Авто | 16:06
894
3 дақиқада ўқилади

ЕИда янги автомобиллар бозори гибрид ва электромобиллар ҳисобига ўсди

Европа Иттифоқида ўтган йили янги автомобиллар бозори гибрид ва электр моделлар савдосининг ошиши ҳисобига ўсди. 2025 йил январдан декабргача ЕИда 10,8 миллиондан сал кўпроқ янги авто рўйхатдан ўтказилган — бу ўтган йилга нисбатан 1,8 фоизга кўп, деб хабар қилди 27 январ, сешанба куни ACEA уюшмаси. Бироқ умумий савдо ҳажми ҳали ҳам ковид пандемиясидан олдинги даражадан анча паст.

Фото: picture-alliance/dpa/I. Wagner

Янги рўйхатдан ўтказишлардаги энг катта улуш — бозорнинг 34,5 фоизи (яъни сотувларнинг учдан биридан ҳам кўпроғи) гибрид автомобиллар ҳиссасига тўғри келди. Ўсиш асосан Испания ҳисобига таъминланган (сотувлар 23,1 фоизга ошган), шунингдек Францияда ҳам ўсиш 21,6 фоиз бўлган.

Бозор улуши бўйича иккинчи ўринда бензин двигателли автомобиллар — 26,6 фоиз. Аммо ЕИнинг барча асосий мамлакатларида улар савдоси пасайишда давом этган. Францияда бензинли автомобиллар рўйхатдан ўтказилиши ўтган йилга нисбатан 32 фоизга камайган, Германияда эса бундай машиналар сони ўтган йилга қараганда тахминан 22 фоизга кам бўлган.

Бозорда учинчи ўринни улуши 17,4 фоиз бўлган тўлиқ электр автомобиллар эгаллади. Жами тахминан 1,9 млн аккумуляторли электромобил рўйхатдан ўтказилган — бу 2024 йилга нисбатан қарийб 30 фоизга кўп. Германияда ўсиш 43,2 фоизни ташкил этган.

Кейинги ўринда улуши 9,4 фоиз бўлган ва янги рўйхатдан ўтказишлар 33,4 фоизга ўсган гибридлар (plug-in hybrid) туради. Дизел автомобиллар савдоси яна бир бор пасайганидан кейин бозорнинг 8,9 фоизига тенг бўлган. Қолган двигател турлари улушига 3,3 фоиз тўғри келган.

Рўйхатдан ўтказишлар сони ўсганига қарамай, автосаноат босим остида қолмоқда. EY консалтинг компанияси эслатишича, пандемиядан олдинги 2019 йилда ЕИда тахминан 13 млн янги авто сотилган. Демак, ўтган йилги енгил автомобиллар савдоси инқироздан олдинги даражадан тахминан 17 фоизга паст бўлган.

“Ўсиш фақат тошбақадек суръатда кетяпти”, — деди EY'нинг авто бозори бўйича эксперти Константин Галл. Унинг фикрича, келажакда ҳам фақат озгина тикланишни кутса бўлади, чунки иқтисодий шароитлар ноқулай, ҳам хусусий харидорлар, ҳам компаниялар қарор қабул қилишда эҳтиёткорлик қилмоқда. Галл автосаноат “мураккаб 2026 йилга тайёрланиши керак”лигини айтди.

Электромобиллар савдоси ҳақида гапириб, у қўшимча қилди: улар ўсиши бир неча йил олдин кутилган ва прогноз қилинганидан анча секин кетмоқда. Германияда электромобил харидорлари учун янги субсидия сотувларни яна ошириши мумкин, аммо асосан паст нарх сегментида немис автогигантлари ҳозирча етарлича кучли эмас, деб ҳисоблайди EY эксперти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид