Жаҳон | 20:15 / 18.01.2026
4203
2 дақиқада ўқилади

Немис ҳарбийларига Гренландияни дарҳол тарк этиш буюрилди - ОАВ

Германиялик ҳарбийлар Гренландияга жума куни етиб келган, улар оролда узоқроқ муддат қолиши мўлжалланганди. Bild газетасининг тахминича, улар АҚШ президенти Доналд Трампнинг бож киритиш ҳақидаги таҳдиди сабабли оролни тарк этишмоқда.

Фото: REUTERS

Бундесвернинг Гренландиядаги ҳарбийлари Берлиндан оролни зудлик билан тарк этиш буйруғини олди, деб хабар берди Bild нашри.

Нашрнинг билдиришича, адмирал Штефан Паули бошчилигидаги 15 нафар аскар ва офицерлар Нуука аэропортига йўл олган.

Бу ерда ўтказилиши режалаштирилган барча тадбирлар бекор қилинган, расмий баёнот берилмади, барчаси яширинча амалга оширилмоқда, деб ёзади Bild.

Германиялик ҳарбийлар Гренландияга жума куни етиб келган, улар оролда узоқроқ муддат қолиши мўлжалланганди. Газетанинг тахминича, улар АҚШ президенти Доналд Трампнинг бож киритиш ҳақидаги таҳдиди сабабли оролни тарк этишмоқда.

Аввалроқ Трамп Truth Social ижтимоий тармоғи орқали АҚШ Буюк Британия, Германия, Дания, Нидерландия, Норвегия, Финландия, Франция ва Швецияга нисбатан 10 фоизлик божлар жорий этишини, бу тартиб Гренландия тўлиқ АҚШ тасарруфига ўтмагунича амал қилишини айтганди. Бундан ташқари, у оролга Европа қўшинларининг киритилишини “хавфли ўйин” деб атаган.

Тайёрлаган:  Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид