Жаҳон | 09:40 / 31.01.2026
1792
3 дақиқада ўқилади

Федерал захира тизими раҳбарлигига номзод: Трамп ўз маслаҳатчисини танлади

Федерал захира тизими бошқарувчилар кенгашининг собиқ аъзоси Кевин Уорш АҚШ Сенати тасдиқлаганидан кейин ФЗТнинг янги раиси бўлади. Илгари у Доналд Трампга иқтисодий сиёсат масалаларида маслаҳат берган.

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп май ойида амалдаги ФЗТ раиси Жером Пауэллнинг ваколат муддати тугагандан сўнг мамлакат Федерал захира тизими (ФЗТ) раҳбарлигига Кевин Уорш номзодини илгари сурди. Трамп жума куни, 30 январда Truth Social ижтимоий тармоғида шундай деб ёзди: “Мен Кевинни анчадан бери биламан ва у тарихга ФЗТнинг буюк раисларидан бири, эҳтимол ҳатто энг яхшиси сифатида киришига шубҳам йўқ. Бундан ташқари, у шунчаки идеал номзод”. Уорш номзодини АҚШ Сенати тасдиқлаши керак.

Кевин Уорш 2006 йилдан 2011 йилгача ФЗТ бошқарувчилар кенгаши аъзоси бўлган. Тайинланган пайтида у 35 ёшда бўлиб, кенгаш тарихидаги энг ёш аъзога айланган. Уорш илгари Morgan Stanley’да банкир бўлиб ишлаган, асосан компанияларни қўшиб юбориш ва сотиб олиш йўналишига ихтисослашган, шу жумладан Трампга иқтисодий сиёсат масалаларида маслаҳат берган. Bloomberg агентлиги аввалроқ хабар қилганидек, Оқ уй айнан уни асосий номзод сифатида кўриб чиққан.

АҚШ президенти амалдаги ФЗТ раҳбари Жером Пауэллни асосий ставкани сезиларли даражада пасайтиришдан бош тортгани учун танқид қилиб келган, январ ойида эса уни “аҳмоқ” деб атаб, лавозимидан маҳрум бўлишини айтган. Уорш ҳам ФЗТни тез-тез танқид қилиб туради. Трамп Пауэллни биринчи президентлик муддати даврида ФЗТ раиси этиб тайинлаган. Пауэллнинг ФЗТ раиси сифатидаги ваколат муддати 2026 йил майда тугаса ҳам, у бошқарувчилар кенгаши таркибида 2028 йил январгача қолади.

11 январ куни Жером Пауэлл америкалик прокурорлар унинг қонун чиқарувчиларга берган баёнотларини текширишни бошлаганини ва жиноий модда бўйича айблов қўйилиши мумкинлигини билдирган. Пауэллга кўра, бу ҳаракатлар Доналд Трамп томонидан пул-кредит сиёсати соҳасида қабул қилган қарорлари учун унга босим ўтказиш кампаниясининг бир қисми ҳисобланади.

Трампнинг ўзи эса Адлия вазирлиги томонидан ФЗТга нисбатан олиб борилаётган текширув ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтган.

Текширув икки партия сенаторлари томонидан кескин танқид қилинди. Республикачи сенатор Том Тиллис Адлия вазирлигининг мустақиллиги ва унга бўлган ишонч шубҳа остида қолганини билдирди. У, шунингдек, тергов якунланмагунча ФЗТ раҳбариятига таклиф этиладиган ҳар қандай номзодни, жумладан келгуси раис номзодини ҳам тасдиқлашга қарши чиқишини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид