Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Болгария президенти Румен Радев истеъфога чиқишини эълон қилди
Болгария президенти Румен Радев халққа телемурожаатида 20 январ куни лавозимидан кетиш ҳақида ариза топширишини билдирди. Давлат раҳбари вазифасини вақтинча вице-президент Илияна Йотова бажаради.
Болгария президенти Румен Радев истеъфога чиқиш нияти борлигини маълум қилди. Душанба, 19 январ куни кечқурун халққа телевизион мурожаат қилиб, у “охирги марта” мамлакат президенти сифатида фуқароларга мурожаат қилаётганини айтди ва эртаси куни — 20 январда истеъфо тўғрисида ариза топширишини билдирди.
Расман, президентнинг истеъфо ҳақидаги илтимоси Конституциявий суд томонидан кўриб чиқилиши керак. Суд унинг ваколатларини муддатидан олдин тугатиши мумкин. Шу пайтга қадар Радев ўз вазифаларини бажаришда давом этади. Истеъфо қабул қилингач, давлат раҳбари вазифалари вице-президент Илияна Йотовага ўтади.
Радев мурожаатида Йотова “президент вазифасини муносиб бажарувчи” бўлишига ишонч билдирди. “Олдимизда ватанимиз келажаги учун кураш турибди, ва мен ишонаманки, биз уни сизларнинг барчангиз — муносиб, руҳлантирилган ва собитқадам инсонлар билан бирга қарши оламиз!” — деди Радев.
Румен Радев Болгария президенти лавозимини кетма-кет икки муддат, 2017 йилдан бери эгаллаб келган. Истеъфо ҳақидаги баёнот Болгарияда декабр ойида бошланган норозилик намойишлари тўлқини фонида янгради. Намойишларга ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар сабаб бўлган: уларнинг бирида ҳукмрон коалиция депутатлари “Лукойл”нинг маҳаллий активларига дахлдор қонунни атиги 26 сония ичида қабул қилгани акс этган, бошқа видеода эса тушлик танаффусида ўтказилган баҳсли бюджет лойиҳаси бўйича овоз бериш кўрсатилган.
11 декабр куни намойишлар авж олган пайтда Болгария бош вазири Росен Желязков истеъфога чиққан эди. Болгар оммавий ахборот воситалари Радев ўз сиёсий партиясини тузиш ва шу йил ўтиши керак бўлган муддатидан олдинги парламент сайловларида қатнашиш учун президентликдан кетиши мумкинлиги ҳақида ёзган.
Мавзуга оид
20:55 / 31.12.2025
Болгария 1 январдан еврога ўтади
11:19 / 13.12.2025
Болгария еврога ўтиш арафасида: оммавий норозилик ва ҳукумат истеъфоси
15:41 / 07.11.2025
Болгарияда “Лукойл” НҚЗни сотиш: парламент президент ветосини енгиб ўтди
11:45 / 01.11.2025