Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ИИВ Жазони ижро этиш департаментига бошлиқ тайинланди
Полковник Азизхон Умархонов Олмазор ҳокими сифатидаги 4,5 йиллик фаолиятидан кейин, ИИВга қайтди: у Жазони ижро этиш департаментига бошлиқ бўлди. Бу департаментнинг аввалги раҳбари Рустам Турсунов ноябр ойида Бекмурод Абдуллаев билан бир вақтда ишдан олинганди, ҳозир улар устидан тергов кетмоқда.
Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати
Олмазор тумани ҳокими Азизхон Умархонов ички ишлар тизимига қайтди. Президент фармойиши билан, у Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи этиб тайинланди.
Умархонов 2000 йилда ИИВ академиясини тамомлаган ва шундан кейин узоқ йиллар тизимда фаолият юритган.
2020 йилда ИИВ Жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган; 2021 йил август ойида Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокими сифатида иш бошлаган.
Азизхон Умархоновнинг бошқа ишга ўтказилиши – президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган ҳафта Олмазор туманига ташрифи, жорий ҳафтада эса ички ишлар соҳасига оид йиғилиш ўтказиши фонида рўй берди.
Сўнгги йиғилишдан кейин ички ишлар вазирига 4 нафар янги ўринбосар тайинланди: Рустам Жўраев, Ботир Қудратхўжаев, Диёрбек Сатторов ва Рустам Мирзаев шулар жумласидан.
Эслатиб ўтамиз, ИИВ Жазони ижро этиш департаментининг аввалги бошлиғи Рустам Турсунов 2025 йил ноябр ойида Бекмурод Абдуллаев билан бир кунда ишдан олинган эди. Куни кеча Kun.uz ўз манбасига таяниб уларнинг иккиси ҳам қамоққа олингани ҳақида хабар берганди.