Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Франция 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи
Франция парламентининг қуйи палатаси 15 ёшга тўлмаган ўсмирлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Макроннинг илтимосига биноан ҳужжат тезлаштирилган тартибда кўриб чиқилмоқда, ҳокимият уни феврал ойидаёқ қабул қилишга умид қиляпти.
Фото: iStock.com / Marizza
Франция Миллий мажлиси (парламентнинг қуйи палатаси) 15 ёшга тўлмаган ўсмирларга ижтимоий тармоқларга киришни тақиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. 26 январ, душанба куни кечқурун ҳужжатни қабул қилиш учун 116 нафар депутат овоз берди, 23 нафари қарши чиқди. Энди ҳужжат Сенатга (парламентнинг юқори палатаси) кўриб чиқиш учун юборилади.
Қонун лойиҳасида: “ижтимоий тармоққа кириш 15 ёшгача бўлган вояга етмаганлар учун тақиқланади”, деб кўрсатилган. Le Monde газетаси таъкидлашича, бундай ибора “ижтимоий тармоқларга аниқ мажбуриятлар юкламайди”. Нашр маълумотича, қонунчилик матни шу тарзда тузилишга мажбур бўлган, чунки ижтимоий тармоқлар фаолиятини тартибга солиш — Европа комиссиясининг ваколати ҳисобланади. Бу ибора Франция ҳукумати томонидан ҳам қўллаб-қувватланган. Ҳукуматда ушбу қонун лойиҳаси онлайн-платформаларни “бу чора самарали бўлиши учун ёшни текшириш тизимларини жорий этишга мажбур қилиш” имконини беради, деб кутилмоқда.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг яна бир моддаси 2018 йилда жорий этилган коллежларда — 11–15 ёшли болалар ўқийдиган ўрта мактаб босқичида мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқини кенгайтиришни назарда тутади. Энди бу тақиқни юқори синфлар (лицейлар)га ҳам татбиқ этиш режалаштирилмоқда.
Франция президенти Эммануэл Макроннинг илтимосига кўра, ҳукумат қонун лойиҳасини кўриб чиқишда тезлаштирилган тартибни ишга туширган. Бу тартиб ҳар бир палатада икки ўқиш ўрнига фақат битта ўқишни назарда тутади.
Франциянинг собиқ бош вазири Габриэл Аттал — Миллий мажлисда президентнинг “Ренессанс” партияси фракцияси раҳбари — Сенат қонун лойиҳасини феврал ўрталаридаёқ қабул қилади, деган умидини билдирди. Унинг сўзларига кўра, агар қонун бир ой ичида қабул қилинса, 1 сентябрдан 15 ёшгача бўлган фойдаланувчилар учун янги аккаунтлар очиш тақиқланади, 31 декабргача эса платформалар ўсмирларнинг аввалдан мавжуд ҳисобларини ўчириб ташлаши керак бўлади.
Бу режани Макрон ҳам қўллаб-қувватлайди. У Миллий мажлис маъқуллагандан кейин X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида шундай ёзди: “Болаларимизнинг онги сотилмайди. На Америка платформаларига, на Хитой тармоқларига. 1 сентябрга келиб, болаларимиз ва ўсмирларимиз ниҳоят ҳимояланади. Мен буни таъминлайман”.
Мавзуга оид
09:32 / 26.01.2026
Россиянинг “яширин флот”га мансуб кема капитани Францияда ҳибсга олинди
13:55 / 24.01.2026
Қиличбозлик бўйича ЕЧ Таллиндан Францияга кўчирилди: сабаб — визалар
10:03 / 23.01.2026
Франция Ўрта Ер денгизида Россия танкерини ушлади
22:54 / 22.01.2026