Спорт | 13:37
8354
18 дақиқада ўқилади

Лиссабонда драма. Дарвозабон «Реал»га гол уриб, жамоасини плей-оффга олиб чиқди

«Реал» Моуринио жамоасидан учралган мағлубият туфайли кучли саккизликни тарк этди, «Сити» ва «Барса» эса охирги турда кучли саккизликка кириб олди; «Қайрат» сўнгги ўринда қолган бўлса-да, биринчи ўриндаги «Арсенал»га иккита гол урди; ўтган мавсум финалчилари «ПСЖ» ва «Интер» ҳам ўтиш ўйинларига қолди. ЕЧЛнинг сўнгги туридаги асосий воқеалар ва турнир жадвалидаги якуний вазият.

«Бенфика» – «Реал» 4:2
Голлар:
Мбаппе, 30 (0:1). Шелдеруп, 36 (1:1). Павлидис, 45+5 – пеналти (2:1). Шелдеруп, 54 (3:1). Мбаппе, 58 (3:2). Трубин, 90+8 (4:2)
«Бенфика»: Трубин, Отаменди, Араужу, Дал, Дедич, Эурснес, Баррейру, Судаков (Барренечеа, 83), Шелдеруп (Силва, 90+3), Престианни (Регу, 87), Павлидис (Иванович, 90+3)
«Реал»: Куртуа, Раул Асенсио, Ҳаусен (Алаба, 79), Каррерас (Диас, 79), Вальверде, Тшуамени (Камавинга, 55), Беллингем, Арда Гулер (Сестеро, 79), Винисиус Жуниор, Мастантуоно (Родригу, 55), Мбаппе
Огоҳлантиришлар: Баррейру, 11. Дал, 85 – Тшуамени, 3. Раул Асенсио, 45. Ҳаусен, 62. Каррерас, 67. Родригу, 90
Четлатишлар: Раул Асенсио, 90 (иккинчи сариқ). Родригу, 90 (иккинчи сариқ)

«Реал»га «Да Луж»да осон бўлмаслиги олдиндан маълум эди. «Бенфика» ўтиш ўйинларига йўлланма олиш учун борини беришга тайёр бўлиб чиққанди ва ўйин дебютидаёқ Куртуа ўз маҳоратини ишга солишига тўғри келди, Престианнининг кучли зарбасидан кейин тўп дарвозабоннинг реакцияси туфайли тўсинга борди. Лиссабонликларни Мбаппенинг гуруҳ босқичидаги 12-голи ҳам тўхтата олмади. Кўп ўтмай мезбонларнинг қарши ҳужуми гол билан якунланди, Павлидиснинг идеал узатмасидан кейин Шелдеруп мувозанатни тиклади.

Шундан кейин Мадридда муаммо кетидан муаммо пайдо бўла бошлади. Аввалига Леандру Баррейру бир метр масофада турган ҳолда тўпни бурчакка йўллай олмай меҳмонларни кечирганди, биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса Павлидис пеналтини аниқ ижро этди - 2:1.

Иккинчи бўлим бошида Асенсионинг хатосидан кейин Шелдеруп дублни нишонлади. Бир неча дақиқа ўтиб Мбаппе ҳам Арда Гулернинг узатмасидан кейин иккинчи голини урди ва ўйинга интрига қайтарди.

Ўйиннинг охирги қисмида эса тарихга кирадиган воқеалар бўлиб ўтди. Аввалига «Бенфика» футболчилари ғалабали ҳисобни сақлаб қолиш учун вақт чўзишга киришди. Аммо мураббийлар штаби кутилмаганда бу ҳисоб етарли эмаслигини англаб қолишди ва шундан кейин мезбонлар шошилганча олдинга ўта бошлашди.

Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Родриго ва Асенсио қизил карточка олиб майдонни тарк этди. 90+8-дақиқада мезбонлар стандарт вазият ижро этиш ҳуқуқини қўлга киритди, Жозе Моуринио эса дарвозабон Трубинга ҳам олдинга боришни буюрди.

«Бенфика» футболчилари жарима майдонида сон жиҳатдан устунликка эришишди ва айнан дарвозабон рақиб дарвозасини ишғол этиб, Лиссабондаги стадионга йиғилган мухлисларни ақлдан оздирди.

Айнан унинг сўнгги дақиқада урган голи португалияликларни 24-ўринга олиб чиқди. Бу ўйинда дуранг ҳисоб ҳам етарли бўлган «Реал» эса тўққизинчи ўринга тушиб кетди ва энди феврал ойи охирида ўтиш босқичи доирасида қўшимча икки ўйин ўтказишга тўғри келади. Эътиборли томони, бу босқичда жамоага яна «Бенфика» рақиб бўлиши мумкин, буни қуръа ҳал қилади (мадридликларга «Бенфика» ёки «Будё-Глимт»дан бири рақиб бўлиши аниқ).

«ПСЖ» – «Нюкасл» 1:1
Голлар:
Витиня, 8 (1:0). Уиллок, 45+2 (1:1)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Дембеле, 4’
«ПСЖ»: Сафонов, Маркиниос, Пачо, Нуну Мендеш, Ҳакими, Витиня, Жоау Невеш (Маюлу, 87), Заир-Эмери (Мбай, 87), Барколя (Рамуш, 70), Кварацхелия (Дуэ, 23), Дембеле
«Нюкасл Юнайтед»: Поуп, Ботман, Берн, Тшау, Тонали, Рэмси, Ҳолл, Майли, Уиллок (Гордон, 68), Эланга (Барнс, 68), Волтемаде (Висса, 79)
Огоҳлантириш: Эланга, 20

Ушбу икки жамоа сўнгги тур арафасида 6-7 ўринларда турганди, лекин ушбу жамоалар сўнгги турда ўзаро ўйнаши туфайли улардан бири кучли саккизликни тарк этиши эҳтимоли юқори эди. Якунда эса ҳар икки жамоа ўтиш ўйинларига қоладиган бўлди.

Ҳолбуки амалдаги чемпионлар илк дақиқаларда ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйиши мумкин эди. Аммо 4-дақиқада Усмон Дембеле пеналтини аниқ ижро этолмади. Яна тўрт дақиқа ўтиб Витиня ҳисобни очди, шундан кейин парижликлар ўйинни назорат қилишди, аммо бу устунликни сақлаб қола олишмади. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Уиллок иккинчи қаватда барчадан устун келиб, мувозанатни тиклади.

Бу гол Луис Энрики жамоаси ҳимоясидаги муаммоларни яққол кўрсатиб берди. Франция гегемони сўнгги олти ўйинда 10 та гол ўтказиб юборди. Бу кўрсаткич янада ёмон бўлиши мумкин эди, иккинчи бўлимда «ПСЖ» «қарғалар»нинг кўплаб ҳужумларини ўтказиб юборди. Уиллок иккинчи бор дарвозани ишғол қилди, аммо бу гол офсайд ҳолати туфайли бекор қилинди. Барнс эса бир ярим метр масофадан туриб бўш дарвозани ишғол эта олмади. Парижликлар эса ҳужумда амалда ҳеч қандай вазият ярата олишмади, дуранг ҳисоб эса икки жамоани ҳам ўтиш ўйинларига юборди.

«Челси»нинг камбэки ва «Барса» учун одатий сценарий

Сўнгги турнинг энг интригага бой ўйинлари 13 тадан очкога эга жамоалар иштирокидаги ўйинлар эди. 1/8 финалга учта ўрин учун саккизта даъвогар бор эди! Табиийки бу ўйинлардаги ҳар бир урилган ёки ўтказиб юборилган гол қиймати олтинга тенг ҳисобланарди.

«Наполи» – «Челси» 2:3
Голлар:
Фернандес, 19 – пеналти (0:1). Вергара, 33 (1:1). Ҳойлунд, 43 (2:1). Жоао Педро, 61 (2:2). Жоао Педро, 82 (2:3)
«Наполи»: Мерет, Буонджорно, Жуан Жезус (Гутеррес, 67), Ди Лоренцо, Мактоминай, Лоботка, Оливера, Спинаццола (Бекема, 82), Элмас (Лукаку, 82), Вергара, Ҳойлунд
«Челси»: Санчес, Жеймс, Фофана, Кукуреля, Гюсто (Чалоба, 59), Сантос (Гиттенс, 59, Бадиашиле, 90), Кайседо, Фернандес, Педру Нету (Палмер, 46), Эстевао (Гарначо, 74), Жоао Педро
Огоҳлантиришлар: Жуан Жезус, 17. Элмас, 75 – Фофана, 88

«Челси»нинг иштиёқи ўтиш ўйинларига илиниш умидида бўлган «Наполи»никидан кўпроқ бўлиб чиқди. Антонио Конте биринчи бўлимни яхши ўтказди ва Энцонинг пеналтидан урган голига танаффусгача икки гол билан жавоб қайтарди. 

Аммо ўйиндаги сўнгги сўзни меҳмонлар айтишди. Иккинчи бўлимда захирадан ўйинга қўшилган Коул Палмер Жоау Педруни иккита голли узатма билан таъминлади. Бу ғалаба эвазига Лиам Росениор шогирдлари олтинчи ўринга чиқди, Италиянинг амалдаги чемпионлари эса турнирни тарк этди.

«Манчестер Сити» – «Галатасарой» 2:0
Голлар:
Ҳоланд, 11 (1:0). Шерки, 29 (2:0)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Аке, Ҳусанов, Аит Нури, Матеус Нунес, О`Райли, Мармуш (Рейндерс, 67), Бернарду Силва, Доку (Фоден, 37), Шерки (Гонсалес, 82), Ҳоланд
«Галатасарой»: Угуржан Чақир, Санчес, Абдулкарим Бардакчи (Эрен Элмали, 68), Якобс, Шоллои, Сара (Икарди, 86), Лемина, Гундўған (Торрейра, 68), Сане (Каан Айхан, 80), Бариш Йилмаз (Юнус Оқкун, 68), Осимҳен
Огоҳлантириш: Лемина, 19

Турклар устидан ғалабага эришган «Манчестер Сити» кучли саккизликни якунлаб берди. Қаторасига беш ўйинни голсиз тарк этган Ҳоланд тезкор гол билан ҳисобни очди: у Докунинг ажойиб узатмасидан кейин дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва тўпни унинг устидан ошириб ташлади. Иккинчи гол ҳам жуда осоннлик билан урилди: рақиб жарима майдонида ҳеч қандай қаршиликка учрамаган Шерки зарба беришдан олдин мўлжал олиш учун етарли вақтга эга бўлди. Параллел ўйинлардаги натижалар (биринчи навбатда «Реал» ютқазиши ҳамда «ПСЖ» ва «Нюкасл» ўзаро дуранг ўйнаши) ҳам жамоага ёрдам бериб юборди.

«Барселона» – «Копенҳаген» 4:1
Голлар: Дадасон, 4 (0:1). Левандовски, 48 (1:1). Ямал, 60 (2:1). Рафиня, 69 - пеналти (3:1). Рэшфорд, 85 (4:1)
«Барселона»: Х. Гарсия, Кубарси, Мартин (Араухо, 72), Балде, Кунде, Олмо (Рэшфорд, 72), Э. Гарсия (Бернал, 46), Фермин Лопес (Касадо, 79), Рафиня, Ямал, Левандовски (Торрес, 81)
«Копенҳаген»: Котарски, Габриэл Перейра, Хатзидиакос, Лопес, Мелинг, Судзуки, Клем (Мадсен, 55), Ашури (Роберт, 65), Ларссон (Мукоко, 65), Ал-Юнусси (Ҳойер, 78), Дадасон (Классон, 55)
Огоҳлантиришлар: Ямал, 38 – Лопес, 27. Судзуки, 39. Мелинг, 87. Габриэл Перейра, 90

Сўнгги тур арафасида кучли саккизликдан ташқарида бўлган яна бир гранд жамоа бўлган «Барселона»га финишда топ-24 дан ташқаридаги «Копенҳаген» рақиб бўлди. Бу ўйинда барчаси олдиндан маълумдек кўринаётганди, аммо кўк-анорранглилар бу мавсумда исталган рақибдан гол ўтказишмоқда. Бу ўйинда эса скандинавлар ҳужумчиси Дадасон 4-дақиқадаёқ қарши ҳужумда қочиб кетиб Гарсия қўриқлаётган дарвозани ишғол этди ва тарихга кирди. Бунгача еврокубок ўйинларида «Камп Ноу»да меҳмон бўлган футболчилардан ҳеч бири у каби ёшлигида (17 ёшу 212 кунлик) гол урмаганди, бундан олдинги рекорд (миланлик Пауло Феррарио) 1959 йил ноябридан буён сақланиб турганди.

Каталонияликлар танаффусга мағлуб ҳолда йўл олишди. Лекин иккинчи бўлимда барчаси ўз ўрнига тушди. Ямалнинг жарима майдонига ёриб кириши Левандовскига голли пас билан якунланди. Кейин эса Ламиннинг ўзи рикошет ёрдамида иккинчи голни урди, унинг навбатдаги узатмаси эса пеналти ишланишига олиб келди. Рафиня 11 метрлик нуқтадан бенуқсон зарба йўллади, ўйинга якуний нуқтани захирадан тушган Рэшфорд қўйди. Ушбу инглиз футболчиси дублга эришиши ҳам мумкин эди, аммо унинг кучли зарбасидан кейин тўп тўсинга борди. Йирик ғалабадан кейин «Барса» топ-8га кириб олди.

Ҳаверц ва Мусиала ҳал қилди

«Арсенал» – «Қайрат» 3:2
Голлар:
Йокереш, 3 (1:0). Жоржинио, 7 - пеналти (1:1). Ҳаверц, 15 (2:1). Мартинелли, 36 (3:1). Рикардинио, 90+3 (3:2)
«Арсенал»: Аррисабалага, Москера, Калафиори (Инкапие, 46), Люис-Скелли, Уайт, Норгар (Ибраҳим, 89), Эзе, Ҳаверц (Эдегор, 46), Мартинелли (Бэйли-Жозеф, 77), Мадуэке, Йокереш (Габриэл Жезус, 77)
«Қайрат»: Анарбеков, Мартинович, Сорокин, Широбоков, Садибеков, Глейзер (Касабулат, 70), Луиш Мата (Кургин, 70), Тапалов (Громико, 59), Жоржинио (Багдат, 79), Мринский, Эдмилсон (Рикардинио, 59)
Огоҳлантиришлар: Калафиори, 6 – Жоржинио, 69

«ПСВ» – «Бавария» 1:2
Голлар:
Мусиала, 58 (0:1). Сайбари, 78 (1:1). Кейн, 84 (1:2)
«ПСВ»: Коварж, Обиспо, Сҳаутен, Мауро Жуниор, Дест, Сайбари, Верман, Ваннер, Перишич (Дриош, 82), Ман (Фернандес, 46), Тил
«Бавария»: Урбиг, Упамекано (Дэйвис, 62), Та, Ито, Бишоф (Боэ, 85), Киммиҳ, Павлович, Мусиала (Гнабри, 62), Диас, Карл (Кейн, 62), Жексон (Олисе, 62)
Огоҳлантиришлар: Перишич, 7. Сҳаутен, 35. Тил, 83. Мауро Жуниор, 86 – Упамекано, 24. Киммих, 83
Четлатиш: Мауро Жуниор, 90 (иккинчи сариқ)

Умумий гуруҳ босқичининг икки етакчи жамоаси сўнгги турда иккинчи таркибларини майдонга ташлади: Артета ўз жамоасининг «МЮ»га қарши ўйиндаги таркиб билан солиштирганда нақ 11 футболчисини алмаштирди. Хусусан, лондонликлар сафида Ҳаверц бир йилдан буён илк бор бошланғич таркибдан ўрин олди ва 45 дақиқа ўйнаганига қарамай (1+1), ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлди. Ўз навбатида, мюнхенликлар сафида Жамол Мусиала узоқ вақт жароҳатдан кейин бошланғич таркибга қайтиб, ПСВ дарвозасини ишғол этди. Якунда икки жамоа ҳам кичик ҳисобдаги ғалабаларга эришди ва мос равишда 1 ва 2-ўринларни сақлаб қолишди.

Енгил сайр

«Ливерпул» – «Қорабоғ» 6:0
Голлар:
Макаллистер, 15 (1:0). Вирц, 21 (2:0). Салоҳ, 50 (3:0). Экитике, 57 (4:0). Макаллистер, 61 (5:0). Киеза, 90 (6:0)
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Гравенберҳ, Робертсон, Фримпонг (Эндо, 4), Макаллистер, Собослаи (Налло, 74), Вирц (Ниони, 67), Гакпо (Киеза, 74), Салоҳ, Экитике (Нгумоҳа, 67)
«Қорабоғ»: Кохалски, Мустафозода, Медина, Жафаргулиев (Болт, 67), Силва, Янкович, Педру Бикалю, Монтиэл (Гурбанли, 85), Зубир (Аддай, 81), Леандру Андраде (Байрамов, 67), Дуран (Охунзода, 67)
Огоҳлантириш: Янкович, 70

«Айнтрахт» – «Тоттенҳэм» 0:2
Голлар:
Коло Муани, 47 (0:1). Соланке, 77 (0:2)
«Айнтрахт» Ф: Сантос, Теат, Коҳ, Аменда, Браун (Шаиби, 72), Бута, Схири (Дауд, 72), Ларссон (Диллс, 83), Ҳойлунд (Доан, 72), Кнауфф, Гётце (Баойя, 83)
«Тоттенҳэм»: Викарио, Дансо, Ромеро, Удожи (Байфилд, 89), Спенс, Палиня, Грэй, Сарр, Симонс, Одобер (Соланке, 73), Коло Муани (Скарлетт, 84)
Огоҳлантиришлар: Викарио, 75. Палиня, 90

Англиянинг бу клуби ҳам сўнгги турда ҳеч қандай муаммога учрамади. «Ливерпул» евромавсум кашфиёти «Қорабоғ»ни йирик ҳисобда тор-мор этди ва «Энфилд»да йиғилган мухлислар учун байрам уюштириб берди. Бу ўйиндаги учта нуқтани алоҳида қайд этиш мумкин. Биринчидан, Вирц мерсисайдликлар футболкасида ЕЧЛдаги дебют голини нишонлади. Иккинчидан, Салоҳ жарима нуқтасидан ажойиб гол урди. Учинчидан, жамоа ҳимоячиси Виржийл ван Дейк учта голга ассистентлик қилди.

«Тоттенҳэм» эса бу мавсумдаги асосий парадокс бўлиб турибди. АПЛда «шпорлар» шунчалик ёмон ўйнаяптики, журналистлар Томас Франкдан қачон истеъфога чиқишини сўрашмоқда. Европа майдонларида эса лондонликлар йўлидан чиққан рақибни енгмоқда, инқироз ҳолатидаги «Айнтрахт» ҳам уларга муаммо туғдира олмади. Биринчи бўлим охирида Коло Муани собиқ жамоасини ранжитди, иккинчи бўлимда эса Соланке ҳимоячилар таъқибидан қочиб кетиб, ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди. Лондон жамоаси тўртинчи ўрин билан нимчорак финалга йўл олди.

Скандинавлар ҳазиллашмаяпти

«Атлетико» – «Будё-Глимт» 1:2
Голлар:
Серлот, 15 (1:0). Севолд, 34 (1:1). Ҳег, 59 (1:2)
«Атлетико»: Облак, Хименес (Руджери, 57), Пубил, Ганцко, Лиоренте, Коке (Молина, 64), Барриос (Ле Норман, 78), Баэна (Алмада, 57), Гонсалес (Кардозо, 64), Серлот, Алварес
«Будё-Глимт»: Хайкин, Бертуфт, Гундерсен (Алеесами, 90), Беркан, Севолд, Берг, Фет (Ҳелмерсен, 83), Эвен (Клюнге, 90), Ҳауге, Бломберг (Эукленн, 74), Ҳег (Мяяття, 83)
Огоҳлантиришлар: Лиоренте, 63. Алмада, 85 – Хайкин, 67. Мяяття, 90

«Будё-Глимт» ўтган турда ўз майдонида «Манчестер Сити»ни мағлуб этиб, шов-шув кўтарганди. Бу турда эса норвегияликлар Мадриддан уч очко билан қайтишди. Ҳолбуки мезбонлар ўйин бошида ҳисобни очганди. Аммо меҳмонлар биринчи бўлимдаёқ чиройли комбинация орқали урилган гол билан жавоб қайтаришди. Иккинчи бўлим бошида эса Кетиля Кнутсен шогирдлари ғалабани илиб кетишди. «Манчестер Сити» дарвозасига дубл қайд этган Ҳег бу сафар ҳам майдонни голсиз тарк этмади. Ўтган мавсумларда «Буде» Конференциялар лигаси чоракфиналида ва Европа Лигаси яримфиналида қатнашганди, энди асосий еврокубокда ҳам муносиб натижа қайд этиш учун курашни давом эттирмоқда.

«Брюгге» – «Марсел» 3:0
Голлар:
Дякон, 4 (1:0). Верман, 11 (2:0). Станкович, 79 (3:0)
«Брюгге»: Миниоле, Ордонес (Спилерс, 72), Меҳеле, Сейс, Саббе (Сике, 85), Онедика, Ванакен, Станкович (Ветлесен, 85), Дякон (Тзолис, 69), Боржеш, Верман (Тресолди, 85)
«Марсел»: Рули, Балерди, Агерд, Мурилио (Обамеянг, 53), Кондогбия (О`Райли, 87), Ҳейберг, Медина, Веа, Траоре (Пайшао, 46), Гринвуд, Гуири (Надир, 87)
Огоҳлантиришлар: Ванакен, 50 – Мурилио, 22. Гуири, 80

Гуруҳ босқичи стартини муваффақиятсиз ўтказган «Брюгге» сўнгги турларда ўзига келди ва ўтиш ўйинларида қатнашадиган бўлди. «Марсел» эса йирик ҳисобда ютқазиб ҳам плей-оффда қолиши мумкин эди, аммо Лиссабондаги ўйиннинг сўнгги дақиқасида урилган фантастик гол французларни топ-24 дан ташқарида қолдирди.

«Атлетик» – «Спортинг» 2:3
Голлар:
Сансет, 3 (1:0). Диоманде, 12 (1:1). Гурусета, 28 (2:1). Тринкау, 62 (2:2). Сантос, 90+4 (2:3)
«Атлетик»: Симон, Паредес, Берчиче, Бойро, Горосабель, Руис де Галаррета (Весга, 66), Рего, Сансет (Беренгер, 50), Наварро (Серрано, 81), Гомес (Санчес, 66), Гурусета (Йерро, 81)
«Спортинг»: Руй Силва, Гонсалу Инасиу (Матеус Рейс, 26), Диоманде (Куарежма, 54), Араухо, Фреснеда, Юльманн, Симоес (Морита, 54), Браганса (Гонсалвеш, 54), Тринкау (Сантос, 87), Катаму, Суарес
Огоҳлантиришлар: Гомес, 35. Гурусета, 44. Паредес, 75. Весга, 82 – Матеус Рейс, 29. Араухо, 39. Симоес, 49. Гонсалвеш, 55. Куарежма, 86

Португал жамоалари сўнгги турда испанлар кушандасига айланди. «Спортинг» ўз ўйинида ғалаба қозониб, кучли саккизликка кириб олишдан ташқари, «Бенфика»га ҳам ёрдам бериб юборди. Агар «Атлетик» ғалабали ҳисобни ушлаб қолганида, «Бенфика» ўрнига ўтиш ўйинларига йўл олган бўларди. Аммо «Спортинг» сафардаги ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ғалаба голини уриб кетди ва «Сан-Мамес»ни мотам ичида қолдирди.

«Монако» – «Ювентус» 0:0
«Монако»: Кен, Тезе, Керер, Кайю Энрике, Вандерсон, Закариё, Камара, Кулибали (Бамба, 78), Головин (Уттара, 89), Аклиуш, Балогун
«Ювентус»: Перин, Бремер, Келли, Кабал (Камбиясо, 75), Калюлю, Копмейнерс (Жегрова, 73), Тюрам (Дэвид, 83), Миретти (Кенан Йилдиз, 46), Маккенни, Консейсау (Аджич, 46), Опенда
Огоҳлантиришлар: Керер, 63. Камара, 71 - Кенан Йилдиз, 77. Аджич, 85

«Ювентус» ўз одатига кўра нолсиз дуранг қайд этди. Бу ўйиндаги ғалаба ҳам туринликларни кучли саккизликка олиб кира олмасди. Бу дуранг кўпроқ монегаскликлар фойдасига хизмат қилди ва жамоа плей-оффда курашни давом эттирадиган бўлди. Агар жамоа ютқазганида, тўплар нисбати туфайли Франциянинг бошқа бир жамоаси «Марсел»ни, шунингдек «Пафос»ни олдинга ўтказиб юборган бўларди.

Турнир жадвалидаги якуний вазият:

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев

Мавзуга оид