Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Европа расмийларининг ўзига ёзган хабарларини эълон қилиб юборди
АҚШ президентининг Гренландияга даъвоси атрофида нималар бўлмоқда?
Фото: Truth Social
АҚШ президенти Доналд Трамп Гренландия Вашингтон назорати остига ўтиши кераклигини айтишда давом этмоқда: сешанба куни у ижтимоий тармоқдаги саҳифасига Гренландияда Америка байроғи ўрнатилаётгани кўрсатилган суратни жойлади. Ҳозирда Оқ уй раҳбари Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумига йўл олган, у ерда Европа вакиллари билан Гренландия масаласида муҳокамалар ўтказиши кутилмоқда. Шунингдек, Трамп дунёдаги энг катта оролга бўлган даъволарини тушуна олмаётган НАТО етакчилари билан шахсий ёзишмаларини оммага очиқлаган.
Сешанба куни, Давосга учаётганда, Трамп НАТО бош котиби Марк Рютте билан «жуда яхши ўтган» телефон мулоқотидан кейин Жаҳон иқтисодий форумида Гренландия масаласида «турли томонлар» билан учрашишга рози бўлганини маълум қилди.
«Мен аллақачон ҳаммага тушунтирганимдек, Гренландия миллий ва глобал хавфсизлик учун катта аҳамиятга эга. Орқага йўл йўқ», – дея ёзган у. Трамп форумга чоршанба куни етиб келиши кутилмоқда.
NBC News учун интервюсида Трамп Гренландияни куч билан босиб олиши эҳтимоли ҳақидаги саволни очиқ қолдирган. У агар келишувга эришилмайдиган бўлса, Европа мамлакатларига божлар қўллаши ҳақидаги таҳдидини такрорлаган.
Бу вақтда Шимолий Америка Ҳаво-космик мудофааси қўмондонлиги (NORAD) ўз самолётлари тез орада Гренландиядаги «Питуффик» ҳарбий базасига етиб боришини эълон қилди.
NORAD’нинг Х ижтимоий тармоғидаги хабарида улар Гренландияга «анча олдин режалаштирилган турли тадбирлар»ни ўтказиш учун юборилаётгани, унда АҚШ ва Канаданинг континентал ҳудудида жойлашган самолётлар ҳам иштирок этиши айтилган.
«Бу фаолият Дания қироллиги билан мувофиқлаштирилган ва барча қўллаб-қувватловчи кучлар зарур дипломатик рухсатномалар билан ҳаракат қилмоқда. Гренландия ҳукумати ҳам режалаштирилган тадбирлар ҳақида хабардор қилинган», – дейилади баёнотда.
Гренландиядаги европалик ҳарбийлар
Дам олиш кунлари Европанинг саккизта давлати етакчилари қўшма баёнот эълон қилиб, унда Дания билан бирдамлик билдирган ва Трампнинг европаликларга Гренландия бўйича позицияси учун бож жорий этиш ҳақидаги таҳдидлари Европа ва АҚШ муносабатларини «хавфли тиғ» остига қўйиш билан таҳдид қилаётганини айтган.
Аввалроқ Трамп 1 февралдан Дания, Норвегия, Швеция, Франция, Германия, Буюк Британия, Нидерландия ва Финландия товарларига 10 фоизлик божлар кучга киришини, кейинчалик улар 25 фоизгача оширилиши мумкинлигини маълум қилганди.
Mads Claus Rasmussen/Ritzau Scanpix via Reuters
Гренландия бош вазири Йенс-Фредерик Нилсен фейсбукдаги постида ҳудудлар ўз тақдирини ўзи ҳал қилишига имкон берилиши кераклигини ёзди. «Биз босимга бўйсунмаймиз. Биз мулоқот, ҳурмат ва халқаро ҳуқуқ позициясида қатъий турамиз», – деди у.
Душанба куни Дания автоном ҳудудига у ерда турган 200 дан ортиқ ҳарбий хизматчига қўшимча равишда «каттагина контингент» ва ўз армияси раҳбарини юборди.
Аммо бу Трампда таассурот уйғота олмади.
«Булар ҳарбийлар эмасди, – деди Трамп душанба куни журналистларга. – Улар бир неча кишини юборишибди. Ва мени деб эмас, Россиядан ҳимоя қилиш учун юборишганини айтишди. Аммо биласизми, НАТО Данияни тахминан 20 йилдан бери, ҳатто ундан ҳам кўпроқ, 25 йилдан бери огоҳлантирмоқда, улар Данияни Россия таҳдиди, нафақат Россия, балки Хитой таҳдиди ҳақида ҳам огоҳлантирмоқда».
Сешанба куни Давосда АҚШ молия вазири Скотт Бессент Американинг савдо ҳамкорларини «чуқур нафас олишга ва вазиятни ривожлантиришга имкон бериш»га чақириб, «мамлакатлар қилиши мумкин бўлган энг ёмон нарса – АҚШ билан можарони кучайтириш» эканини қўшимча қилди.
Евроиттифоқ қандай жавоб қилиши мумкин?
Сешанба куни Давосда сўзга чиққан Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Арктикада хавфсизликни таъминлашга «тўла содиқ» эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Арктикадаги хавфсизлик фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан таъминланиши мумкин ва айнан шунинг учун Трамп таклиф қилаётган қўшимча божлар «хато» ҳисобланади.
Европа Иттифоқи етакчилари пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтадиган фавқулодда саммитда эҳтимолий ҳаракат вариантларини муҳокама қилишади.
Сценарийлардан бири – АҚШдан импорт қилинадиган 93 млрд евролик маҳсулотлар учун божлар пакети бўлиб, у 6 февралдан автоматик равишда кучга кириши мумкин (Европа бу чораларни Вашингтон билан савдо бўйича келишиб бўлмайдиган ҳолат учун ишлаб чиққан).
World Economic Forum
Яна бир вариант – «савдо базукаси» номини олган, расман Мажбурлашга қарши восита (Anti-Coercion Instrument, ACI) деб аталадиган қонун бўлиб, у Европа Иттифоқига Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган мамлакатларнинг иқтисодий шантажига жавоб қайтаришга имкон беради.
У давлат тендерлари, инвестициялар ёки банк фаолиятидан фойдаланишда чеклов қўйишга имкон беради.
Европа Иттифоқидагилар АҚШ билан «барча даражаларда» ҳамкорлик қилишда давом этаётганини маълум қилишди, бироқ ACI’дан фойдаланиш кун тартибидан олиб ташланмаётганини таъкидлашди.
Германия канцлери Фридрих Мерц чоршанба куни Трамп билан учрашишга ҳаракат қилишини айтди ва савдо можароси мақсадга мувофиқ эмаслигини қўшимча қилди. «Аммо агар биз асоссиз деб ҳисоблаган божларга дуч келадиган бўлсак, унда биз ҳам жавоб беришга қодирмиз», – деди Мерц.
Трамп шахсий ёзишмаларни эълон қилди
Гренландия атрофидаги муҳокамалар фонида Трамп Франция президенти Эммануэл Макрон ҳамда НАТО бош котиби Марк Рютте билан шу масаладаги шахсий ёзишмаларини эълон қилиб юборди.
Франция президенти қатор масалаларда (Сурия, Эрон) АҚШ президенти билан ҳамфикр эканини айтади. «Дўстим, биз Сурия бўйича бир хил позициядамиз. Эрон масаласида буюк ишларни амалга оширишимиз мумкин. Аммо мен сиз Гренландия масаласида нима қилаётганингизни тушунмаяпман», – дея қайд этади Макрон.
У Давосдаги форумдан кейин, пайшанба куни «Катта еттилик» учрашувини ташкил этишни таклиф қилган. «Мен Давосдан кейин пайшанба куни тушдан кейин Парижда G7 учрашувини ташкил қилишим мумкин. Мен украиналиклар, данияликлар, сурияликлар ва россияликларни таклиф қила оламан. АҚШга қайтиб кетишингиздан олдин пайшанба куни Парижда бирга кечки овқат тановул қилайлик», – дейилади инглиз тилида ёзилган хабарда.

Бир кун аввал Доналд Трамп Макроннинг Ғазо бўйича Тинчлик кенгашига қўшилишни истамаслиги ҳақидаги саволга жавоб бераркан, винога бож жорий қилиш билан таҳдид қилган эди. «У ҳеч кимга керак эмас, чунки у тез орада лавозимини тарк этади. Мен унинг винолари ва шампанларига 200 фоизли бож соламан ва у ҳам [Тинчлик кенгашига] қўшилади», – деганди у.
Трамп Рютте билан ёзишмаларини ҳам эълон қилган, унда у шундай деган: «Жаноб президент, қадрли Доналд, бугун Сурияда эришганларингиз шунчаки ақл бовар қилмайдиган натижа. Мен медиадаги алоқаларимдан фойдаланиб, Давосда Ғазо ва Украина бўйича қилган ишларингиз ҳақида сўзлаб бераман. Мен Гренландия билан боғлиқ вазиятдан чиқиш йўлини топишга қарор қилдим. Сиз билан учрашишни сабрсизлик билан кутаман».

Қайд этиш керакки, Трамп Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре билан ёзишмалари матбуотга чиқиб кетганига жавобан бошқа европалик расмийлар билан шахсий ёзишмаларини оммага эълон қилишга қарор қилди.
Ўша ёзишмада Стёре Гренландия атрофидаги кескинликни бартараф этиш учун биргаликда ишлашни таклиф қилади, Трамп эса Норвегия унга тинчлик бўйича Нобел мукофотини бермаганидан шикоят қилади ва «энди у фақат тинчлик ҳақида ўйлашга мажбур эмаслиги»ни айтади.
Мавзуга оид
20:07 / 20.01.2026
«Империя амбициялари яна юзага чиқмоқда» – Макрон Давос форумида Америкага қарши нутқ сўзлади
15:48 / 20.01.2026
Трамп нега Эронга зарба беришга жазм қилмади?
13:00 / 20.01.2026
Евроиттифоқнинг Гренландия бўйича фавқулодда саммити 22 январ куни бўлиб ўтади
10:53 / 20.01.2026