Жаҳон | 23:14 / 26.01.2026
1971
2 дақиқада ўқилади

Трамп импичмент таҳдиди туфайли Гренландияга ҳарбий босқиндан бош тортди – ОАВ

Демократлар ва республикачилар Трамп Конгресс билан олдиндан маслаҳатлашмасдан Гренландияда ҳарбий операция бошлаши мумкинлигидан хавотирда.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти орол устидан назоратни қўлга киритиш учун Гренландияга ҳарбий босқиндан воз кечди. Бунга Америка етакчисига импичмент эълон қилиниши таҳдиди сабаб бўлди, деб ёзди Reuters манбаларга таяниб.

Қайд этилишича, демократлар ва республикачилар Трамп конгресс билан олдиндан маслаҳатлашмасдан Гренландияда ҳарбий операция бошлаши мумкинлигидан хавотирда. Манбалардан бирининг сўзларига кўра, давлат котиби Марко Рубио ва Оқ уйнинг бошқа юқори мартабали амалдорлари билан суҳбатда улар АҚШ президентининг режаларидан хавотирда эканлигини билдирган.

Манбаларнинг таъкидлашича, расмийлар Трамп маъмуриятига Гренландияда ҳарбий операция ўтказмасликни маслаҳат берган. Баъзи республикачилар агар АҚШ оролга бостириб кирса, президентга импичмент эълон қилиниши мумкинлигини айтган.

Гренландия - Даниянинг автоном ҳудуди. Доналд Трамп сўнгги ҳафталарда АҚШ оролга даъвогарлиги ҳақида бир неча бор гапирган ва буни Россия ва Хитой таҳдиди билан изоҳлаган. Гренландия ҳукумати АҚШ бир қисми бўлишни истамаслигини маълум қилди. Аввалроқ Оқ уй Гренландияни сотиб олишни таклиф қилган, бироқ куч ишлатиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид