Спорт | 12:33
4228
11 дақиқада ўқилади

«Реал» кубокдан чиқиб кетди, «Арсенал» финалга яқинлашди

Мадридликлар янги бош мураббий бошчилигидаги илк ўйинда Сегунда вакилига ютқазди, «Арсенал» сафардаги дербида ишончли ғалабага эришди.

Фото: Diego Souto/Getty Images

Арбелоа муваффақиятсиз бошлади

Испания кубоги, 1/8 финал
«Албасете» – «Реал»
Голлар:
Виляр, 42 (1:0). Мастантуоно, 45+3 (1:1). Бетанкор, 82 (2:1). Г. Гарсия, 90+1 (2:2). Бетанкор, 90+4 (3:2)
«Реал»: Лунин, Раул Асенсио, Ҳаусен (Алаба, 65), Ф. Гарсия (Камавинга, 65), Ҳименес (Карваҳал, 77), Сестеро (Мануэл Анхел, 86), Арда Гулер, Валверде, Винисиус Жуниор, Мастантуоно (Паласиос, 77), Г. Гарсия
Огоҳлантиришлар: Ҳаусен, 65. Раул Асенсио, 90

«Реал» Ҳаби Алонсо истеъфога чиқарилиб, Алваро Арбелоа янги бош мураббий этиб тайинланган илк ўйиндаёқ соврин учун курашдан чиқди – мадридликлар Испаниия кубоги 1/8 финалида Сегунда вакили «Албасете»га сенсацион равишда мағлуб бўлди.

Албасетедаги ўйин орқали «Реал» Арбелоа раҳбарлигида қандай ўзгариши ҳақида хулоса қилиб бўлмайди. Уч кун олдин Испания Суперкубоги финалида «Барселона»га қарши майдонга тушган футболчиларнинг бир қисми бу ўйинда қатнашмади. Янги мураббий Мбаппе, Куртуа, Тчуамени, Каррерас, Беллингҳэм, Родриго ва Камавинга кабиларга дам берди. Мастантуоно анчадан буён илк бор стартда тушди, Валверде ўзининг асл позициясига – марказга қайтди, 21 ёшли Хименес унинг ўрнига ўнг қанот ҳимоясини эгаллади.

«Реал» Арбелоанинг дебют ўйинида 4-3-3 схемасида майдонга тушди, бунда ҳужум триосини Мастантуоно – Винисиус Жуниор – Гарсия ташкил этишди. Мадридликлар ўйинида яққол ажралиб турган жиҳат – стандарт вазиятлар бўлди. Гулер бурчак зарбасидан гол уришга ҳаракат қилди, кейин эса Валверде «Реал»нинг зарбалар ҳисобини очди. Бир неча дақиқа ўтиб туркиялик яримҳимоячи яхши жарима зарбаси ишлади, аммо унинг ўзи зарба беришда ноаниқ ҳаракат қилди.

Меҳмонлар ўйиннинг 75 фоиз вақтида тўпга эгалик қилишганига қарамай, «Албасете» жарима майдони ичига киришга қийналишди. Мезбонлар стартда зич ҳимояланишди ва вақти-вақти билан қарши ҳужумлар уюштиришди.

Айтиш мумкинки, «Реал» футболчиларига «Барселона»га қарши ўйиндан кейин драйв етишмади. Мадридликлар яримҳимоясидаги Валверде – Сестеро – Гулер учлиги ўз вазифаларини яхши уддалай олишмади. Арбелоа жамоаси тўпни назорат қилди, аммо голли вазиятлар ярата олмади. Меҳмонларнинг узоқ масофалардан зарба йўллашдан бошқа нарса таклиф эта олишмади. «Албасете» эса бўлим охирида ҳисобни очди. «Қироллик клуби» тарбияланувчиси ҳисобланган Виляр бурчак зарбасидан кейин тўп учун курашда Мастантуонодан устун келди ва дарвозабон Лунинга имкон қолдирмади.

«Қаймоқранглилар» учун бу жорий мавсумда иккинчи қаватдан ўтказиб юборилган тўққизинчи голга айланди, бу эса Ла лиганинг барча жамоалари орасидаги энг ёмон кўрсаткич ҳисобланади. Шу билан бирга, «Реал» тезда ҳисобни тенглаштирди. Сентябр ойидан буён гол урмаган Мастантуоно ҳам стандарт вазиятдан кейин рақиб жарима майдони ичида юзага келган тартибсизликдан фойдаланиб қолди ва ўтказилган голдаги айбини ювди.

Иккинчи бўлимда «Реал» ўз ўйинини чинакамига кучайтирди. Мадридликлар кучли босим уюштиришди – рақиб бу ҳужумларга катта қийинчилик билан бардош берди. «Албасете» бош мураббийи иккинчи бўлим бошланганидан 10 дақиқа ўтибоқ учталик алмаштиришни амалга оширди. Иккинчи бўлим стартидаги 15 дақиқаликда мадридликлар зарбалар сони бўйича биринчи бўлимдаги нормани (6) бажариб бўлишди.

Шундан кейин Арбелоа ҳам захира кучларини ишга солиб, аввалига Алаба, Камавинга, Карваҳал каби тажрибали футболчиларни майдонга туширди. Ўйин якунига 20 дақиқа қолганида эса 21 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи Паласиос ҳам «Реал»нинг асосий таркибида дебют қилди.

Бу вақтда «Албасете» чуқур ҳимояга ётди, лекин кутилмаганда қарши ҳужум уюштириб, яна ҳисобда олдинга чиқиб олди. Иккинчи бўлимда захирадан тушган Бетанкор 82-дақиқада Гарсия узоқлаштира олмаган тўпни эгаллаб олди ва Лунинни яна бир бор дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур қилди.

«Реал» мағлубиятдан қутулиб қолиш учун тўлиқ куч билан олдинга ташланди. Мадридликлар қайдномасида бошқа ҳужумчи йўқ эди ва Арбелоа яна бир ҳавбекни олдинги чизиқ учун ташлади – «Кастиля»нинг 21 ёшли сардори Моран ҳам асосий жамоада дебют қилди. Қўшимча дақиқаларда эса Гарсия ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлим охири биринчи бўлим охирини такрорлади. Гонсало ҳам худди Мастантуоно каби хатоси учун айбини ювиб, бурчак зарбасидан кейин мувозанатни тиклади.

Кейин эса майдонда ақл бовар қилмас воқеа рўй берди. Барча қўшимча бўлимларга тайёргарлик кўраётганди, «Албасете» эса қарши ҳужум уюштирди ва ғалаба голини уриб кетди. Яна ўша Бетанкор майдон марказидан «Реал» жарима майдонигача етиб борди. Форвардни ҳимоячилар қувиб етишди, аммо у жарима майдонига кирди ва биринчи зарбасини Карваҳал блоклади. Тўп яна Бетанкорга қайтди ва у иккинчи уринишда тўпни айлантириб дарвоза тўрига ташлаб қўйди. Лунин бу вазиятда томошабинга айланди ва «Реал» турнирни тарк этди.

Энди Арбелоа тарихга жамоанинг ўз дебютида титул учун курашдан чиққан учинчи мураббийига айланди. У энди Европа Суперкубоги учун ўйинларда ютқазган Гус Ҳиддинк ва Ҳулен Лопетеги билан битта даврада.

«Арсенал»да мағлубиятсиз серия

Англия лигаси кубоги, 1/2 финал
«Челси» – «Арсенал» 2:3
Голлар:
Уайт, 7 (0:1). Йокереш, 49 (0:2). Гарначо, 57 (1:2). Субименди, 71 (1:3). Гарначо, 83 (2:3)
«Челси»: Санчес, Чалоба, Фофана (Ҳато, 75), Кукуреля (Адарабиойо, 81), Ачимпонг (Бадиашиле, 53), Фернандес, Сантос, Жоао Педро (Меука, 81), Педру Нету, Эстевао, Гиу (Гарначо, 53)
«Арсенал»: Аррисабалага, Салиба, Габриэл Магаляйнс, Тимбер, Уайт, Райс (Габриэл Жезус, 82), Субименди, Эдегор (Мерино, 68), Троссар (Мартинелли, 67), Сака, Йокереш (Ҳаверц, 82)
Огоҳлантиришлар: Эстевао, 42. Кукуреля, 44. Бадиашиле, 65. Педру Нету, 90 – Троссар, 42. Аррисабалага, 75. Мерино, 78. Тимбер, 90

«Челси» «Арсенал»ни 2021 йил августидан буён енга олмайди (Лондондаги ўйинларда 2018 йилдан буён). Англия лигаси кубоги яримфиналида ҳам ғалабасиз серия давом этди (тўққиз ўйин).

«Арсенал» билан ўйин «Челси»нинг янги бош мураббийи Лиам Росениор учун жиддий синов эди. Унинг дебюти Англия кубогида «Чарлтон»га қарши ўйинга (5:1) тўғри келганди, аммо қуйи лига жамоасига қарши бу натижа деярли ҳеч нарсани исботламасди. Шунинг учун «Арсенал» билан ўйинни «Челси» мухлислари икки ҳисса қизиқиш билан кутаётганди.

Лекин Лиам уларни қойил қолдира олмади. Жароҳатлар ва дисквалификация туфайли «Челси» бош мураббийининг имкониятлари чекланганди. Дисквалификацияга учраган Мойзес Кайседо ўрнида Андрей Сантос ўйнади. Ўнг қанот ҳимоясида жисмоний ҳолати яхши бўлмаган Рис Жеймс ўрнини Ачимпонг эгаллади. Мареска даврида деярли имкон берилмаган Марк Гиу қаторасига иккинчи ўйинда марказий ҳужумчи позициясида ҳаракат қилди. Коул Палмер ҳам саломатлигидаги муаммо туфайли қайдномадан ўрин олмади ва унинг ҳужумчи ортидаги позициясида Жоао Педро туширилди.

Микел Артета ҳам ашаддий рақибга қарши жиддий ротация қилиб ўтирмади ва деярли оптимал таркибни майдонга ташлади.

Ўйин стартида шу тезис тасдиғини топди: Артета қайси футболчиларни майдонга туширмасин, улар доимо стандарт вазиятларда хавфли бўлишади. «Челси» меҳмонларнинг бу қуролига қарши тайёрлангани тайин. Аммо амалда барчаси Артетанинг режаси бўйича кетди. Еттинчи дақиқадаёқ «Арсенал» илк бурчак зарбасидан унумли фойдаланди: Деклан Райс тўпни дарвозабон ҳудудига оширди, Бен Уайт тўп учун курашда Жоао Педродан устун келди ва боши билан Роберт Санчес қўриқлаётган дарвозани ишғол этди. Бу жамоанинг стандартлар бўйича мураббийи Никол Жовер номидаги навбатдаги голга айланди.

«Арсенал» ҳисобни очганидан кейин тўпни рақибга топширди (биринчи бўлимда 55 фоизга қарши 45 фоиз), лекин ўйинни назоратида ушлаб турди. Марказда Райс — Субименди — Эдегор триоси хотиржамлик ва ишонч билан ўйнашди. Керак бўлганда темпни пасайтиришди, керак бўлганида тезкор ҳужумлар бошлаб беришди. Йоекереш камида икки марта дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетиши мумкин эди, аммо унга тезлик етишмади.

«Канонирлар»нинг иккинчи дарвозабони Кепа Аррисабалагага фақат 31-дақиқада ўзини кўрсатиши талаб этилди ва у Эстевао Виллианнинг мураккаб зарбасини қайтаришни уддалади.

«Челси» танаффусдан ҳисобни тенглаштириш вазифаси билан қайтди. Аммо яна барчаси бошқача кетди. 49-дақиқада Бен Уайтнинг қанотдан узатмасини Виктор Йокереш дарвозага тўғрилаб юборди – 2:0. Бу вазиятда «Челси» дарвозабони Санчес тўпни қўлдан чиқариб юборди ва швециялик ҳужумчи осонлик билан бўш дарвозани ишғол этди.

53-дақиқада Росениор ўйин давомидаги энг яхши қарорини қабул қилди ва Алехандро Гарначони жангга ташлади. Аргентиналик вингер кўп ўтмай ҳисобни қисқартирувчи голни урди: у жарима майдонида ёлғиз қолдирилди ва «Арсенал» дарвозасини ўққа тутди.

Меҳмонлар иккинчи бўлимда яна тўпни «Челси»га топширишганди (61 га 39 фоиз) ва ҳисобга қараб ўйнаётганди. Аммо Гарначонинг голидан кейин Артета шогирдлари яна тўлиқ куч билан олдинга ўтишди ва кетма-кет хавфли вазиятларга эга бўлишди. 71-дақиқада эса Субименди чиройли гол муаллифига айланиб, амалда ўйин тақдирини ҳал қилди.

Бироз ўтиб меҳмонлар ҳисобни йириклаштириши мумкин эди. Аммо бу сафар Санчес Микел Меринонинг яқин масофадан йўллаган кучли зарбасини оёқлари учи билан қайтариб, «Челси»ни шармандаликдан қутқарди. Кейин эса Гарначо иккинчи бор ўйинга интрига қайтарди. Аргентиналик футболчи 83-дақиқада бурчак зарбасидан кейин ўзига келиб қолган тўпга кучли зарба берди – 2:3. 

Аммо «Челси»нинг ҳисобни тенглаштиришга бўлган уринишлари бесамар кетди. Росениор топ-рақибга қарши ўйинда ютқазди, «Арсенал»нинг дербидаги мағлубиятсиз серияси давом этди. Энди жамоалар 3 феврал куни «Эмирейтс»да жавоб ўйинида майдонга тушади.

Мавзуга оид