Ўзбекистон | 21:28 / 28.01.2026
1628
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда никоҳдан ажрашиш ҳолатлари ошди

2025 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ажрашиш билан боғлиқ 70 535 та иш кўрилиб, 37 544 таси қаноатлантирилди. Бу турдаги ишлар сони 2024 йилга нисбатан 6 692 тага, қаноатлантирилган даъво талаблари эса 5327 тага кўпайди.

Фото: Shutterstock

2025 йилда Ўзбекистонда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 649 652 та иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ўтган йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 10,8 трлн сўмдан зиёд мажбурий тўловлар ундириш ҳақида 1 519 814 та суд буйруғи чиқарилган. Судларда 649 652 та фуқаролик иши кўриб чиқилиб, уларнинг 506 135 таси бўйича талаблар қаноатлантирилган. Ишларнинг 76 138 таси бўйича талаблар қаноатлантиришдан рад этилган, 60 373 таси бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган ҳамда 7 006 таси бўйича ишни юритиш тугатилган.

Энг кўп фуқаролик низолари Тошкент шаҳар, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Андижон вилоятларида кўрилди.

Кўриб тамомланган фуқаролик ишларидан 206 399 таси битимлар, 70 535 таси никоҳдан ажратиш, 26 960 таси уй-жой муносабатлари, 19 914 таси алоҳида тоифадаги ишлар, 12 982 таси ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш билан боғлиқ ва бошқа тоифадаги ишларни ташкил қилган.

Қайд этилишича, никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишларнинг 37 544 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган. Яъни шунча оила ажрашган. 24 244 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган, 6 239 таси кўрмасдан қолдирилган ва 2 508 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

Ушбу рақамлар 2024 йилга нисбатан ошган: 2024 йилда никоҳдан ажратишга оид 63 843 та иш кўрилиб, шундан 32 217 тасида даъво талаблари қаноатлантирилганди.

Шунингдек, 2025 йилда вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 12 956 та, кассация тартибида 8 457 та ва тафтиш тартибида 5 670 та иш кўриб чиқилган. Уларда биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 4 462 та қарор бекор қилиниб, 1626 та суд қарори ўзгартирилган. Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан эса тафтиш тартибида 363 та иш кўрилиб, қуйи судлар томонидан чиқарилган 53 та суд қарори ўзгартирилган ва 171 та қарор бекор қилинган.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров

Мавзуга оид