Технология | 07:32
1146
3 дақиқада ўқилади

Харита: мамлакатлар бўйича сунъий интеллектдан фойдаланиш даражаси

2025 йилнинг иккинчи ярмида дунёда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 16,1 фоиз қисми сунъий интеллект (СИ)дан фойдаланган. Бу эса ушбу технологиялар янада кенг тарқалиши учун катта салоҳият борлигини кўрсатади.

Фото: Shutterstock

Шу билан бирга, СИдан фойдаланиш даражаси мамлакатлар кесимида кескин фарқ қилади. Ўртача ҳисобда Глобал шимол мамлакатларида жорий этилиш кўрсаткичи 24,7 фоизга етса, Глобал жануб мамлакатларида бу кўрсаткич атиги 14,1 фоизни ташкил қилади. Минтақавий фонга қараганда, айниқса БАА ва Сингапур каби давлатлар алоҳида ажралиб туради — улар қўшниларидан сезиларли даражада олдинда.

Ушбу инфографика Microsoft компанияси тайёрлаган “Global AI Adoption in 2025” ҳисоботи маълумотларига асосланиб, мамлакатлар бўйича СИ жорий этилиши даражасини акс эттиради. Таҳлил доирасида Microsoft дунёнинг 147 мамлакатида СИ қўлланиши миқёсини баҳолаган.

Генератив СИ воситаларидан фойдаланувчилар улуши 64,0 фоиз бўлган Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) нафақат дунёда 1-ўринни эгаллайди, балки жорий этилиш суръати энг юқори бўлган мамлакатлар қаторига ҳам киради. ChatGPT ишга туширилишидан олдин ҳам БААда сунъий интеллект технологиялари давлат хизматларида фаол қўлланган. Бунга 2017 йилда миллий СИни ривожлантириш стратегияси доирасида — иқтисодиётнинг тўққизта асосий сектори қамраб олинган ҳолда эрта жорий этилган тартибга солиш ва бошқарув асослари туртки бўлган.

Фото: Visual Capitalist

2-ўринда Сингапур — бу ерда СИдан 60,9 фоиз аҳоли фойдаланади. БАА каби, Сингапур ҳам сунъий интеллектга эрта босқичдаёқ эътибор қаратган: инфратузилма, тадқиқот ва ишланмаларга инвестиция киритган.

Европада етакчи — Норвегия: жорий этилиш даражаси 46,4 фоиз бўлиб, у жаҳон рейтингида ҳам 3-ўринни эгаллайди. Ундан кейин Ирландия (44,6 фоиз) ва Франция (44,0 фоиз) келади — технологик экотизими ривожланган мамлакатлар.

АҚШда СИдан фойдаланиш даражаси 28,3 фоиз бўлиб, умумий рейтингда 24-ўринга тўғри келади. Қизиғи шундаки, СИ тадқиқотларида АҚШ етакчи ўринларда ва бу соҳадаги энг йирик компаниялар ҳам шу ерда жойлашган бўлса-да, технологияга нисбатан ишонч даражаси нисбатан пастлигича қолмоқда.

Шкаланинг иккинчи учида Камбожа турибди: бу ерда СИдан фойдаланувчилар улуши атиги 5,1 фоиз. Гарчи аста-секин тараққиёт кузатилаётган бўлса-да, кенгроқ жорий этишга тўсқинлик қилаётган асосий омиллар — инвестиция етишмаслиги ва инфратузилманинг чекланганлигидир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид