Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинада ҳарбий ҳолат ва сафарбарлик 4 майгача узайтирилди
Украина президенти Володимир Зеленский Олий Раданинг маъқуллаган қонун лойиҳасини имзолаб, мамлакатдаги ҳарбий ҳолат ва сафарбарликни 90 кунга узайтирди. Кенг кўламли ҳужум бошланганидан бери бу қарор 18-марта қабул қилинмоқда.
Украина президенти Володимир Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат ва сафарбарликни 90 кунга узайтирди. Тегишли қарорлар 26 январ, душанба куни Олий Рада сайтида эълон қилинди. “РБК-Украина” агентлиги қайд этишича, 2022 йил феврал ойидан буён Украинада ҳарбий ҳолат ва сафарбарлик 18-марта узайтирилмоқда.
Зеленский ушбу икки ҳужжатни парламентга 12 январ куни киритган, 14 январ куни эса депутатлар уларни маъқуллаб, президент имзосига юборган. Қонун лойиҳаларига кўра, сафарбарлик ва ҳарбий ҳолат 3 февралдан 4 майгача амал қилади. Феврал ойи бошигача сафарбарлик ва ҳарбий ҳолат 2025 йил октябр охирида маъқулланган аввалги шунга ўхшаш қонун лойиҳалари асосида сақланиб туради.
Украинада ҳарбий ҳолат Россиянинг 2022 йил 24 феврал куни Украинага қарши кенг кўламли ҳарбий ҳужуми бошланган пайтдан бери амал қилади. Ўша куни Зеленский фуқароларни умумий сафарбарликка жалб қилиш тўғрисидаги қонунни ҳам имзолаган. 2025 йил август ойида Украина ҳукумати 18–22 ёшдаги ёшларга Украинадан чиқиб кетишга рухсат берган.
2025 йил декабр ойи охирида Украина президенти Россия билан уруш Украина хавфсизлик кафолатларини олмагунча тугамаслигини, шу вақтгача ҳарбий ҳолат ҳам бекор қилинмаслигини билдирган. Январ ойи охирида Зеленский АҚШнинг Украина учун хавфсизлик кафолатларига доир ҳужжати “100 фоиз тайёр” эканини айтди. “Биз шерикларимиз уни имзолаш санаси ва жойини тасдиқлашини кутяпмиз”, — деди давлат раҳбари.
Ҳарбий ҳолат режими Украина ҳокимиятига қатор чекловларни жорий этиш ҳуқуқини беради. “РБК-Украина” таъкидлашича, унинг амал қилиш даврида мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш тақиқланиши, шунингдек транспорт ҳаракати — Украина фуқаролари ва хорижликлар учун ҳам чекланиши мумкин. Бундан ташқари, давлат айрим тоифадаги аҳоли учун меҳнат мажбурияти ёки жамоат учун фойдали мажбурий ишлар киритиши мумкин. Шунингдек, армия эҳтиёжлари учун мулкни мажбуран олиб қўйиш (мажбурий мусодара/ажратиб олиш)га ҳам рухсат берилади.
Ҳарбий ҳолат вақтида Украина суверенитетига таҳдид соладиган сиёсий партиялар фаолияти тақиқланиши, митинглар, намойишлар ва оммавий тадбирларни ўтказиш чекланиши мумкинлиги ҳам қайд этилган.
Ҳарбий ҳолат режими амал қилгани сабабли Украинада 2024 йилга режалаштирилган давлат раҳбари сайловлари бўлиб ўтмаган.
Мавзуга оид
22:13 / 19.06.2026
Зеленский Лукашенкога ультиматум қўйди ва уни бажариш учун бир ҳафта муҳлат берди
20:34 / 19.06.2026
Капотнядаги заводга Россия ракетаси тушгани маълум қилинди
18:17 / 19.06.2026
Соловёв дронлар ҳужумини тасвирга олганларни қамашни талаб қилди
08:58 / 19.06.2026