Жаҳон | 13:46
696
5 дақиқада ўқилади

FT: ЕИ аъзолик учун икки босқичли модел устида ишлаяпти

Еврокомиссия ишлаб чиқаётган дастлабки режага кўра, Украина иттифоққа қўшилиши мумкин, аммо ваколатлари чекланган бўлади, деб ёзади FT. Нашр маълумотича, лойиҳа ҳозир муҳокама босқичида.

Фото: AP

Брюссел совуқ уруш давридан бери амал қилиб келаётган ЕИга қўшилиш (кенгайиш) тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқмоқда ва уни Украина Киев ҳамда Москва ўртасида тинчлик келишуви тузилган тақдирда тезроқ аъзо бўлишига ёрдам бериши мумкин бўлган икки босқичли модел билан алмаштиришни истаяпти. Бу ҳақда Financial Times (FT) газетаси жума куни, 16 январда хабар берди.

Еврокомиссия тайёрлаётган дастлабки режага кўра, Украина Европа Иттифоқига қўшилиши мумкин, бироқ чекланган ваколатлар билан. Масалан, Киев дастлабки босқичда ЕИ саммитлари ва вазирлар даражасидаги учрашувларда тўлиқ овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмайди. Шу билан бирга, лойиҳага кўра, у ягона бозорнинг бир қатор соҳаларига, қишлоқ хўжалиги субсидияларига ва иттифоқнинг ички молиялаштириш инструментларига босқичма-босқич кириш имкониятини олади.

“Ғайриоддий замонлар ғайриоддий чораларни талаб қилади. Биз кенгайиш жараёнини емирмаяпмиз. Биз кенгайиш концепциясини кенгайтиряпмиз”, — деди ЕИ дипломатларидан бири.

Шу орада ЕИга аъзо бўлган айрим давлатлар ва аъзоликка интилаётган мамлакатлар вакиллари Еврокомиссия билан норасмий муҳокамалар чоғида ушбу концепция уларда чуқур хавотир уйғотаётганини билдирган. Улардан баъзилари бу ёндашув иттифоқнинг келажакдаги барқарорлигига салбий таъсир қилиши, аъзолик қадрини пасайтириши ва номзод давлатлар норозилигига сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

Бундан ташқари, “соддалаштирилган” кенгайиш вариантини Босния ва Ҳерцеговина, шунингдек Туркия каби давлатларга ҳам таклиф этиш мумкинми, деган саволлар пайдо бўлмоқда.

Шу билан бирга, Албания бош вазири Эди Рама Politico нашрига бу чоралар “яхши ғоя” эканини айтган ва Тирана маълум бир давр мобайнида Брюсселда еврокомиссарга эга бўлмасликка ҳам рози бўлишини билдирган.

Унинг сўзларига кўра, Албания Франция ва Германия каби йирик асосчи давлатларнинг иродасига қарши чиқишни истамайди. “Охир-оқибат, улар — оилада муҳим қарорлар қабул қиладиган катталар”, — деди у ва шундай қўшимча қилди: агар бу давлатлар “ниманидир синдириб” қўйса, бу янги аъзоларнинг айби бўлмайди.

Шунга ўхшаш позицияни Гуржистоннинг 5-президенти Саломе Зурабишвили ҳам қўллаб-қувватлади. “Кичик мамлакат сифатида биз албатта ҳамжамият, оила бир қисми бўлишга, ЕИни ташкил этувчи дастурларда қатнашишга қизиқамиз, аммо қарор қабул қилиш жараёнида тенг иштирокчи бўлишга эмас, чунки бу ташкилотни яратган давлатлар анча таъсирчан”, — деди Зурабишвили.

Молдова таклифлар тафсилотлари билан танишишни исташини билдирди. “Биз эрта босқичда масъулиятни зиммамизга олишга тайёрмиз ва ушбу муҳокамаларда иштирок этиш, уларни шакллантиришга ёрдам бериш имкониятини қўллаб-қувватлаймиз”, — деди молдовалик юқори лавозимли амалдор. “Шу билан бирга, тенг ҳуқуқлар ва ЕИ қарорларини қабул қилишда тўлиқ иштирокни ўз ичига олган тўлақонли аъзолик аниқ ва якуний мақсад бўлиб қолиши керак”, — дея қўшимча қилди у.

Ўз навбатида, аллақачон бир қатор кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширган Украина Брюссел ғоясини қўллаб-қувватлашга шошилмаяпти, деб ёзади Politico. “Агар ЕИ аъзолиги ҳақида гапирадиган бўлсак, у тўлақонли бўлиши керак”, — деган эди президент Володимир Зеленский 2025 йил ноябр ойида.

Даниянинг Европа ишлари бўйича вазири Мари Берре 2025 йил 11 декабр куни Украинанинг ЕИга қўшилиш жараёни Венгрия томонидан блокланаётганига қарамай давом этаётганини айтган. “Мен жуда фахрланаман: Дания раислиги даврида биз кенгайишга янги ёндашувни қўлладик — барча техник ишларни олдиндан бажарамиз (Брюсселда бу ёндашув норасмий равишда frontloading деб аталади — таҳр.). Бу дегани, кенгайиш жараёни тўхтаб қолмаган, Украина барча бажарилиши керак бўлган техник ишлар бўйича олдинга силжий олади”, — деган Берре Лвивда бўлиб ўтган ЕИ мамлакатларининг Европа ишлари вазирлари норасмий йиғилишида.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид