Жамият | 11:10 / 16.01.2026
1957
2 дақиқада ўқилади

Наманганда тезкор тадбирларда қарийб 21 кг “гашиш” муомаладан олинди

Давлат хавфсизлик хизмати, Чегара қўшинлари ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда Наманган вилояти ҳудудида ўзбек-қирғиз давлат чегараси яқинида ҳамда Янги Наманган туманида гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ икки ҳолат аниқланиб, гумонланувчилар ушланди.

Фото: ДХХ

Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Чегара қўшинлари ва вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

Биринчи ҳолатда Андижон шаҳрида яшовчи, 1985 ва 1989 йилларда туғилган икки нафар фуқаро ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг Наманган вилояти Уйчи тумани “Янгиер” МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатиб текширилган. Текширув натижасида уларнинг юк сумкаси ичида 19 кг 169 г “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, тезкор тадбир давомида наркотикни олиб кетишга кўмаклашиш мақсадида келган, 1990 йилда туғилган ҳамшаҳари ҳам ушланган.

Терговга қадар текширувда қонунбузарлар қирғизистонлик наркосавдогар билан тил бириктириб, гиёҳвандлик моддасини келгусида сотиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудига контрабанда қилгани маълум бўлган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми ҳамда 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Иккинчи ҳолатда эса ДХХ ва ИИО ходимлари томонидан ўтказилган бошқа тезкор тадбирда Янги Наманган туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган, муқаддам судланган аёл 1 кг 953 г “гашиш” моддасини қабул қилиб олган вақтида ушланган. Маълум қилинишича, у моддани шахси ҳозирча аниқланмаётган фуқародан 200 млн сўмга сотиб олишга келишган бўлиб, гиёҳвандлик воситаси Марғилон шаҳридан йўловчи машинада матолар орасига яширилган ҳолда юборилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳам аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид