АҚШ президенти Доналд Трамп Эронни ядровий дастур келишуви бўйича музокаралар учун «вақт тугаб бораётгани» ҳақида огоҳлантирди. Баёнот Форс кўрфазида АҚШ қуролли кучларининг тўхтовсиз кўпайиб бораётгани замирида янгради.
Оқ уй раҳбари ижтимоий тармоқдаги хабарида «улкан армада тез, катта куч, ғайрат ва қатъият билан» Эрон томон ҳаракатланаётганини айтди.
«Умид қиламанки, Эрон тезда „столга ўтиради“ ҳамда адолатли ва тенг ҳуқуқли битим тузишга рози бўлади – ҲЕЧ ҚАНДАЙ ЯДРО ҚУРОЛИСИЗ – бу барча томонлар учун яхши бўлади. Вақт тугаб бормоқда», – дея ёзган Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.
АҚШ президенти Форс кўрфазидаги ҳарбий-денгиз кучлари Америка қўшинлари Николас Мадурони қўлга олишдан олдин Венесуэлага юборилганидан кўпроқлигини таъкидлаган: «Бу Венесуэлага юборилганига қараганда анча каттароқ бўлган „Авраам Линколн“ авиаташувчиси бошчилигидаги улкан флотдир».
Трампнинг қўшимча қилишича, бу кучлар «ўз миссиясини тезда, керак бўлса, куч билан бажаришга тайёр, буни хоҳлайди ва бунга қодир».
Чиндан ҳам Форс кўрфазига, Эрон соҳиллари яқинига Америка авиаташувчи гуруҳи етиб келган. Трампнинг таҳдидлари ҳаётга кўчадими ёки йўқми, буниси ҳозирча номаълум, аммо ҳарбий шарҳловчилар фикрича, зарба бериш учун зарур бўлган кучлар тўпланган.
АҚШ 2025 йил июнида, Эрон ва Исроил ўртасидаги 12 кунлик уруш чоғида Эроннинг ядровий объектлари бўйлаб зарбалар йўллаганди. Трамп ўшанда Эрон ядровий дастури яксон этилганини маълум қилганди.
Эронда декабр ойи охири ва январ ойининг биринчи ярмида ҳукуматга қарши йирик намойишлар бўлиб ўтди. Трамп намойишлар шафқатсизларча бостирилишига жавобан ҳарбий аралашув билан таҳдид қилганди, аммо кейин бу фикридан қайтди. Ҳозир у намойишларни тилга олмаяпти, лекин у ҳафта олдин у эронликларни оммавий норозилик акцияларини давом эттиришга чақириб, «ёрдам аллақачон йўлдалиги»га ишонтирганди.
Унинг сўзларига кўра, келишувга рози бўлмаса, Эронга йўлланадиган янги зарбалар ўтган йил ёзида ядровий объектлар бўйлаб берилган зарбаларга қараганда «анча ёмонроқ» бўлади.
Бу Трампнинг Эронга қаратилган илк таҳдидлари эмас ва ОАВнинг ёзишича, Эрон бўйлаб зарбаларнинг турли вариантлари ўрганиб чиқилмоқда, лекин якуний қарор қабул қилинмаган.
CNN ва Reuters маълумотига кўра, кўриб чиқилаётган вариантлар орасида ислом республикаси раҳбарияти ва намойишчиларнинг ўлдирилиши учун жавобгар деб тахмин қилинаётган хавфсизлик кучлари ходимларига зарбалар, шунингдек, ядровий объектлар ва ҳукумат муассасаларига зарбалар бор.









