Жамият | 18:21
7159
6 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда автосалон мансабдори юзлаб одамни чув туширди

Термиз шаҳридаги “Surkhan autocenter” МЧЖ раҳбари Акмал Тўраев осон шартларда машина олиб беришни ваъда қилиб, юзлаб харидор билан шартнома тузган. Аммо машиналар белгиланган вақтда келмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, автосалон раҳбари томонидан 200 нафарга яқин харидорнинг қарийб 10 млрд сўм маблағи ўзлаштирилган. Акмал Тўраев жуда кўп миқдорда фирибгарлик жинояти билан гумонланиб, қамоққа олинган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Сурхондарёда юзлаб фуқаро “Surkhan autocenter” МЧЖга алданиб қолди. Kun.uz’га мурожаат қилган жабрланувчиларга кўра, автосaлон мансабдорлари осон шартларда, яъни 5 йил муддатга фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан машина олиб беришни ваъда қилган.

Маълум бўлишича, “Surkhan autocenter” МЧЖ 2024 йил 4 январ куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Унинг ягона таъсисчиси ва раҳбари Тўраев Акмал Ахмед ўғли ҳисобланади.

Автосалон ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида осон шартларда автомашина олиб бериш ваъдаси билан реклама эълонларини жойлаштириб келган. Жабрланувчиларнинг айтишича, айнан фоизсиз бўлиб тўлаш таклифи уларга жозибали кўринган ва алданишган.

2 та машинага тўлов қилганман: 2025 йил март ойида Labo ҳамда апрел ойида Cobalt учун тўлов қилдим. Жами 154 млн сўм тўловни амалга оширдим. Labo август ойида, Cobalt эса сентябр ойида келиши керак эди. Аммо бу вақтда келмади. Бориб сўрасам, турли баҳоналар қилишди. Аслида, бу автосaлонга кўплар югуриб келганининг сабаби фоизсиз бўлаб тўлаш ваъда қилингани. Бироқ, бу ҳам қуруқ ваъда экан холос. Бир танишим шунақа қилиб олди. Кейин билса, банкдан йиллик 26 фоиз устама билан кредит чиқаришган экан номига. 5 йил муддатга фоизсиз бўлиб тўлаш таклифи шунчаки мижозларни жалб қилиш учун экан”, дейди Kun.uz журналисти билан суҳбатлашган жабрланувчилардан бири.

Шунингдек, автосалон мансабдорлари машина олиб бериш ваъдаси билан бир қаторда айрим фуқароларни машинасини сотиб олишни айтиб ҳам чув туширишган. Уларни алдаб, машинасини учинчи шахсга сотиб юборишган ва пулини автомобил эгасига қайтармасдан, ўзлаштирган. Абдуғаффор Турдиев шундай жабрланувчилардан бири.

Nexia машинам бор. Таксичилик билан шуғулланаман. Бир куни шу автосалон ёнига мижоз олиб келдим. Бу қанақа ташкилот деб сўрасам, автосалон деди. Олдида янги машиналар турган экан. Қизиқиб, автосалонга кирдим. Неъмат исмли ходими қарши олди. Машиналар нархини, шартларини сўрадим. Шунда у машинангиз бор экан, истасангиз янгисига алмаштириб берамиз, бир ҳафтада оласиз, дейишди. Бу қандай бўлишини сўрадим. У “Машинангизни олиб қоламиз ва сизга Cobalt учун шартнома қилиб берамиз. Янги машина келгач, Nexia’ни расмийлаштириб оламиз”, деди.

Бироз шубҳаланиб, фириб йўқми бу ерда десам, йўқ, дея ишонтиришди. Шу тариқа Nexia машинамни олиб қолишди. Бир ҳафтадан сўнг машинамдан автосалоннинг Деновдаги филиалига бориб-келиб туришда фойдаланишларини айтиб, ишончнома беришимни сўрашди. Рози бўлдим. Кейин нотариусга олиб боришди. Аллақандай ҳужжатларга имзо қўйдиришди. Тўғриси, ишончнома деганлари учун ўқиб кўрмагандим. Кейин билсам ўша вақтда Nexia машинамни Ангор туманида яшовчи фуқарога сотиб юборишган экан. Энди янги машина оламан деб ўзимнинг машинамдан ҳам айрилиб ўтирибман”, дейди Абдуғаффор Турдиев.

“Surkhan autocenter” МЧЖ ва Абдуғаффор Турдиев ўртасида тузилган шартномада у автосалонга Cobalt машинаси олиш учун 95 млн сўм топширгани кўрсатилган. Бироқ аслида Абдуғаффор Турдиевнинг ўзи миниб юрган Nexia машинаси олиб қолинган ва бошқа шахсга сотиб юборилган.

Абдуғаффор Турдиев Неъмат исмли ходимни излаб автосалонга қатнай бошлаган. Бироқ уни тополмаган: бир сафар касал дейишса, бошқа сафар турли баҳоналарни айтишган.

Жабрланувчиларга кўра, автосалонда Акмал Тўраевнинг турмуш ўртоғи ва яқин қариндошлари ҳам ишлаган. Автомобиллар учун дастлабки тўловлар нақд пул кўринишида офиснинг ўзида санаб олинган.

Сурхондарё вилояти ИИБ Тергов бошқармасининг Kun.uz’га тақдим қилган маълумотига кўра, ҳолат юзасидан Акмал Тўраевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Жиноят иши давомида тўпланган ҳужжатларга кўра, 1998 йилда туғилган Акмал Тўраев “Surkhan autocenter” МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаб келиб, фуқаролардан автомашина тўлови сифатида турли миқдордаги пулларни нақд кўринишда МЧЖ кассасида қабул қилиб олган ва фаолиятига қонуний тус бериш мақсадида мижозларга автомашина етказиб бериш борасида шартномалар тақдим этган ҳолда пулларни ўз шахсий манфаатларига ишлатиб юборган. Бугунги кунга келиб, 200 нафарга яқин фуқарони чув тушириб, уларга автомашина олиб бермасдан мижозларнинг қарийб 10 млрд сўм пул маблағларини ўзлаштириб кетган”, дейилади бошқарма маълумотида.

2026 йил 10 январда Акмал Тўраевга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. У 12 январ куни қўлга олинган.

Қайд этилишича, бугунги кунда “Surkhan autocenter” МЧЖдан жабрланган фуқаролар ариза билан мурожаат қилишда давом этмоқда. Демак, ушбу автосалондан жабрланганлар сони ва уларга етказилган зарар янада кўпроқ бўлиши мумкин. 

Мавзуга оид