Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Инфаркт ва инсултга қарши курашиш миллий дастури ишга туширилади
Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда “Инфаркт ва инсултга қарши курашиш” миллий дастури 2026 йил 1 майдан бошлаб дастлаб Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида ишга туширилиши маълум бўлди.
20 январ куни ўтказилган тақдимотда, аввало, ўткир юрак қон-томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш ва даволашни такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Режага кўра, “Stent for Life” ва “Action Plan for Stroke” халқаро дастурлари асосида ишлаб чиқилган “Инфаркт ва инсултга қарши курашиш” миллий дастури 2026 йил 1 майдан бошлаб Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида, 1 октябрдан Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида, 2027 йилдан эса бошқа ҳудудларда амалиётга жорий этилади.
Миллий дастур доирасида 30 ёшдан ошган аҳоли ўртасида сўровнома ўтказиш ҳамда натижасига кўра аниқланган хавф гуруҳига мансуб фуқароларни мақсадли тиббий текширувлардан ўтказиш ҳамда беморларга шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш алгоритмлари ва клиник маршрутларини амалиётга жорий этиш назарда тутилган.
Шунингдек, мазкур касалликларда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда халқаро стандартларга мувофиқ “олтин соат” тамойилининг вақт меъёрлари жорий этилади.

Тақдимотда тез тиббий ёрдам хизматининг моддий-техник ва рақамли имкониятларини кескин оширишга қаратилган чоралар ҳам келтирилди. Бригадалар телеметрик электрокардиограф ва мониторли дефибрилляторлар билан таъминланади. Шу жумладан, ЭКГ натижаларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш ва ахборот тизими орқали юбориш, шунингдек, тез тиббий ёрдам бригадалари ва шифохоналар ўртасида реал вақт режимида маълумот алмашиш имконияти яратилади.
Стационар тиббиёт муассасаларида инсультни сунъий интеллект асосида ташхислаш имконияти яратилиб, беморларнинг ҳаракат маршрути рақамлаштирилади. Шифохоналар эса шошилинч ҳолатларда жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун тромб эритувчи дори воситалари ҳамда зарур сарфлов материаллари билан таъминланади.
Шошилинч стационар тиббий хизмат кўрсатишга нодавлат тиббиёт ташкилотларини жалб қилиш, ўткир юрак-қон томир ва бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши ҳолатларида кўрсатилган тиббий хизматлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштирилади.
Миллий дастур доирасида “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимида беморлар ҳамда хавф гуруҳидаги аҳолининг электрон реестри юритилиши таъминланади.
Аҳоли ўртасида профилактика ва тарғибот ишларига ҳам алоҳида урғу берилди. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ижтимоий роликлар, инфографика, анимация ва қисқа метражли видеороликлар тарқатиш, бозор ва савдо марказлари яқинида билборд ва баннерлар жойлаштириш, таълим муассасалари, корхона ва маҳаллаларда инфаркт ва инсульт аломатларини барвақт аниқлаш бўйича семинар-тренинглар ўтказиш режалаштирилган.
Шунингдек, “Angels Initiative” халқаро ташаббусининг “FAST Heroes” дастури асосида мактаб ўқувчилари учун махсус машғулотлар ташкил этилади. Ҳар йили 29 сентябр – Бутунжаҳон юрак куни ва 29 октябр – Бутунжаҳон инсултга қарши курашиш куни муносабати билан бепул қон босими, қанд ва холестерин кўрсаткичларини ўлчаш, аҳолининг шошилинч ёрдам кўрсатиш бўйича саводхонлигини оширишга қаратилган оммавий тадбирлар ўтказилади.
Дастурни молиялаштиришга 2026 йилда 239 миллиард сўм, 2027 йилдан бошлаб 280 миллиард сўм ажратилиши таъкидланди.
Мавзуга оид
17:45 / 01.05.2026
Барча давлат тиббиёт муассасалари босқичма-босқич мажбурий лицензияланади
21:00 / 27.04.2026
Олимлар юрак саратонининг кам учраши сабабини аниқлади
09:16 / 25.03.2026
Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида энг кўп корхона қайси давлатларга тегишли?
18:01 / 05.03.2026