Жаҳон | 21:02 / 26.01.2026
3701
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазода гаровдаги сўнгги одамнинг жасадини топди ва қайтарди

Барча гаровга олинганларни қайтариш 2025 йил октябр ойида имзоланган Ғазодаги урушни тўхтатиш режасининг биринчи босқичининг асосий шартларидан бири эди. Энди иккинчи босқичга ўтилиши кутилмоқда.

Фото: AP

ЦАҲАЛ Ғазо сектори ҳудудида қолган гаровдаги сўнгги шахснинг жасадини топиб, Исроилга қайтарди, дейилади Исроил Мудофаа кучлари хабарида.

Экспертиза топилган қолдиқлар полициячи Ран Гвилига тегишли эканини тасдиқлади. 2023 йил 7 октябр куни 24 ёшли Ран Гвили ҳамасчиларга қарши жангда ҳалок бўлган, шундан сўнг, унинг жасади Ғазога олиб кетилган.

Бир кун аввал Исроил расмийлари Ғазо секторида Ран Гвилининг жасадини қидириш бўйича кенг кўламли операция ўтказаётганини маълум қилган эди.

Барча тирик гаровга олинганлар ва барча ҳалок бўлганларнинг жасадини қайтариш 2025 йил октябр ойида имзоланган Ғазодаги урушни тўхтатиш режасининг биринчи босқичининг асосий шартларидан бири эди. Тирик гаровга олинганларни ҲАМАС вакиллари декабр ойи бошига қадар бир неча босқичда Исроилга топширди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу идораси 25 январ куни Ран Гвилининг қолдиқлари топилганда, ЦАҲАЛ Ғазо секторини Миср билан боғлайдиган ва секторга гуманитар ёрдам етказиб беришнинг муҳим канали бўлган Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти орқали ҳаракатни йўлга қўйишини маълум қилди. Бу ҳаракатлар тинчлик режасининг иккинчи босқичида кўзда тутилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид