Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мерц: Шимолий денгизда хавфсизлик масаласи айниқса долзарб бўляпти
Германия канцлери Фридрих Мерц сўнгги пайтларда Шимолий денгизда хавфсизлик масаласи алоҳида долзарб аҳамият касб этганини билдирди. У бу ҳақда 26 январ, душанба куни Ҳамбургда ўтган Шимолий денгиз масалалари бўйича саммитда айтган. Германия бу форумни илк бор қабул қилмоқда.
Фото: Kay Nietfeld/dpa
Тадбирда тўққизта Европа давлати — Белгия, Дания, Франция, Ирландия, Исландия, Люксембург, Нидерландия, Норвегия ва Буюк Британия вакиллари қатнашмоқда. Шунингдек, Еврокомиссия, НАТО, корхоналар, ассоциациялар ва нодавлат ташкилотлардан 140 нафардан ортиқ ходимлар ҳам таклифни қабул қилган.
Саммит иштирокчилари хавфсизлик билан бир қаторда энергия таъминоти ва денгизда шамол энергетикасини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилмоқда. Мерцнинг айтишича, “жуда кўп миқдорда” шамол генераторлари аллақачон қурилган ва бу йўналишда мамлакатлар “тез суръатда олдинга силжиши керак”. Канцлер қўшимча қилишича, форум иштирокчиларини бирлаштириб турган мақсад — “Шимолий денгизни дунёдаги энг йирик тоза энергия резервуарига айлантириш”.
ГФР ҳукумати маълум қилишича, учрашувда қатнашган мамлакатлар энергетика вазирлари қуввати 100 ГВтгача бўлган трансчегаравий энергетик тармоқ яратиш бўйича келишиб олган. Бундан ташқари, Шимолий денгиз давлатлари, шамол энергетикаси саноати ва электр узатиш тармоқлари операторлари ўртасида қўшма инвестиция пакти ҳам кўзда тутилган.
Шимолий денгиз масалалари бўйича саммит биринчи марта 2022 йилда Даниянинг Эсберг шаҳрида, 2023 йилда эса Белгиянинг Остенде шаҳрида бўлиб ўтган. Бу формат Россиянинг Украинага қарши урушига жавоб сифатида яратилган бўлиб, асосий мақсад — қазилма ёқилғи импортига, айниқса РФдан бўлган таъминотга қарамликни камайтириш. Асосий эътибор мос инвестиция шароитларини яратиш, трансчегаравий режалаштириш ва жуда муҳим инфратузилмани ҳимоя қилишга қаратилган.
2025 йил октябр ойи бошида Дания ҳарбий разведкаси раҳбари Томас Аренкил Россия Ҳарбий-денгиз флоти кемалари Дания ҳарбий кемалари ва вертолётларига қуролларини қаратганини, шунингдек Болтиқ ва Шимолий денгизларни боғлайдиган Дания бўғозларида навигация тизимлари ишига халал берганини айтган. Махсус хизмат бу ҳақдаги ҳисоботида Россия ғарбга қарши гибрид уруш олиб бораётгани, мақсад эса “НАТОнинг сиёсий бирдамлигини заифлаштириш” ва “қарор қабул қилиш қобилияти”ни издан чиқариш эканини қайд этган.
Мавзуга оид
08:29 / 21.01.2026
Макроннинг таклифи: Трамп ва Мерц Парижга боришни режалаштирмаяпти
12:53 / 09.01.2026
Мерц: ЕИнинг ҳеч бир давлати ҳозир Украинага аскар юборишни режалаштирмаяпти
11:20 / 07.01.2026
Мерц: Киев эркаклар Украинада бўлишини кафолатлаши керак
10:59 / 07.01.2026