Жаҳон | 13:09
1253
3 дақиқада ўқилади

BBC: Интерпол Москвага хориждаги россияликлар ҳақидаги маълумотларни узатган

BBC хабар беришича, Россия Интерполдаги аъзолигидан хорижда яшайдиган ўз фуқароларини таъқиб қилиш учун фойдаланмоқда. Охирги 10 йилда камида 700 киши РФ томонидан “қидирув” бўйича юборилган сўровлардан шикоят қилган.

Фото: Roslan Rahman/AFP

Россия ҳокимияти ўз танқидчиларини чет элда ҳам таъқиб қилишга уринаётгани, бунинг учун Россиянинг Халқаро жиноят полицияси ташкилоти (Интерпол)даги аъзолигидан суиистеъмол қилаётгани ҳақида BBC 26 январ, душанба куни журналистик суриштирувга таяниб хабар қилди.

BBC ёзишича, Москва сиёсий рақиблар, бизнесменлар ва журналистларни гўёки содир этилган жиноятлар учун ҳибсга олиш бўйича сўровларни Интерпол қидирувдаги шахслар рўйхатлари орқали юборган. Бу хулосалар Интерполдан чиққан маълумот берувчи (информатор) томонидан BBC ва Франциядаги Disclose суриштирув лойиҳасига тақдим этилган бир неча минг файлга асосланган.

Журналистлар таъкидлашича, сўнгги 10 йилда Россиянинг Интерполга йўллаган сўровларига нисбатан рекорд даражада кўп шикоятлар келиб тушган. Интерполнинг файлларини назорат қилиш комиссияси (CCF) — ташкилот ичидаги мустақил назорат органига Россия томонидан қидирувга берилган камида 700 киши мурожаат қилган, уларнинг камида 400 нафари Интерпол рўйхатларидан чиқарилишга эришган.

Шу билан бирга, Россияга нисбатан эътирозлар бу рўйхатда иккинчи ўринда турган Туркияга нисбатан шикоятлардан уч баравар кўп бўлган. Москва сўровларига доир шикоятлар натижасида бекор қилинган қарорлар сони бошқа исталган давлатникидан ҳам кўпроқ экани қайд этилган.

“Тарихан Россия қизил огоҳлантиришлардан (red notices) суиистеъмол қилишда асосий айбдорлардан бири бўлиб келган”, — деди BBC'га интервюда британиялик адвокат Бен Кит. У Россия ҳокимияти томонидан қидирувга доир сўровларга қарши шикоят қилган шахслар манфаатини ҳимоя қилган. Кит “Россиянинг қизил огоҳлантиришлари”га тушиб қолган мижозлар “узлуксиз оқим” бўлиб келаётганини, уларнинг бир қисми сиёсий алоқадор шахслар, ёки кўпинча Украина тарафдорлари, ёхуд корпоратив “рейдерлик” қурбонлари эканини айтган.

РФнинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан кейин Интерпол Россия ҳокимияти ўз каналларидан фуқароларни таъқиб қилиш мақсадида эҳтимолий суиистеъмол қилишининг олдини олиш учун қўшимча текширувлар жорий этган. Бироқ бу ҳам Россиянинг ташкилотдан ўз мақсадларида фойдаланишига тўсқинлик қилмаган. Шу билан бирга, BBC суҳбатдоши 2025 йилда қабул қилинган айрим чоралар “жимгина бекор қилингани”ни айтган.

У журналистларга Интерпол ахборот алмашиш тизими орқали юборилган минглаб хабарларни ҳам тақдим этган. Улар Россиянинг чет элдаги одамларни кузатиш (аниқлаш) учун қўшимча бир усулдан фойдаланганини кўрсатади.

Хабарлардан бирида Россия ҳокимияти Бирлашган Араб Амирликларидан бир шахснинг қаерда эканини аниқлашга ёрдам сўраган — гарчи Интерпол аввалроқ Россиянинг шу шахс бўйича сўровини рад этган бўлса ҳам. BBC қайд этишича, бу Интерпол тавсияларига зид: уларга кўра, ташкилот аъзолари унинг каналларидан бундай тарзда фойдаланмаслиги керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид