Жамият | 11:41 / 24.01.2026
2178
2 дақиқада ўқилади

Ягона ижтимоий реестр: оилалар 3 тоифага ажратилади

2026 йил 1 февралдан қонунчиликка мувофиқ “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва Камбағал оилалар реестри асосида ягона ижтимоий реестр юритилади. Реестр давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этиладиган оилалар (шахслар)ни аниқлаш ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолашга хизмат қилади.

Фото: Kun.uz

2026 йил 1 февралдан мамлакатда ягона ижтимоий реестр юритилади. У “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ҳамда Камбағал оилалар реестри негизида шакллантирилади.

Янги реестр “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида юритилиб, давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этиладиган оилалар (шахслар)ни аниқлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш вазифаларини бажаради. Шу орқали ижтимоий ёрдам чораларини манзилли ташкил этиш, эҳтиёжмандларни баҳолашда ягона ёндашувни жорий қилиш кўзда тутилади.

Қайд этилишича, ижтимоий реестрда оилалар (шахслар) қуйидаги уч тоифага ажратилади:

давлат таъминотидаги оила — давлат томонидан белгиланган таъминот асосида қамраб олинган оилалар;
камбағал оила — ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларига кўра камбағал деб баҳоланган оилалар;
камбағаллик чегарасидаги оила — камбағалликка яқин бўлган, хавф гуруҳидаги оилалар.

Ягона реестрнинг жорий этилиши орқали ижтимоий ҳимоя тизимида маълумотларни бирлаштириш, баҳолаш механизмларини тизимлаштириш ва давлат ёрдамини мақсадли равишда тақдим этиш самарадорлиги оширилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид