Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Турк фармкомпаниялари Ўзбекистон бозорига кириш бўйича музокара бошлади
Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги делегацияси Истанбулда Туркиянинг етакчи фармацевтика компаниялари ва соҳавий тузилмалари билан учрашиб, қўшма лойиҳалар, локализация ва технологиялар трансфери масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги делегацияси Туркиянинг етакчи институционал ва хусусий тузилмалари билан қатор учрашувлар ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.
Учрашувлар Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида ташкил этилди. Музокараларда делегация аъзолари Туркия палаталар ва биржалар иттифоқи ҳамда турк фармацевтика саноатининг етакчи компаниялари — Abdi İbrahim İlaç, Atabay Kimya, Humanis Sağlık ва Koçak Farma İlaç ve Kimya раҳбарияти билан фикр алмашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда фармацевтика соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай инвестиция муҳити, меъёрий-ҳуқуқий базанинг изчил такомиллаштирилиши ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш, сертификатлаш, бозорга чиқариш тартиб-таомиллари ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлик масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон фармацевтика бозорининг юқори ўсиш салоҳияти, аҳолининг дори воситаларига бўлган барқарор ва ортиб борувчи эҳтиёжи, маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурлари ҳақида фикр юритди. Махсус фармацевтика кластерлари ва эркин иқтисодий зоналарда тақдим этилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида қўшма корхоналар ташкил этиш, ишлаб чиқаришни локализация қилиш, замонавий технологиялар трансфери ва илмий-тадқиқот йўналишида ҳамкорлик қилиш имкониятлари турк компанияларига тақдим этилди.
Туркия томони фармацевтика маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига олиб кириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнлари, клиник тадқиқотларни ташкил этиш, сифат назорати тизими ҳамда экспорт-импорт тартиб-таомилларига доир масалалар бўйича ҳам тўхталиб ўтди.
Ташриф доирасида делегация вакиллари турк компанияларининг ишлаб чиқариш заводлари ва фабрикалари фаолияти билан ҳам танишди. У ерда маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнлари, сифатни таъминлаш тизими, халқаро GMP стандартлари, илғор технологиялар ва инновацион ечимлар юзасидан маълумотлар олинди.
Қайд этилишича, учрашувларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида фармацевтика соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, ўзаро инвестицияларни кенгайтириш, ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Туркия фармацевтика компаниялари эса Ўзбекистон бозорига кириш ва узоқ муддатли стратегик шерикликни йўлга қўйишга катта қизиқиш билдирган.
Мавзуга оид
23:36 / 29.04.2026
АҚШда «опиум эпидемияси»га сабаб бўлган фармацевтика компанияси ёпилади
08:31 / 07.04.2026
Ўзбекистон ва Покистон юқори технологияли дори ишлаб чиқариши мумкин
18:01 / 05.03.2026
Президент Ўзбекистондаги фармацевтика корхоналари учун янги имкониятларни эълон қилди
11:02 / 03.03.2026