Жаҳон | 10:18 / 28.01.2026
1703
2 дақиқада ўқилади

Испания 500 минггача ноқонуний муҳожирни легаллаштиради

Испания ҳукумати мамлакатда ноқонуний яшаб келаётган муҳожирларга ҳуқуқий мақом бериш бўйича дастурни ишга туширади: 1 йиллик яшаш учун рухсатнома ва ишлашга рухсат берилади. Тахминан, чора 500 минггача одамни қамраб олади.

Фото: ВВС

Испания ҳукумати сешанба, 27 январ куни мамлакатда рухсатномасиз яшаб ва ишлаб келаётган муҳожирларга легал мақом берувчи дастур бошланишини эълон қилди. Интеграция, ижтимоий суғурта ва миграция вазири Элма Саиснинг сўзларига кўра, бу чора 500 минггача инсонга таъсир қилиши мумкин. Associated Press агентлигининг ёзишича, дастур миграция қонунчилигига ўзгартиш киритишни тезлаштирилган тартибда қабул қилиш орқали амалга оширилади ва парламентда туриб қолган шунга ўхшаш қонун лойиҳасини четлаб ўтади.

2025 йил 31 декабргача Испанияда халқаро ҳимоя сўраб ариза топширган ва шу санага қадар мамлакатда камида 5 ой яшаганини исботлай олган хорижликлар 1 йиллик яшаш учун рухсатнома ва ишлашга рухсат олиши мумкин. Улар, шунингдек, судланмаганини ҳам тасдиқлаши керак.

AP қайд этишича, Испания 1986–2005 йиллар оралиғида муҳожирларни легаллаштириш чораларига олти марта мурожаат қилган. Ҳозирги қарор Европада миграция сиёсати қаттиқлаштирилаётган умумий тенденцияга зид келади. Элма Саиснинг айтишича, Испания глобал антимиграция сиёсати тўлқинига қарши курашда “маёқ” бўлиб қолади.

Турли баҳоларга кўра, Испанияда ноқонуний тарзда 800 минггача одам яшайди. Уларнинг кўпчилиги — Лотин Америкаси ёки Африка давлатларидан келган муҳожирлар бўлиб, қишлоқ хўжалиги, туризм ёки хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлайди, деб ёзади AP.

Испаниянинг марказчи ва ўнг қанот партиялари ҳукумат ташаббусини аллақачон танқид қилди. Консерватив Халқ партияси етакчиси Алберто Нунес Фейхоо Испания бош вазири Педро Санчесни яқиндаги темирйўл фожиасидан (унда 40 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган) эътиборни буришга уринишда айблади. Шу билан бирга, ўта ўнг Vox партияси раҳбари Сантяго Абаскал ижтимоий тармоқларда Санчес испанларни “ёмон кўради” ва муҳожирларнинг мамлакатга “бостириб киришини тезлаштирмоқда”, деб ёзди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид