.

Грециянинг Денгиз ишлари ва орол сиёсати вазирлиги AFP’га мазкур танкерларнинг ҳеч бири жиддий зарар кўрмаганини тасдиқлаган.

Пресс-релизда дронлар қаердан учиб келгани ва бу ҳужум учун ким жавобгар экани кўрсатилмаган. Бироқ dpa агентлиги уларни украин дронлари деб атайди.

“Россия агрессиясига қарши мудофаа курашини олиб бораётган Украина қўшни давлатнинг ичкари ҳудудларида нефт-газ саноати объектларини нишонга олмоқда. Бу, бир томондан, Россия қуролли кучлари таъминотини издан чиқариш, иккинчи томондан эса Москва учун урушни молиялаштиришни қийинлаштириш мақсадини кўзлайди”, — деб ёзади муаллифлар.

Шу билан бирга, улар Каспий қувур консорциуми (КТК) инфратузилмасига ҳам бир неча бор зарбалар қайд этилганини эслатади. Қозоғистон нефти ана шу консорциум орқали Россия ҳудуди транзити билан Европага етказиб берилади.

КТК нефт қувури нефтни Қора денгизда Новороссийск яқинида жойлашган “Жанубий Озереевка” терминалигача ташишни таъминлайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид