Жаҳон | 12:50
8392
6 дақиқада ўқилади

«Вақт тугаб бормоқда». Трамп Эронга янги зарбалар билан таҳдид қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп агар Теҳрон ядровий келишув тузишга рози бўлмайдиган бўлса, Эрон бўйлаб зарбалар йўллаш билан таҳдид қилди. Эрон ҳукумати музокаралар учун очиқлигини билдирмоқда, шу билан бирга, эҳтимолий тажовузга жавоб қайтаришга ҳам тайёр.

Фото: EPA

АҚШ президенти Доналд Трамп Эронни ядровий дастур келишуви бўйича музокаралар учун «вақт тугаб бораётгани» ҳақида огоҳлантирди. Баёнот Форс кўрфазида АҚШ қуролли кучларининг тўхтовсиз кўпайиб бораётгани замирида янгради.

Оқ уй раҳбари ижтимоий тармоқдаги хабарида «улкан армада тез, катта куч, ғайрат ва қатъият билан» Эрон томон ҳаракатланаётганини айтди.

«Умид қиламанки, Эрон тезда „столга ўтиради“ ҳамда адолатли ва тенг ҳуқуқли битим тузишга рози бўлади – ҲЕЧ ҚАНДАЙ ЯДРО ҚУРОЛИСИЗ – бу барча томонлар учун яхши бўлади. Вақт тугаб бормоқда», – дея ёзган Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.

АҚШ президенти Форс кўрфазидаги ҳарбий-денгиз кучлари Америка қўшинлари Николас Мадурони қўлга олишдан олдин Венесуэлага юборилганидан кўпроқлигини таъкидлаган: «Бу Венесуэлага юборилганига қараганда анча каттароқ бўлган „Авраам Линколн“ авиаташувчиси бошчилигидаги улкан флотдир».

Трампнинг қўшимча қилишича, бу кучлар «ўз миссиясини тезда, керак бўлса, куч билан бажаришга тайёр, буни хоҳлайди ва бунга қодир».

Чиндан ҳам Форс кўрфазига, Эрон соҳиллари яқинига Америка авиаташувчи гуруҳи етиб келган. Трампнинг таҳдидлари ҳаётга кўчадими ёки йўқми, буниси ҳозирча номаълум, аммо ҳарбий шарҳловчилар фикрича, зарба бериш учун зарур бўлган кучлар тўпланган.

АҚШ 2025 йил июнида, Эрон ва Исроил ўртасидаги 12 кунлик уруш чоғида Эроннинг ядровий объектлари бўйлаб зарбалар йўллаганди. Трамп ўшанда Эрон ядровий дастури яксон этилганини маълум қилганди.

Эронда декабр ойи охири ва январ ойининг биринчи ярмида ҳукуматга қарши йирик намойишлар бўлиб ўтди. Трамп намойишлар шафқатсизларча бостирилишига жавобан ҳарбий аралашув билан таҳдид қилганди, аммо кейин бу фикридан қайтди. Ҳозир у намойишларни тилга олмаяпти, лекин у ҳафта олдин у эронликларни оммавий норозилик акцияларини давом эттиришга чақириб, «ёрдам аллақачон йўлдалиги»га ишонтирганди.

Унинг сўзларига кўра, келишувга рози бўлмаса, Эронга йўлланадиган янги зарбалар ўтган йил ёзида ядровий объектлар бўйлаб берилган зарбаларга қараганда «анча ёмонроқ» бўлади.

Бу Трампнинг Эронга қаратилган илк таҳдидлари эмас ва ОАВнинг ёзишича, Эрон бўйлаб зарбаларнинг турли вариантлари ўрганиб чиқилмоқда, лекин якуний қарор қабул қилинмаган.

CNN ва Reuters маълумотига кўра, кўриб чиқилаётган вариантлар орасида ислом республикаси раҳбарияти ва намойишчиларнинг ўлдирилиши учун жавобгар деб тахмин қилинаётган хавфсизлик кучлари ходимларига зарбалар, шунингдек, ядровий объектлар ва ҳукумат муассасаларига зарбалар бор.

«Авраам Линколн» авиаташувчиси (архив фото)

ОАВ ўз манбаларига таяниб ёзишича, Яқин Шарқ минтақасига авиаташувчи зарбдор гуруҳи етиб келгани туфайли Трамп Эронга зарба бериш учун ҳозирда аввалгига қараганда имконият кўпроқ деб ҳисобламоқда.

Эрондагилар эса америкаликларнинг эҳтимолий зарбасига жавоб қайтаришини айтмоқда. Эрон олий раҳнамоси маслаҳатчиси Али Шамхоний бундай жавоб биринчи навбатда АҚШ ва Исроилга, бундан ташқари, ушбу тажовузга ёрдам берадиган бошқаларга қарши қаратилади.

Аввалроқ, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ҳарбий таҳдид орқали дипломатия юритиш самарали ёки фойдали бўлиши мумкин эмаслигини айтганди. «Агар улар музокаралар аниқ шаклга эга бўлишини истаса, улар, албатта таҳдидлар, ортиқча талаблар ва мантиқсиз саволларни кўтаришдан воз кечиши керак», – деган вазир.

2015 йилги ядровий келишув

Эрон ядровий келишуви – Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси (JCPOA) бўлиб, 2015 йилда Эрон ва P5+1 мамлакатлари гуруҳи (АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция ва Германия) томонидан Европа Иттифоқи воситачилигида имзоланган. Битимнинг мақсади – халқаро санкцияларни бекор қилиш эвазига Эрон ядровий дастурининг фақат тинчлик характерини кафолатлаш.

2018 йилда Доналд Трамп маъмурияти даврида АҚШ келишувдан бир томонлама чиққан ва бу келишув Эроннинг ракета дастури ҳамда унинг минтақадаги таъсирини ҳисобга олмаслигини маълум қилганди. Шундан сўнг, Вашингтон Эронга қарши қатъий иқтисодий санкцияларни қайта тиклаган. Эрон ҳам 2019 йилда келишувни тарк этган.

Келишувдан чиққанидан кейин Эрон ядровий дастурини сезиларли даражада кенгайтирди, бу эса халқаро ҳамжамиятни хавотирга солди. Мамлакат Халқаро атом энергетикаси агентлиги инспекторларини чиқариб юборган ва тахминан 10 та ядровий каллак яратиш учун етарли бўлган 440 килограммдан ортиқ юқори бойитилган ураннинг келиб чиқишини тушунтиришдан бош тортган.

Эрон ўзининг ядровий дастури фақат тинчлик мақсадида эканини таъкидлаб келади ва ядровий қурол ишлаб чиқиш нияти борлигини кўп марта рад этган.

Расмий равишда JCPOA ҳамон мавжуд, аммо амалда келишув тўлиқ ҳажмда ишламайди. Уни қайта тиклаш бўйича музокаралар ўзгарувчан муваффақият билан олиб борилмоқда ва Эрон ядровий дастури мавзуси мунтазам равишда халқаро кун тартибига қайтмоқда.

2025 йил ёзида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари иттифоқчилар билан биргаликда Эрон ядровий дастурининг учта асосий объекти – Натанз, Фордо ва Исфаҳондаги объектларга йирик зарбалар берди. Бунга жавобан Эрон Қўшма Штатларнинг Қатардаги ҳарбий базасига баллистик ракеталар билан зарба йўллади. Кейинчалик вазият барқарорлашиб, куч ишлатиш тўхтатилди. Аммо вазият мураккаблигича қолмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид