Жаҳон | 16:04
8693
4 дақиқада ўқилади

Али Хоминаий намойишларда минглаб кишилар ҳалок бўлганини тан олди

У бунда АҚШни айблаган.

Фото: Anadolu via Getty Images

Эрон олий раҳбари Али Хоманаий шанба куни сўзлаган нутқида яқинда бўлиб ўтган норозилик намойишларида минглаб одамлар ўлдирилганини биринчи марта очиқ тан олди ва уларнинг ўлимида АҚШни айблади.

«Исроил ва АҚШ билан алоқадор бўлган шахслар жуда катта зарар етказди ва бир неча минг кишини ўлдирди», – деди у ва намойишчилар биноларга ўт қўйиб, жамоат мулкини йўқ қилиб, тартибсизликлар келтириб чиқарганини қўшимча қилди.

Эрон давлат телевидениесида трансляция қилинган нутқида Хоминаий яна шундай деган: «Биз АҚШ президентини қурбонлар, зарар ва Эрон халқига қарши туҳмат учун [жавобгар] жиноятчи деб ҳисоблаймиз».

Яқинда АҚШ президенти Доналд Трамп эронлик намойишчиларни «норозилик намойишларини давом эттириш»га чақирган ва Эрон раҳбариятига агар намойишчиларни қатл этиладиган бўлса, Вашингтон томонидан ҳарбий аралашуви бўлиши билан таҳдид қилганди.

Эрон олий раҳнамоси намойишчилар хориждан келтирилган жанговар қуроллар билан қуролланганини маълум қилган, аммо бу қуроллар қайси давлатдан етказиб берилгани бўйича аниқлик киритмаган.

Хоминаий ўз нутқида «ичкаридаги жиноятчиларга раҳм қилинмаслиги»ни айтди ва уларни ташқаридан туриб қўзғатган жиноятчилар ҳам жазодан қочиб қутула олмаслигига ваъда берди.

«Биз мамлакатни урушга олиб бормаяпмиз. Лекин биз ичкаридаги ҳуқуқбузарларни озод қилмаймиз, бундан ҳам ёмони – халқаро ҳуқуқбузарлар бор. Биз ҳам уларни тинч қўймаймиз», – деди у.

У «Американинг мақсади Эронни ютиб юбориш» эканини қўшимча қилган.

Трамп унинг баёнотларига ҳозирча жавоб бермади.

Хориждаги эронлик ҳуқуқ ҳимоячиларнинг HRANA ахборот агентлиги маълумотларига кўра, тартибсизликлар шафқатсизларча бостирилиши оқибатида 3090 киши ҳалок бўлган, баъзи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эса қурбонлар сонини анча юқори баҳоламоқда. Мамлакатда интернет блокланиши ишончли маълумот олишни жиддий даражада қийинлаштирди.

28 декабр куни иқтисодий муаммолар туфайли бошланган норозилик акцияси тез орада Эрон олий раҳбари истеъфоси талаб қилинган кенг кўламли намойишларга айланиб кетганди.

Намойишларни бостиришда ўқотар қуроллар қўлланган, ижтимоий тармоқларда хавфсизлик кучлари намойишчиларни ўққа тутаётгани акс этган кадрлар (ҳақиқийлиги BBC Verify томонидан тасдиқланган) тарқалган.

Сўнгги кунларда тартибсизликлар ҳақида хабарлар камайди, аммо интернетга кириш чеклангани сабабли воқеа жойидаги вазият ноаниқлигича қолмоқда. NetBlocks кибермониторинг хизмати маълумотларига кўра, шанба куни интернетга уланишнинг умумий тезлиги одатдаги тезликнинг тахминан 2 фоизи даражасида қолаётганди.

Эрон жануби-ғарбидаги Шероз шаҳридан бўлган аёлнинг BBC’га айтишича, «хавфсизлик кучлари вазиятни назорат қилиш учун мотоциклларда кўчаларда патруллик қилишда давом этмоқда, бироқ, умуман олганда, ҳаммаси нормал ҳолатга қайтган».

Шанба куни АҚШ Давлат департаменти «Ислом республикаси Америка базаларига зарба беришга тайёрланаётгани ҳақида маълумот олгани»ни маълум қилди. Департамент бундай ҳужум юз берган тақдирда Эрон «жуда ва жуда қудратли куч» билан тўқнашиши ҳақида огоҳлантириб, Теҳронга «президент Трамп билан ўйин ўйнамаслик»ни тавсия қилган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид